Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 28 февраль – 1 март кунлари Наманган вилоятида бўлди.
Баҳорнинг илк кунини наманганликлар катта қувонч ва эзгу орзу-умидлар билан кутиб олди. Ана шундай қутлуғ кунларда давлатимиз раҳбарининг вилоятга ташрифи ёшу қарини янада руҳлантириб юборди.
Ташрифнинг иккинчи куни Президент Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳрида вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Видеоконференцалоқа шаклида ўтган йиғилишда вилоят фаоллари, депутатлар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари, нуронийлар, ёш тадбиркорлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари вилоятда ўтган йили амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталди, барча соҳада эришилган натижалар таҳлил қилиниб, янги вазифалар белгилаб берилди.
Ўтган йили қандай натижаларга эришдик, одамлар ҳаётида нималар ўзгарди, деган савол ҳаммамизни қийнаши керак. Бу саволларга жавоб топиш учун ҳар куни изланишимиз, замон талабларини ўрганиб, илм, ақл билан меҳнат қилишимиз зарур. Шунда иқтисодиётимиз рақобатбардош бўлади. Бу нима дегани? Чет элда бозор топиш, замонга муносиб бўлиш, дегани. Қачон муносиб бўламиз? Илғор технология бўлса, уларни ишлата оладиган ёшларимиз сафи кенгайса, сифатли маҳсулот чиқара олсак, деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда ўтган йили вилоятда умумий қиймати 1,8 триллион сўм бўлган 577 ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объекти ишга туширилгани, инвестициялар ҳажми 1,7 баробар ошгани қайд этилди.
Шу билан бирга, Наманган вилоятини ривожлантириш бўйича мавжуд имкониятлар ва резервлар тўлиқ ишга солинмаяпти. Ўтган йили ялпи ҳудудий маҳсулот ўсиши республика кўрсаткичидан 2 баробар паст бўлгани, қишлоқ хўжалигида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми камайгани танқид қилинди.
Наманган вилоятини комплекс ривожлантириш учун 2,8 миллиард долларлик лойиҳаларни назарда тутадиган дастур ишлаб чиқилди. Унга кўра, вилоятда 2019-2020 йилларда 1 минг 400 дан ортиқ инвестиция лойиҳаси амалга оширилади, 1,1 миллиард долларлик хорижий инвестиция жалб қилинади. Бунинг самарасида 39 мингта доимий иш ўрни яратилади.
Наманган халқи азалдан уддабурон тадбиркорлиги билан ажралиб туради. Кейинги йилларда ёш тадбиркорлар креатив ғоялари билан янада танилмоқда.
Давлатимиз раҳбари бу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда, вилоятда “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш учун 1 триллион сўм ажратилишини маълум қилди. Бу маблағлар ҳисобига вилоятда оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг янгича тизими жорий этилади.
Вилоят туманлари марказини обод қилиш мақсадида ҳар бир туманга 20-25 миллиард сўмдан, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига киритилган қишлоқ ва маҳаллаларга қўшимча равишда 2 миллиард сўмдан ажратилиши қайд этилди.
Йиғилишда Президентимиз ижтимоий, маданий-маърифий соҳаларни ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Ёш авлод маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида спорт, санъат, китобхонликни оммалаштириш, компьютер технологияларига қизиқтириш, бунинг учун жойларда зарур шароитлар яратиш, таълим сифатини ошириш бўйича топшириқлар берди.
Президентимизнинг соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни ривожлантиришга оид қарорлари натижасида жойларда замонавий тиббий муассасалар ишга туширилмоқда. Наманган шаҳридаги «ANAMED» хусусий диагностика маркази ана шундай субъектлардан бири.
Давлатимиз раҳбари ташриф чоғида ушбу диагностика маркази фаолияти билан танишди.
Нейрожарроҳлик, неврология, кардиология, урологияга ихтисослашган ушбу марказ «General Еleсtriс», «Siеmens», “BTL”, «Mirevarra», “Fijifilm” каби машҳур компанияларнинг илғор диагностика ускуналари билан жиҳозланган. Энг замонавий қурилмалар билан жиҳозланган иккита блокда жаҳон андозалари даражасида жарроҳлик амалиётини ўтказиш мумкин. Айни пайтда 52 ўринли стационар бўлимини фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда.
Ўттиздан ортиқ киши меҳнат қилаётган муассасада малакали кадрлар жамоасини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Буюк Британия, Япония, Россия Федерациясидаги етакчи диагностика марказлари билан ҳамкорлик ўрнатилган. Ўтган даврда бир гуруҳ шифокорлар ушбу мамлакатларда малака ошириб қайтди. Ҳиндистон ва Россиядан тажрибали шифокорлар ишга жалб этилган. Стационар ва физиотерапия бўлимлари ишга туширилиши билан яна 50 дан зиёд янги иш ўрни яратилади.
