11 февралга ўтар кечаси бир гуруҳ фаоллар Бишкекнинг турли бурчакларидаги молия муассасалари олдига трафарет билан “Тойго кредит алба!” (“Тўйга кредит олма!”) сўзини ёзиб кетди. Кўплаб ёзувлар банкларга кириш олдида пайдо бўлди, дея хабар берди акция иштирокчилари.
Фаолларнинг фикрича, одамлар пул ишлатишни билмайди. “Турли тадбирларни ўтказиш учун кредит олмоқда. Одамлар тадбиркорлик учун эмас, балки тўй ўтказиш учун кредит олади. Кейин эса қарз ботқоғига тушиб қолади, шундан сўнг ёшлар биргаликда ширин турмуш кечириш ўрнига кредитдан қутилиш учун пул топиш мақсадида чет элга кетишга мажбур бўлади”, демоқда фаоллар. Ғоя муаллифларининг таъкидлашича, уларнинг хатти-ҳаракатлари банклар фаолиятига тўсқинлик қилишга қаратилмаган.
Қирғизистонда тўйлар кўплаб меҳмонлар иштирокида бўлиб ўтади, шу сабабли кўпинча ёш келин-куёвлар, уларнинг ота-оналари кредит олишга мажбур бўлади. Ҳукумат ва парламент бу каби кўринишлардан хавотирга тушиб қолди ва тантаналар ўтказилиши чекланиши борасида тез-тез мурожаатлар билан чиқиб туради.
2018 йилда Маданият, информация ва туризм вазирлиги тўйларнинг энг яхши сценарийси бўйича танлов эълон қилди. Танловдан кўзланган мақсад тантаналарни жаҳон тажрибаси асосида ўтказиш, харажатларни ҳаддан зиёд кўпайиб кетишига тўсиқ қўйиш, тантаналарни ўтказишда янгича маданиятни жорий қилишдан иборат эди.
ЎзА