Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Владимир Норов ташкилот фаолияти доирасида Эрон Ислом Республикаси билан кўп тармоқли ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш мақсадида эканлигини маълум қилди.
“Кўплаб глобал ва минтақавий масалаларда Эроннинг ташкилот билан муштарак ёндашувлари мавжуд. Шуни инобатга олган ҳолда, ташкилот Эрон давлати билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришни мақсад қилмоқда”, дейди Владимир Норов.
Бош котиб, шунингдек, ташкилотга аъзо давлатларни Эрон билан ижобий ва дўстона муносабатда бўлишга чақирди.
2018 йилда ташкилот томонидан қабул қилинган Циндао декларациясида Эрон ядровий дастурини тартибга келтириш бўйича тузилган қўшма чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаш масаласи алоҳида қайд этилганлигини таъкидлади.
Зуҳра Мирзабоева, ЎзА