“Ўзига алоҳида ўтов тиклади” дегани “оилали бўлди” дегани

Инфо-тур иштирокчилари қорақалпоқ халқи удумлари билан яқиндан танишмоқда. 
Қорақалпоқ халқида ажойиб удум бор. Ёш оилалар учун олти қанотли қора уй тикланади. “Ўзи алоҳида ўтов тиклади” дегани “оилали бўлди” деган маънони англатади.
Бунда ўзига хос жиҳат шуки, уйланаётган йигитнинг отаси қора уйга буюртма берса, уни безатиш турмушга чиқаётган қизнинг, яъни келин томоннинг зиммасида бўлади.
Одатда саккиз қанотли қора уйда бола-чақали, ўртача оила, ўн икки қанотлисида эса невара-чеварали, пиру-бадавлат оила истиқомат қилади.
Эл оғалари, бийлар, катхудолар халқ тақдирига алоқадор муҳим масалаларни муҳокама қилиш мақсадида ҳар бир қишлоқнинг энг баланд жойига ўн икки қанотли ўтовлар ўрнатилиб, “маслаҳат тепа” тикланган. Халқ оғзаки ижодида учрайдиган “оқ ўтов”, “бўз ўрда” атамалари худди шундай уйларни билдиради.
Ўтовнинг ички безаш ишларини асосан келин томон – хотин-қизлар амалга оширади.
“Оқ басқур”, “қизил басқур”, “белбоғ”, “эшикқош”, “шангарақ боғич” ва “тизма” кабилар уйни безашда зарур бўладиган жиҳоз саналади.
Уларда қорақалпоқ қиз-жувонларининг бетакрор ҳунари-тўқимачилик намуналари, миллий нақшлар ўз аксини топади.
Ўтовда эшикни очиб, уйнинг орқа тарафидаги чий кўтариб қўйилса, ичкарига салқин шабада киради.
Инфо-тур тадбирлари давом этмоқда.

 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА