Янги авлод тадбиркорларининг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш доимий эътиборда бўлиши лозим​

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 28 февраль куни Наманган вилоятига ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2-3 май кунлари вилоятга ташрифи чоғида берган топшириқлари ижросини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Саноат, транспорт, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш каби тармоқларни изчил ривожлантириш, уй-жойлар барпо этиш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Президентимиз Наманган вилоятига бу галги ташрифини Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси қурилиши билан танишишдан бошлади.
Мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги юксалиши электр энергетика соҳасининг барқарор ривожига боғлиқ. Шу боис тизимни модернизация қилиш, соҳага замонавий технологияларни жалб этиш, электр энергия ишлаб чиқариш қувватини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётир.
Тўрақўрғон туманида барпо этилаётган қуввати 900 МВт бўлган иссиқлик электр станцияси шундай инвестицион лойиҳалардан биридир. Мазкур ИЭСнинг ишга туширилиши Фарғона водийсида аҳоли ва саноат корхоналарини узлуксиз электр энергияси билан тўлиқ таъминлашга хизмат қилади.
Лойиҳанинг қиймати 1 миллиард 195 миллион АҚШ долларидан зиёд бўлиб, Япониянинг “Mitsubishi Corporation” ва “Mitsubishi Hitachi Power Systems” консорциуми томонидан амалга оширилмоқда. Лойиҳа Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ва “Ўзбекэнерго” АЖ маблағлари асосида молиялаштирилмоқда.
Бунёдкорлик ишларига 2 минг 400 нафардан зиёд миллий ҳамда хорижий мутахассис ва ишчилар жалб этилган. Лойиҳа қидирув ва қурилиш-монтаж ишлари Туркиянинг “Сalik Enerji” компанияси муҳандис-техниклари томонидан олиб борилаётир.
Ҳозирги кунда электр энергия ишлаб чиқарадиган асосий агрегатлардан биринчи ва иккинчи блок трансформаторлари, газ трубина, қозон утилизаторлар, буғ трубинаси ва бошқа асбоб-ускуналар монтаж қилинди. Қолган электр қурилма агрегатлари келтириб ўрнатилмоқда.
ИЭС ҳудудида ташқи коммуникация ишлари якунланган, ичимлик суви тармоғи тортилган. Объект “Сўх-Наманган” магистрал газ тармоғи орқали ёнилғи, Катта Наманган каналидан техник сув билан таъминланади.
Станциянинг биринчи буғ-газ қурилмаси жорий йил сентябрь ойида, иккинчиси декабрь ойида ишга туширилиши режалаштирилган. Бунинг натижасида йилига қўшимча 6,7 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. 300 киши иш билан таъминланади.
Президентимиз бу лойиҳа муҳим стратегик аҳамиятга эга эканини, станция водий вилоятларининг иқтисодий салоҳиятини янада юксалтириш ва аҳолини ишончли электр энергияси билан таъминлаш имконини беришини таъкидлади.
Иссиқлик электр станциясини муваффақиятли ишга тушириш ва фойдаланиш, бунинг учун соҳага ихтисослашган юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича кўрсатмалар берди.
Вилоятга ташриф чоғида Президент кортежи кутилмаганда Тўрақўрғон тумани деҳқон бозори ёнида тўхтади. Давлатимиз раҳбари халқ ичига кириб, одамлар билан самимий мулоқот қилди.
Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш йўлидаги ислоҳотлар халқ билан бамаслаҳат давом эттирилишини таъкидлади. Жумладан, Наманган вилоятининг ҳар бир туманига катта миқдорда инвестициялар киритиш, янги корхоналар, санаториялар, мактаблар, боғчалар қуриш, иш жойлари яратиш бўйича улкан лойиҳалар бошланганини қайд этди.
Туман аҳолиси Президентимиз ташрифидан бениҳоя хурсанд бўлиб, ислоҳотлар натижалари ҳар бир соҳада сезилаётганини билдирди. Наманган вилояти, умуман, мамлакатимиз ҳаётида рўй бераётган ўзгаришлар учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик изҳор этди.
Таъкидлаш керакки, халқ билан мулоқот қилиш, ҳамиша халқ билан бирга бўлиш Шавкат Мирзиёев фаолиятининг бош мезони. Президентимиз ҳар бир ҳудудга, жумладан, 2017 йилда Тўрақўрғон туманига ташрифи чоғида ҳам одамлар билан мулоқот қилган эди.
Давлатимиз раҳбари Тўрақўрғон туманидаги Ахсикент археологик ёдгорлик мажмуасини бориб кўрди.
