Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида Марказий Осиёда қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланиши масалаларига бағишланган симпозиум ўз ишини бошлади.
Германиянинг Гисен университети билан ҳамкорликда ташкиллаштирилган анжуманда Жанубий Кореянинг Кангвон Миллий университети, Тошкентдаги халқаро ташкилотлар, мамлакатимиз олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари иштирок этмоқда.
«Марказий Осиёда қишлоқ хўжалиги барқарор ривожланиши» дастури бўйича қилинган маърузалар, жумладан, Германиянинг Гисен университети профессори Мартин Петрикнинг “Иқтисодий-ижтимоий фанларнинг қишлоқ хўжалиги ривожидаги ўрни” ҳамда Корея Республикасининг Кангвон Миллий университети профессори Кианг Рианг Кимнинг “Марказий Осиёдаги суғориладиган қишлоқ хўжалиги экинларини диверсификациялаш: ислоҳотлар ва унинг ижтимоий оқибатлари” мавзуидаги маърузалари иштирокчиларда катта таъассурот қолдирди.
SUSADICA дастурининг мақсади Марказий Осиёда қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланиши билан боғлиқ масалаларга қаратилган иқтисодий, ижтимоий ҳамда экологик барқарорликни ифодаловчи 5 йўналишда илмий-тадқиқотлар олиб боришдан иборат.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида ҳам ушбу мақсадларни амалга ошириш юзасидан тадқиқотчиларга қулай илмий муҳит яратилган. Мазкур структуравий докторантура дастури давомида мунтазам равишда университетда PhD тадқиқот тренинглари, турли нуфузли олимлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари маърузалари, семинар ва конференциялар, турли тақдимотлар ўтказилади.
Бу эса келгусида SUSADICA структуравий докторантура дастури давомида Марказий Осиёда қишлоқ хўжалиги барқарор ривожланишининг асосий йўналишлари бўйича илғор методологик илмий-тадқиқот ишлари яратилишига хизмат қилади. Марказий Осиё ва Европа олимлари ҳамда талабаларини бирлаштирувчи платформа яратиш орқали қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий соҳалар олимлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиради. Таъкидланганидек, ушбу тажриба бошқа университетлар ва йўналишларга юқори даражадаги таълим стандарти, халқаро ҳамкорлик ва академик натижалари билан яхлит модель сифатида намуна бўлади.
Яна бир маълумот: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Академик инновацион фонди(АИФ)гранти асосида институтда “Аграр инновациялар ва ресурслардан фойдаланиш бўйича предметлараро иқтисодий лаборатория” лойиҳаси иш бошламоқда. Ушбу экспериментал лаборатория иқтисодий ва техник – муҳандислик фанларини бир-бирига боғлаган ҳолда фаолият юритади. Ўқув дастурларини такомилаштиришда лойиҳа иштирокчилари учун Германия ҳамда Тошкентда турли мавзуларда, жумладан, танқидий ёндашув, академик ёзиш, тақдимот санъати бўйича семинар-тренинглар ташкил этилади.
Бугунги анжуман ҳам қишлоқ хўжалигининг инновацион, барқарор ривожланиш хусусиятларини ўрганишга, Ўзбекистонда келгусида фан ютуқларининг ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.
Моҳигул ҚОСИМОВА, ЎзА