Термиз шаҳрида 6 апрель куни Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Жаҳон тамаддуни бешикларидан бири бўлган қадимий Термиз миллий руҳда байрамона безатилган. Нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунёда илк марта ўтказилаётган Халқаро бахшичилик санъати фестивалига пухта ҳозирлик кўрилгани Ўзбекистоннинг жанубдаги гавҳари бўлган қадимий ва навқирон ушбу шаҳарга ўзгача шукуҳ ва тароват бағишлаган.
Сўлим боғ-роғлар, хиёбонлар, кўча ва майдонларда қадимда шаклланиб, асрлар давомида сайқал топган миллий қадрият ва урф-одатларимиз, бахшиларимиз сиймолари акс этган паннолар ўрнатилган. Жаҳоннинг турли минтақаларидан келган меҳмонлар юзидаги қувонч ва самимий муносабат Сурхондарё воҳасида миллий ўзлигимизни кенг намоён этадиган, дунё халқларини қадим қадриятларни улуғлашга чорлайдиган, ягона мақсад, ягона маслак сари бирлаштирадиган улуғ байрам бошланаётганидан дарак беради.
Асрлар давомида ҳаётнинг турли синовларидан ўтган бу қадимий юртнинг юксалиш йўлларига гувоҳ бўлиб келаётган Амударё бўйига оқшом чўкади. Муҳташам Санъат саройи ҳудудидаги 32 гектарлик майдонда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларнинг ўтмишдаги турмуш тарзи ҳамда бугунги обод ва фаровон ҳаёти ўз ифодасини топган этнографик шаҳарча барпо этилган.
Шаҳарчадаги мўъжаз саҳналарда театрлаштирилган томошалар, фольклор-этнографик жамоаларининг чиқишлари намойиш этилмоқда. Хорижлик сайёҳлар ҳунармандлар кўргазма-ярмаркаларида қадимий сўзана ва либослар, гиламлар, миллий чолғулар, сопол буюмлар намуналари билан танишиш, юртимизнинг туризм салоҳиятига бағишланган меҳмон уйларида оилавий маросимларни кўриш имконига эга бўлади.
Президентимизнинг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарори ва ушбу санъат анжуманини Термиз шаҳрида ўтказиш борасидаги ташаббусидан кейин вилоят марказида қисқа фурсатда улкан ишлар амалга оширилди. Жумладан, 80 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига Термиз аэропортининг янги биноси қурилди. Термиз темир йўл вокзали тубдан таъмирланиб, меҳмонлар учун янада қулай шарт-шароит яратилди.
Икки йилда бир марта ташкил этиладиган фестивалнинг асосий тадбирлари ўтадиган Санъат саройи ҳудудида замонавий йиғма саҳна барпо этилиб, кенг майдонга халқимизнинг улуғ маънавий обидаси – “Алпомиш” достони шарафига муаззам ҳайкал ўрнатилди.
Соат 18.40. Термиз, муҳташам Санъат саройи майдони.
Маҳобатли амфитеатр теграсида иштирокчи давлатлар байроқлари ҳилпирайди. Саҳна ортида ўзига хос декорацияда қад кўтарган Кўҳитанг тоғлари бизни хаёлан Алпомиш замонига етаклайди.
Анжуман иштирокчилари ва томошабинлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни қарсаклар билан кутиб олади.
Сўз Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга берилди.
Давлатимиз раҳбари фольклор санъати, таъбир жоиз бўлса, инсониятнинг буюк ва бебаҳо бойлиги эканини, мана шундай ноёб санъат айни пайтда шунчаки маданий ёдгорлик намунасига айланиб, кўп жойларда унутилиб кетаётгани, уни ҳимоя қилиш бугунги авлодлар учун ҳам фарз, ҳам қарз эканини таъкидлади.
Саҳнада сибизға овози янграйди. Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг очилишига бағишланган театрлаштирилган концерт дастури бошланади.
Концерт дастури изчил ривожланиб борадиган композиция, учта асосий бўғиндан иборат ўзига хос яхлит достон асосига қурилган. Ранг-баранг бахшичилик санъати, мумтоз мақомлар ва замонавий оҳанглар уйғунлашган наволар, халқ достонларидан парчалар, нафис термалар янграйди. “Алпомиш” достони воқеалари гавдалантирилган театрлаштирилган томошалар намойиш этилади.