Ахсикентга эрамиздан аввалги III асрда асос солинган бўлиб, Буюк ипак йўлининг асосий шаҳарларидан бири бўлган. Тарихий манбаларда, хусусан, “Бобурнома”да бу кентнинг алоҳида аҳамияти ҳақида кўп ёзилган. Қадимдан бу ерда ер ости сув иншооти бўлгани боис мудофаа учун қулай саналган.
60 гектарга яқин қисми сақланиб қолган Ахсикент харобалари Фарғона водийсидаги энг катта археологик ёдгорликдир. Археологлар томонидан темирчилар устахонаси, X-XIII асрларга оид ҳаммом қолдиқлари, аскарлар хоналари, жоме масжиди, мудофаа деворлари, ер ости ирригация тармоқлари, ҳунармандлар маҳалласи, ҳукмдор қароргоҳи – Арк қазиб ўрганилган.
Президентимиз топшириғига мувофиқ, 2017 йилда Ахсикент тарихий ёдгорлигини асраб-авайлаш ва тадқиқ этиш, унинг ҳаққоний тарихини яратиш бўйича улкан ишлар бошланди. «Ахсикент» археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси» давлат унитар корхонаси ташкил этилди.
Мазкур ёдгорлик Наманган вилоятининг сайёҳлик салоҳиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Юртимиз ва хориждаги сайёҳлик кўргазмаларида қадимий Ахсикент ҳақида ҳам тақдимотлар ўтказилмоқда. Бунинг самарасида маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ўртасида тарихий ёдгорликка қизиқиш ортмоқда. Ҳозирга қадар Бельгия, Австрия, Япония, Жанубий Корея, Россия, Эрон, Покистон, Ҳиндистон каби давлатлардан сайёҳлар ташриф буюрган. Қадамжони тадқиқ этиш, унинг жозибадорлигини ва сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида махсус концепция ишлаб чиқилган. Айни кунда шу асосда Фарғона водийсида ички туризмни ривожлантириш чоралари кўрилмоқда.
Президентимизга Ахсикент мажмуаси бош режаси, унинг тадқиқот олиб борилган объектлари, ҳудудда барпо этиладиган туристик мажмуа лойиҳаси ҳақида маълумот берилди.
Унга кўра, бу ерда музей ташкил этилади. Ахсикентнинг қадимий довруғини тиклаш мақсадида рамзий дарвоза қурилади. Умаршайх Мирзо ва Бобурнинг Камолиддин Беҳзод яратган суратлари асосида ҳайкали ўрнатилади. Сайёҳлар учун Сирдарё бўйлаб қайиқларда сайр қилиш, туяда кўҳна шаҳарни томоша қилиш имконияти яратилади. Бир сўз билан айтганда, зарур инфратузилма яратилиб, Ахсикент туризм манзилига айлантирилади.
Ахсикент – буюк тарихимиз кўзгуси. Боболаримиз яшаган, қаҳрамонлик кўрсатган бу манзилда тарихимизни тиклаш учун жуда катта манба, ўтмиш далиллари бор. Биз шу пайтгача фақат машҳур шаҳарларимиз тарихини ўргандик, бундай жойларга эътибор қилмадик. Маънавиятимизни юксалтирмоқчи бўлсак, ёшларимизни ота-боболаримизнинг асл меросидан баҳраманд этиб улғайтиришимиз, халқимизга етказишимиз керак, деди давлатимиз раҳбари.
Шавкат Мирзиёев мажмуада қадимий тарихимизни тарғиб қилувчи фестиваль ўтказиш, Наманган давлат университетида археология таълим йўналишларини очиш бўйича тавсиялар берди. Тарихни тарихий объектларда ўқитиш, мактаб ва университетдаги амалий машғулотлар ва дарсларнинг айримларини шу ерда ўтиш зарурлигини таъкидлади.

Мамлакатимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш учун кенг имкониятлар яратилган. Замон билан ҳамнафас фаолият юритиб, харидоргир ва экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқараётган тадбиркорлар сафи кенгаймоқда.

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги “FT TEXTILE GROUP” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона ана шундай тадбиркорлик субъектларидан бири. Бугунги кунда корхонада тайёрланаётган ип-калава маҳсулотлари Хитой, Россия, Туркия ва Украинага экспорт қилинмоқда.

Корхона “Шаҳанд” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган. Тадбиркор Зафар Раҳимов деярли хароба ҳолга келган иншоотни сотиб олиб, ишни замонавий йигирув дастгоҳларини ўрганишдан бошлади. Бино таъмирлангач, Германиядан энг сўнгги русумдаги замонавий ип йигирув машиналари келтириб ўрнатилди. Бошқа зарур ускуналар ҳам хориждан олиб келинди. 2018 йили корхонанинг биринчи босқичи иш бошлади.
