Ўзбекистон Президенти Жаҳон банки делегациясини қабул қилди​

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 февраль куни Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Сирил Мюллер бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари меҳмонларни самимий қутлар экан, Ўзбекистон Республикаси билан Жаҳон банки гуруҳлари ўртасидаги самарали шериклик жадал ривожланаётганини алоҳида таъкидлади.
Кейинги йиллардаги изчил алоқалар ва конструктив мулоқот икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, уни янги истиқболли дастурлар билан бойитишга хизмат қилаётгани қайд этилди. Ушбу нуфузли халқаро молиявий институт билан ҳамкорлик самарадорлиги ва унинг инвестициялари ҳажми салмоқли даражада ошди.
76bad9fb-d68a-72c6-c793-be80b803b0a8.jpg
Бугунги кунда банкнинг 4,5 миллиард долларлик имтиёзли молиявий ресурсларини жалб этган ҳолда амалга оширилган ва оширилаётган қарийб 40 истиқболли лойиҳа ўзаро ҳамкорлик портфелини ташкил этмоқда.
Улар рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, энергетика, транспорт, шаҳар ва коммунал инфратузилмани модернизация қилиш, илғор ва энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш, қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантириш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш каби кўплаб муҳим соҳа ва йўналишларни қамраб олган.
2020 йилгача мўлжалланган узоқ муддатли Шериклик дастури доирасида ўтган йили банкнинг Директорлар кенгаши томонидан қиймати 1,4 миллиард доллардан зиёд янги лойиҳалар маъқулланди.
Бундан ташқари, Жаҳон банкининг етакчи экспертлари солиқ тизими ва фуқаро авиациясини ислоҳ этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда фаол иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Жаҳон банки гуруҳлари ўртасидаги кўп қиррали шерикликни янада мустаҳкамлаш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Банк-молия соҳасини ривожлантириш, тадбиркорлик ва иқтисодиётнинг реал секторини қўллаб-қувватлаш, давлат корхоналари ва агросаноат комплексини ислоҳ қилиш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишга давлат-хусусий шериклик механизмларини кенг жорий этиш каби йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш муҳим экани алоҳида таъкидланди.
7dda770b-4a7d-c50b-b70f-146074fef79f.jpg
Иқтисодий кенгаш доирасида узоқ муддатли ҳамкорлик дастурини биргаликда ишлаб чиқиш юзасидан келишувга эришилди.
Жаҳон банки вице-президенти Сирил Мюллер давлатимиз раҳбарига самимий қабул ва банкнинг Ўзбекистондаги лойиҳаларини самарали амалга оширишга қаратилаётган юксак эътибор учун миннатдорлик билдирди.
Меҳмон Ўзбекистоннинг қимматли қоғозлари жаҳон фонд бозорларида муваффақиятли жойлаштирилгани, суверен рейтинглари олингани ва халқаро рейтинги ошгани мамлакатимизда янги босқичда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг халқаро эътирофи эканини алоҳида таъкидлади.
Жаҳон банки Ўзбекистон ва бутун минтақанинг барқарор тараққиётига кўмаклашиш мақсадида мамлакатимиз билан ўзаро манфаатли шерикликни янада мустаҳкамлашга тайёр экани яна бир бор тасдиқланди.

 

ЎзА