– Президентимиз ғояси асосида Алпомиш ва Барчинойлар юртида ўтказилаётган халқаро фестиваль ўтмишда ҳам маданияти, санъати ва илм-фани юксак даражада ривож топган Ўзбекистонни жаҳонга танитишда янги саҳифа очиб бераётгани биз, бахшиларга ўзгача руҳ ва илҳом бағишлади, – дейди Ўзбекистон халқ бахшиси Абдуназар Поёнов. – Минг йиллардан буён яшаб келаётган ноёб санъатимизни ҳозирги глобаллашув даврида ўз ҳолича асраб, келгуси авлодларга безавол етказишга алоҳида эътибор қаратаётган давлатимиздан беҳад миннатдормиз. Биласизми, бахшичиликнинг энг шарафли ва масъулиятли жиҳати шундаки, бир достонни бошидан охиригача куйлаш учун унинг ҳажмига қараб, бир кундан беш кунгача вақт керак бўлади. Мен ўзим севиб куйлайдиган “Алпомиш” достонини уч кечаю кундузда мукаммал айтиб бера оламан. Бу фестивалда биз дунёнинг турли давлатларидан келган ана шундай чечан жиров, оқин, манасчи, тўлчи, узан ва бошқа бахшилар билан баҳслашамиз.
Фольклоршунослар фикрича, мамлакатимизда қадимдан уч йўналишда достончилик мактаби ривожланган. Булунғур, Нарпай, Нурота, Қўрғон, Шаҳрисабз, Қамай, Шеробод мактаблари биринчи йўналишга, Хоразм достончилик мактаби иккинчи йўналишга мансубдир. Учинчи йўналиш Фарғона водийсида кенг тарқалган. Бу санъатнинг ўзига хос жиҳати шундаки, биринчи йўналишда бахшилар достонларни дўмбира жўрлигида бўғиз овозда, Хоразм ва Фарғона йўналишларида тор, дутор ва бошқа мусиқа асбоблари билан очиқ овозда куйлаб келган.
Нафис миллий маънавий бойлигимизни чуқур тарғиб қилаётган бахши-шоирлар хизматини муносиб рағбатлантириш мақсадида “Ўзбекистон халқ бахшиси” унвони таъсис этилди. Ўтган йилларда мамлакатимизда 28 бахши-шоир “Ўзбекистон халқ бахшиси” унвони билан тақдирланди. Уларнинг тўққиз нафари сурхондарёлик экани, бир нафар ёш бахши “Ниҳол” мукофоти совриндори бўлгани ҳам соҳа фидойиларига қаратилаётган эътиборнинг ёрқин намунасидир.
– Қорақалпоғистонда жировчилик ва бахшичилик икки йўналишда ривожланган, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси халқ жирови Бахберген Сиримбетов. – Жировлар қаҳрамонлик, ботирликни авж пардаларда куйласа, бахшиларимиз ишқ-муҳаббат ҳақида достонлар айтган. Иккала мактабда ҳам жаҳон эпик меросининг ноёб хазинасини бойитган нафис достонлар яратилган. Бугунги кунда ҳар икки йўналиш бўйича бахши-жировларимиз «устоз-шогирд» анъаналарини давом эттирмоқда. Мазкур фестиваль қорақалпоқ бахши-жировлари оҳангларини дунёга баралла таратишда катта имконият яратмоқда.
Кейинги йилларда бахшичилик санъатини янги босқичда ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ўз самарасини бермоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ўтган йили Термиз шаҳрида ташкил этилган Бахшилар мактаби ва туманлардаги мусиқа ва санъат мактаблари ҳузурида фаолият юритаётган бахшилар синфларида 100 дан ортиқ истеъдодли ёш таҳсил олаётгани бунга яққол мисолдир. Мазкур таълим муассасаларида ўқиётган ёшларнинг вилоятда ўтказилаётган кўрик-танлов ва фестивалларда фаол иштирок этиб, ўз истеъдодини намоён этаётгани кекса авлод вакилларида фахр-ифтихор туйғусини юксалтирмоқда. Халқ оғзаки ижодига ёш авлоднинг бундай интилиши хорижлик меҳмонларда ҳам катта қизиқиш уйғотаётгани бежиз эмас.