Корхонанинг фаолият бошлаши Боғишамол, Дукат, Темирқишлоқ, Олчин, Ахси каби маҳаллаларда яшовчи 300 нафар фуқарони доимий иш билан таъминлаш имконини берди. Айни пайтда бу ерда йилига 15,6 минг тонна ип-калава ишлаб чиқарилмоқда. Йиллик экспорт ҳажми 10,2 миллион доллар.
Корхона ўзини электр энергияси билан тўлиқ таъминлаш имкониятига эга. Бу ерга Германиядан энг замонавий газогенератор келтириб ўрнатилган. У корхонада электр энергиясининг узлуксиз бўлишини таъминлайди. Иш жараёнида пайдо бўладиган иссиқ сув ҳам беҳуда кетмайди. 9 гектар иссиқхонани иссиқлик билан таъминлашга етади. Демак, “FT TEXTILE GROUP” мамлакатимизда ўзини электр энергияси билан таъминлайдиган биринчи корхона бўлди.
Давлатимиз раҳбари корхона фаолияти билан танишди, ишчилар билан мулоқот қилди. Бундай корхоналарни яна кўплаб ташкил қилиш, пахта хомашёсидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш лозимлигини қайд этди.
– Мамлакатимизда ўз ишига инновацион ёндашадиган тадбиркорларнинг янги авлоди пайдо бўлмоқда, – деди Шавкат Мирзиёев. – Уларнинг сафини кенгайтириш, доимо қўллаб-қувватлашимиз лозим.
Президентимизга корхонанинг иккинчи босқичида амалга ошириладиган ишлар ҳақида маълумот берилди. Унда 200 иш ўрни яратиш, йилига қўшимча 20,8 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш режалаштирилган. Ушбу босқич якунлангач, ишлаб чиқариш қуввати йилига 36,1 минг тоннага, экспорт ҳажми 25,2 миллион доллар, умумий иш ўрни 500 тага етади.
Наманган вилоятида Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги элчихоналари билан ҳамкорликда амалга ошириладиган инвестицион лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди. Унда 43 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Автомобиллар ёритиш чироқлари, мопед, скутер, мотоцикл ва мотороллер, шунингдек, Поп туманида “Uz youcheng group” қўшма корхонасида режалаштирилаётган текстиль тўқув дастгоҳлари ишлаб чиқариш лойиҳалари шулар жумласидандир.
Давлатимиз раҳбари Наманган туманидаги паррандачиликка ихтисослаштирилган “Golden egg of Namangan” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.
Мазкур корхонада Германия, Канада, Россия, Туркия каби давлатлардан замонавий технологиялар келтириб ўрнатилган. 44 киши меҳнат қилаётган корхонада 2018 йилда 107 миллион дона тухум ҳамда 3,3 минг тонна парранда гўшти, 4,6 миллион бош жўжа етиштирилди. Бугунги кунда корхонани паррандачилик кластерига айлантириш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз паррандачиликни янада ривожлантириш учун кредитлар ажратиш, соҳа учун малакали мутахассислар тайёрлаш, замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.
Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳридаги “Art Soft TexGroup” корхонасига ташриф буюрди.
Бу ерда турли бичим ва рангдаги сочиқлар, халат, чойшаб ва бошқа маҳсулотлар тайёрланмоқда. Улар ички бозорга, шунингдек, Россия, Украина, Молдова, Болгария ва қўшни давлатларга етказиб берилмоқда. Ўтган йили 290 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 9,4 миллион доллар миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинган.
Наманган шаҳри, Риштон ва Янгиқўрғон туманларида корхонанинг бир нечта цехлари бор. Уларда 2 мингдан зиёд киши меҳнат қилади. Яқинда тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш комплекси ишга туширилиши билан яна мингга яқин иш ўрни яратилди.
“Art Soft TexGroup” фаолиятини кенгайтириб, кластер усулида ишлашга ўтмоқда. Корхона учун Мингбулоқ ва Поп туманларидан ер ажратилган, қишлоқ хўжалиги техникалари сотиб олинган.
Давлатимиз раҳбари корхонанинг келгуси режалари билан қизиқди. Унинг таркибида пахта тозалаш, уруғ етиштириш, дон маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари, иссиқхона ташкил этиш, чорва боқиш, ем ишлаб чиқариш йўлга қўйилишини маъқуллади.
Шу ернинг ўзида вилоятда паррандачилик, балиқчилик, чорвачилик, асаларичилик, қуёнчилик, интенсив боғдорчиликни ривожлантириш, ирригация ва мелиоратив тадбирларни амалга ошириш, захирадаги ерларни фойдаланишга киритиш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.
