Хориждаги юртдошларимизнинг янги ташаббуси

Япониядаги ватандошларимиз Ўзбекистон туризмини тарғиб қилиш ишларига кўмаклашиш ташаббуси билан чиқди. Япониянинг кўплаб шаҳарларида олиб борилган бу ишларнинг натижасида биринчи сайёҳлар гуруҳи юртимизга ташриф буюрди.
Уларни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи С.Акбаров ва ОАВ вакиллари кутиб олди.
photo5411475647420803684.jpg
– Ўзбекистонга халқингиз маданияти билан яқиндан танишиш учун келдим, – дейди гуруҳи раҳбари Яс Ука. – Саёҳатимиз 10 кундан иборат бўлиб, Наманган, Андижон, Фарғона, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳарларини томоша қилмоқчимиз. Япониянинг Хиросима шаҳрида яшаётган ўзбекистонлик Бобуржон Ўзбекистонда яратилаётган шароитлар, мавжуд маданий мерос объектлари ҳақида тарқатма материаллар берди. Унинг тақдимотлари сабаб юртингизга қизиқиб қолдик.
– Ўзбекистон меҳмондўст халқ эканлиги ҳақида билардик, лекин бизни бундай тантанали кутиб олишлари тушимизга ҳам кирмаганди, – дейди гуруҳ аъзоси Ҳаши Мото .– Туризмни ривожлантириш қўмитасининг ўринбосари бизни совғалар билан кутиб олганидан очиғи ҳайратландим. Шу билан бирга юртингизда туризмга қаратилаётган эътиборнинг не чоғлик юқори эканлигини англадим.
photo5408861056014592690.jpg
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси АҚШ, Германия, Чехия, Буюк Британия, Голландия, Швейцария, Австрия, Польша, Латвия, Япония, Малайзия, Индонезия, Саудия Арабистони ва бошқа бир қатор хорижий мамлакатларда истиқомат қилувчи ватандошлар билан алоқа ўрнатиб, мулоқотни йўлга қўймоқда. Жумладан, Чехия, Польша, Япония ва Германия каби давлатларга тарғибот материаллари етказилиб, бугунги кунда ватандошлар кенг кўламда тарғибот ишлари олиб бормоқда.
Уларга Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилувчи материаллар етказиб беришда Президентимизнинг 2018 йил 25 октябрдаги “Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда.​​

 

ЎзА