Урганч шаҳрида Ҳукумат раҳбарлари даражасидаги Ўзбекистон – Россия қўшма комиссиясининг биринчи мажлиси ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг янги шакли сифатида қайд этилаётган ушбу тадбирда ҳукуматлар аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар, етакчи иқтисодий тузилмалар раҳбарлари иштирок этмоқда.
Мажлис ҳукумат раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви билан бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси Дмитрий Медведев Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари, дўстлик руҳидаги кўп қиррали амалий ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.
Икки давлат Президентларининг мунтазамлик касб этган учрашув ва мулоқотлар мамлакатларимиз вазирлик ва идоралари, ҳудудлари ўртасида шериклик муносабатларини амалий мазмун билан бойитаётгани таъкидланди. Турли даражадаги делегациялар алмашувлари ва ҳудудлараро ҳамкорлик фаоллашгани савдо-иқтисодий, сармоявий, илмий-техник ва маданий-гуманитар алоқаларни юқори даражада давом эттириш учун қулай замин яратмоқда.
– Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ўзаро манфаатли ва дўстона муносабатлар ҳудудлараро ҳамкорлик кенгаяётганида ўз ифодасини топмоқда. Ўтган йили илк бор Ўзбекистон – Россия ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ташкил этилди. Унинг доирасида ҳудудлар раҳбарлари ва тадбиркорлар ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини белгилаб олди. Бугунги учрашув ушбу ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш имконини беришига ишонаман, – деди Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов.
Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси Дмитрий Медведев Ўзбекистонга келиш таклифи учун миннатдорлик билдириб, ҳудудлараро ҳамкорлик мамлакатларимизнинг ўзаро муносабатларини янги йўналишлар ҳисобига кенгайтиришга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. Бугунги кунда икки давлатнинг 80 га яқин ҳудуди ўртасида фаол шериклик ўрнатилгани қайд этилди.
Мажлисда икки томонлама ҳамкорлик, жумладан, савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилиняпти.
Улуғбек ШОНАЗАРОВ, ЎзА