Яна бир лойиҳада ер ва кадастр тизимида янги инновацияларни жорий қилиш бўйича маълумот берилди. Янги тизим блокчейн усулида қўлланилади. Инновацион таклифларга кўра, бу тизим орқали объектни рўйхатга олишда шаффофликни ошириш, портал орқали ер ажратиш назарда тутилмоқда. Шу тариқа электрон кадастр паспортини олиш муддати 50 кундан 2 кунга тушади. Мамлакатимизнинг “Doing business” рейтингида дастлабки 30 таликка кириш имконияти пайдо бўлади.
Президентимиз лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш, уларни тезроқ ишга тушириб, аҳолини иш билан таъминлаш зарурлигини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев Чортоқ туманида барпо этилаётган «Чортоқ ресортс» санатория-соғломлаштириш маркази билан танишди.
Ушбу санатория қурилаётган адирлик яқин-яқингача қаровсиз жой эди. Маҳаллий тадбиркор ва хорижий инвесторларнинг жами 25 миллион долларлик сармояси эвазига бугун бу ерда 15 гектардан зиёд майдонда замонавий оромгоҳ бунёд этилмоқда.
Бу вилоятда тиббиёт туризми ҳамда экотуризмни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар очади. Санаториянинг йод, бром, радон ва бошқа минералларга бой шифобахш суви таянч-ҳаракат аъзолари, юрак-қон томир ва асаб тизимлари, эндокринологик ва тери касалликларини даволашда яхши самара беради. Оромгоҳ 230 ўринга мўлжалланган. 250 киши иш билан таъминланади.
Марказга ушбу ихтисосликлар бўйича малакали шифокорларни жалб этиш, шартнома асосида германиялик мутахассислар иштирокида тиббий кўриклар уюштириш режалаштирилган.
Ҳозир даволаш ва ётоқ бинолари, оилавий дам олувчилар учун коттежлар, замонавий меҳмонхона барпо этилган. Ҳовли ва йўлакларни ёритиш учун қуёш панеллари ўрнатилган.
Яна бир эътиборли жиҳати, оромгоҳда иппотерапия йўлга қўйилади. Бу таянч-ҳаракат аъзолари ва кичик тос касалликларини даволашга ёрдам беради.
Президентимиз ушбу соғломлаштириш марказида яратилган шароитларни кўздан кечирди. Чортоқда яна кўплаб санаториялар ташкил этиш, уларни арзон, ўрта ва қиммат тарзда таснифлаш орқали аҳолининг барча қатламларини қамраб олиш, рақобатни таъминлаш ҳисобидан хизмат нархини тушириш бўйича топшириқлар берди.
Бизнинг минтақамизда йод танқис. Шу жиҳатдан Чортоқнинг йодга бой суви халқимиз учун жуда фойдали. Лекин бу жойни кўпчилик билмайди, баъзилар йўл узоқлигидан қийналади. Шунинг учун мамлакатимизнинг ҳамма жойидан дам олувчиларни бу ерга жалб этиш керак. Халқимиз, айниқса, болаларимизнинг саломатлиги биз учун энг муҳими, деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари “Chortoq mineral water” масъулияти чекланган жамияти қувватини кенгайтириш лойиҳаси билан танишди. Қадоқланган сувни йилига 20-30 миллион донагача ошириб, уларни юртимиздаги боғчалар, ёзги оромгоҳлар, шифохоналар, ижтимоий дорихоналар, супермаркетларга етказиб бериш зарурлигини таъкидлади.
Шу ерда Чортоқни экологик шаҳарга айлантириш, Жаҳон банки билан ҳамкорликда ўрта шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаси доирасида Чортоқ шаҳри марказини қайта қуриш, Наманган аэропортини кенгайтириш ва шаҳарлараро автобуслар қатновини тартибга солиш, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида аҳоли бандлигини таъминлаш каби лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Президентимиз бу режаларни маъқуллаб, уларни такомиллаштириш ва тизимли амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берди.
Вилоятнинг тоғли туманларида олма, олхўри каби ҳудуд иқлимига мос мевалар етиштириш, уларни қайта ишлаш, оилаларда асаларичилик, паррандачиликни йўлга қўйиш, шулар орқали аҳоли учун қўшимча иш ўринлари ва даромад манбаи яратиш зарурлиги таъкидланди.
Президентимиз Наманган шаҳридаги «Best Market» супермаркетига ташриф буюриб, маҳсулотлар нархи ва сифати билан қизиқди. Нарх-наво барқарорлигини таъминлаш учун маҳаллий маҳсулотлар турини кўпайтириш ва аҳоли эҳтиёжини қоплаш зарурлигини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг Наманган вилоятига ташрифи давом этмоқда.

 

ЎзА