Давлатимиз раҳбари тўғри ташхис қўйиш ва касалликларни эрта аниқлаш учун бундай диагностика марказлари муҳимлигини таъкидлади.
Шу ерда Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан Наманган вилояти ахборот-кутубхона марказини модернизация қилиш ва китобхонлик маданиятини ошириш концепцияси тақдимоти ўтказилди. Унга мувофиқ, вилоятнинг яна 50 маҳалласида кутубхона, 12 та замонавий кўчма китоб дўкони барпо этиш, 4 та «Библиобус» фаолиятини йўлга қўйиш ражалаштирилган.
Шавкат Мирзиёев аҳолига китобларни қулай тарзда етказиб бериш, вилоятда яшаб ўтган атоқли аллома ва адибларнинг асарларини нашр этиш бўйича кўрсатмалар берди.
Давлатимиз раҳбари 2018 йил май ойида вилоятга ташрифи чоғида Наманган шаҳри марказида барпо этилаётган “Афсоналар водийси” маданият ва истироҳат боғи лойиҳаси билан танишган ва уни энг замонавий талаблар асосида барпо этиш зарурлигини таъкидлаган эди. Бу галги ташриф доирасида мазкур боғда олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишди.
Боғ қурилишига Туркиянинг “DOME Partners” компанияси жалб этилган бўлиб, унинг ҳудудида савдо-кўнгилочар марказлар, ҳунармандлар маҳорат маркази, сайилгоҳ кўчаси, очиқ ва ёпиқ аквапарк, кутубхона, ресторан ва кафелар, трамвай йўли, тўрт юлдузли меҳмонхона, оилавий дам олиш масканлари, кўл, мусиқали фавворалар барпо этилади. Лойиҳага асосан истироҳат боғига 8 турдаги аттракционлар ўрнатилади.
Шавкат Мирзиёев қурилиш жараёнини кўздан кечирар экан, жаҳонда ўхшаши кам бўладиган мазкур маданият ва истироҳат боғи келгусида нафақат вилоят, балки юртимизнинг ўзига хос ташриф қоғозига айланишини қайд этиб, қурилишни жадаллаштириш лозимлигини таъкидлади.
Наманган шаҳрининг Юксалиш маҳалласи кейинги икки йилда бутунлай янги қиёфа касб этди. 2018 йилда бу ерда 588 хонадондан иборат 14 та 7 қаватли арзон уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Жорий йил охиригача яна 14 та шундай уй-жой қурилиб, хонадонлар сони 1 минг 176 тага етказилади. Шунингдек, ушбу ҳудудда Ички ишлар, Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Миллий гвардия хизматчилари учун 8 та 5 қаватли турар жой биноси барпо этилмоқда.
Бундан ташқари, ҳудуднинг бош режасига мувофиқ, монолит услубида 9 ва 12 қаватли замонавий турар жойлар, шунингдек, бозор, спорт-соғломлаштириш марказлари, боғча, мактаб, кўп қаватли автомобиль сақлаш жойи қуриш режалаштирилган.
Юксалиш маҳалласи ёнида 80 гектарлик кичик саноат зонаси ташкил этилмоқда. Саноат зонаси тўлиқ ишга тушгандан сўнг 7 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади.
Корея Республикаси билан ҳамкорликда ташкил этилаётган “Hyundai” автомобиль заводи ҳам шу ҳудудга яқин жойда барпо этилади. Ҳам ҳудуд, ҳам ишлаб чиқариш салоҳияти ортиши ҳисобига Юксалиш маҳалласи юқори технологик шаҳарчага айланади.
Давлатимиз раҳбари Юксалиш маҳалласида барпо этилаётган кўп қаватли уйлар ва ҳудудни ривожлантириш лойиҳалари билан танишди.
Наманган шаҳрининг А.Хўжаев кўчасида “IT park” ташкил этилади. Уч қаватли бинода мактаб ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талабаларига янги замонавий техникалар билан ишлаш кўникмасини ўргатувчи курслар, тўгараклар фаолияти йўлга қўйилади.
Президентимизга россиялик мутахассислар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган Наманган шаҳрини ривожлантириш бўйича таклифлар, замонавий шаҳарсозлик меъёрлари асосида Юксалиш шаҳарчасини обод қилиш, бизнес марказлар, дам олиш масканлари, сайилгоҳлар барпо этиш режалари ҳақида маълумот берилди.
Давлатимиз раҳбари уй-жойларни сифатли қуриш билан бирга, уларга хизмат кўрсатиш даражасини ҳам ошириш кераклигини таъкидлади. Шаҳарни истиқболда янада ривожлантиришга доир лойиҳаларни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берди.
Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи якунланди.
Умар АСРОРОВ, Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, Матназар ЭЛМУРОДОВ, ЎзА махсус мухбирлари