– Мен дунёнинг турли давлатларига бориб, турк бахшичилиги намуналарини ижро этаман. Ўзбекистонга биринчи келишим. Дунёнинг ҳали бирор мамлакатида бахшиларга бу қадар катта эътибор қаратилганини кўрмаганман, – дейди туркиялик бахши (озан) Зеки Эрдали. – Термиз Бахшилар мактаби ҳақида эшитдим. У ерда ўқувчиларга халқ бахшилари дарс берар экан. Бу ҳавас қилишга арзийди. Юртингизда бахшичиликни келгуси авлодларга етказиш йўлида қўйилган пойдевор бошқа халқлар учун намуна бўлиб хизмат қилади.
Термиз шаҳрида илк марта ўтказилаётган Халқаро бахшичилик санъати фестивали 74 давлатдан 160 дан зиёд иштирокчини Алпомиш юртига чорлагани бежиз эмас. Фестивалда ЮНЕСКО, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича тузилмаси – ISESCO каби нуфузли халқаро ташкилотлар, шунингдек, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон каби давлатлардан фахрий меҳмонлар иштирок этаётгани унинг юксак мақоми ва нуфузидан далолатдир.
Фестиваль доирасида Термиз шаҳрида хорижий ва маҳаллий олимлар иштирокида “Бахшичилик санъатининг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни” мавзуида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Унда АҚШ, Германия, Франция, Россия, Хитой, Япония, Корея ва Туркия каби мамлакатлардан келган олимлар ўз маърузалари билан иштирок этди.
Меҳмонлар тадбир кунлари қадимий воҳанинг ноёб археологик ёдгорликлари, диққатга сазовор жойлари билан яқиндан танишади. Дунёга машҳур Ҳаким ат-Термизий, Султон Саодат, Исо Термизий мажмуалари, Фаёзтепа, Кампиртепа сингари муқаддас қадамжоларни зиёрат қилади. Жойларда сайиллар, халқ оғзаки ижодига бағишланган саҳналаштирилган дастурлар намойиш этилади.
Халқаро фестиваль доирасида бўлиб ўтадиган кўрик-танловда 9 ёшдан 90 ёшгача бўлган бахши-ижодкорлар иштирок этади. Қатнашчилар ижро этадиган достонлардан парчалар, куй, нағма ва термалар халқаро ҳакамлар ҳайъати томонидан халқ оғзаки ижодининг асл миллий хусусиятлари, бадиий-эстетик жиҳатлари, ижрочилик маҳорати, саҳна маданияти ва бошқа мезонлар бўйича баҳолаб борилади. Ғолиб ва совриндорлар махсус диплом, ҳайкалча ва пул мукофотлари билан тақдирланади.
…Саҳнада мумтоз куй-қўшиқлар янграйди. Дўмбира, чанқовуз, қўбиз, қил каби созлар жўрлигида достонлар ижро этилади. Бахши-жировларнинг ширали овози тадбир иштирокчиларига ўзгача завқ улашади.
10 апрелга қадар давом этадиган санъат анжумани бахшичилик ва достончилик санъатининг қадимий намуналарини асраб-авайлаш ва келажак авлодга безавол етказишга хизмат қилади. Мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини янада юксалтириб, гўзал, сержило ва тарихий-меъморий обидаларга бой юртимиз қиёфасини жаҳонга кенг намоён этишда муҳим омил бўлади. Ёшлар қалбида бебаҳо меросимизга ҳурматни кучайтириш, халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш, ижодий ҳамкорлик, маданий-маънавий муносабатлар доирасини халқаро миқёсда кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Давлатимиз раҳбари ушбу нуфузли анжуман арафасида қуриб битказилган Термиз халқаро аэропортининг янги терминалини кўздан кечирди.
Кенг ва баланд қилиб қурилган, замонавий техникалар билан жиҳозланган ушбу терминал соатига 400 йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга. Божхона назорати, авиация хавфсизлиги ва багаж олиш жойларида тезкорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Кутиш заллари, CIP зоналар, она ва бола хоналари, намозхона, тиббий пункт ва бошқа бўлимларда йўловчиларнинг барча эҳтиёжлари инобатга олинган. Duty Free дўконлари, бепул Wi-Fi хизмати, чет эллик туристлар учун виза олиш сектори ташкил этилган.
Президентимиз терминалда яратилган шароитларни маъқуллаб, энди бундан самарали фойдаланиш, халқаро рейслар ва чет эллик сайёҳлар оқимини кўпайтириш, хизмат кўрсатиш сифатига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Янги учиш-қўниш йўлаги барпо этиш лойиҳаси бўйича кўрсатмалар берди.
Президентимиз Сурхондарё вилоятига ташрифи доирасида Султон Саодат мажмуасини зиёрат қилди. Ўтганлар руҳига Қуръон тиловат қилинди.
Сурхондарё бой маданият ва маърифат ўчоғи сифатида танилган. Воҳада кўплаб азиз-авлиёлар, уламо ва фузалолар мангу қўним топган Термиз шаҳрининг шимоли-шарқий қисмида Султон Саодат (Саййидлар султони) номи билан машҳур меъморий ёдгорлик мажмуаси мавжуд. Xl-XVII асрларда қад ростлаган мажмуа 20 га яқин мақбарадан иборат. Пештоқ ва гумбазли чорсу хонали салобатли иморатлар ўз даврида юксак дид билан безатилган.
Манбаларда қайд этилишича, сўлим ва сокин бу гўшада пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг қизлари Фотима онамизнинг бешинчи авлод набираси Ҳасан ал-Амир мангу қўним топган. Бу улуғ зот Термиз саййидларининг султони бўлган.
Мутахассислар фикрича, Ҳасан ал-Амир ўз яқинлари билан Самарқандга кўчиб келган. Бу ерда ўн бир йил яшаб, Балхга кўчади. Тахминан 865 йилда Термизга келиб, яшаб қолган. Вафот этгач, шу ерда дафн этилган. Асрлар давомида ушбу мўътабар зотнинг авлодлари учун ҳам бу ерда маҳобатли мақбаралар қурилган. Эндиликда меъморий обида мамлакатимиз ва хорижлик сайёҳлар кўп келадиган масканлардан бирига айланган. Улар пайғамбаримиз авлодларининг хокини зиёрат қилиб, руҳан қувват олади. Аждодларимиз томонидан турли асрларда яратилган бўртма равоқлар, сержило нақш ва тўлқинли ганч безаклари асосида юксак дид билан ишланган нафис меъморлик санъатидан баҳраманд бўлади.
Тарихнинг гувоҳлик беришича, IХ асрда юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшган Термиз саййидлари хонадони шаклланган. Марказий Осиё саййидларининг кўпчилиги ўз келиб чиқиш тарихини шу хонадон билан боғлаши бежиз эмас. Китобларда давлатлар бошқарувида, жумладан, Соҳибқирон Амир Темур салтанати ривожида Термиз саййидларининг алоҳида хизмати борлиги таъкидланган. Соҳибқирон Ҳиндистонга юришлари чоғида ҳамиша Термиз саййидлари хонадонида тўхтаб, меҳмон бўлгани қайд этилган. Яна бир манбада Амир Темур Термиз саййидларига алоҳида ҳурмат рамзи сифатида Султон Саодат мажмуасининг бир қисми ҳисобланган хонақоҳ ҳам бунёд эттиргани, лекин ноёб иншоот бизнинг давримизгача сақланиб қолмагани ёзилган.
Давлатимиз раҳбари ушбу қадамжони янада обод қилиш, Имом Бухорий, Зангиота каби зиёратчилар кўп ташриф буюрадиган масканга айлантириш, илмий жиҳатдан ўрганиш юзасидан кўрсатма берди.
Шавкат Мирзиёев Ҳаким ат-Термизий мақбарасини ҳам зиёрат қилди. Юртимизга тинчлик, қут-барака тилаб дуо қилинди.
Бой тарихимиз, маданиятимиз, хусусан, меъморлик санъатимизни ўзида мужассам этган мазкур мақбаралар, кўтаринки руҳда ўтаётган бахшичилик фестивали юртимизнинг нуфузини асрлар оша янада юксалтиришга хизмат қилади.
Матназар Элмуродов, Холмўмин Маматрайимов, Зиёдулла Жонибеков, ЎзА