​Маданий мерос – маънавият ўчоғи ёхуд Қорақалпоғистонда маданий мерос объектларига эътибор ҳақида​

Долзарб мавзу
 
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича шарҳловчиси Есимхан Қаноатов «Маданий мерос – маънавият ўчоғи ёхуд Қорақалпоғистонда маданий мерос объектларига эътибор ҳақида» сарлавҳали мақола тайёрлаган эди. Мақолани эълон қилишдан олдин унда зикр этилган масалалар ҳақида мутахассислар фикр билдиришларини сўраб, 25 январь куни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига хат йўлладик. 6 февраль куни мақолада кўтарилган масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири ўринбосари К.Акилова имзоси билан жавоб хати ва маданий мерос объектлари бўйича экспертиза хулосаси олинди.
Қуйида мухбиримизнинг ўша мақоласи ва унга Маданият вазирлигининг муносабати эълон қилинмоқда. 
МАДАНИЙ МЕРОС – МАЪНАВИЯТ ЎЧОҒИ 
ёхуд Қорақалпоғистонда маданий мерос объектларига эътибор ҳақида
 
Ўтган асрнинг 40-йилларидан бошлаб Қорақалпоғистонда кенг кўламли илмий ишлар олиб борган машҳур археолог олим Сергей Толстов бу заминни “икки дарё оралиғидаги иккинчи Миср”, деб атаган эди.
Бундай дейишига сабаб, ўша пайтлар Қорақалпоғистонда 1000 га яқин яхши сақланган тарихий обидалар топилган. Афсуски, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш баҳонасида 700 га яқин обида йўқ бўлиб кетган. Шулардан бири машҳур санъатшунос ва археолог олим Игорь Савицкийни йиғлатган Элликқалъа туманидаги Қаватқалъа саройидир.
Элликқалъа тумани ҳокимлиги биноси қадимий сарой устига қурилган 
Ҳа, бу ҳақиқат. Ҳозирги Элликқалъа тумани ҳокимлиги биноси ўрта асрларнинг бетакрор ётдгорлиги бўлган ва ўтган асрнинг 80-йилларигача яхши ҳолатда сақланиб келган катта сарой устига қурилган. Бу ҳақда археолог олим Октябрь Доспанов шундай дейди:
–1981-1982 йиллар. Элликқалъа тумани маркази Бўстон шаҳри атрофидаги кўплаб ёдгорликларда қазишма ишлари олиб борилаётган эди. Мен Игорь Савицкий билан археологик амалиётда қатнашаётган пайтим. Бу ердан Қаватқалъа деб ном берилган ўрта асрларга оид бир неча қаср топилди. Бу қасрлар ўрта асрларда бойлар ўзлари учун қурдирган саройлардир. Милодий IX-XII асрларда Хоразм давлатида феодализм ривожланиб, бойлар ўзларига ҳашаматли бинолар барпо эттирган. Демак, подшоҳ саройидан ташқари бошқа бойларнинг ҳам саройи бўлган. Шундай яхши сақланган ёдгорликлардан бири ҳозирги Элликқалъа тумани ҳокимлиги биноси остида қолиб кетди.
Савицкийни нима йиғлатди? 
Бу сарой Игорь Савицкийни жуда қизиқтириб қўйди. Ҳар куни фикру ёди шу билан бўлди. Умуман, олим Қорақалпоғистон заминидан топилаётган археологик ёдгорликлардан чексиз ҳайратга тушарди. Қаватқалъа саройида навбатдаги қазишма ишларини шахсан ўзи олиб боришни мақсад қилиб, биргаликда шу жойни суратга тушириб қайтдик.
Сўнг Нукусга келиб, экспедицияга тайёргарлик кўрдик. Орадан 3-4 ой ўтгандан кейин қазишма ишларини бошлаш учун белгилаб кетган жойимизга борсак, у ерда қурувчилар котлован қазиб, фундамент қўйиб, ҳозирги ҳокимлик биноси қурилишини бошлаётгани устидан чиқдик. Биз белгилаб кетган саройдан ном-нишон йўқ. Савицкий бу даҳшатдан ҳўнграб йиғлаб юборди, кўп вақтгача ўзига кела олмай юрди.
8946cd37-e3af-4bec-a5ef-032b147e1dbd.jpg
Ўша пайтларда бошқа жойларда ҳам қанча-қанча бетакрор ёдгорликлар пахта плантациялари, замонавий қишлоқ ва шаҳарчалар эвазига қурбон бўлиб кетаётган эди. Ҳозир ўша пайтлар топилган қарийб 1000 та ёдгорликдан атиги 300 га яқини қолгани боиси мана шундай “иш”лар оқибатидир.
Хўш, бундай “иш”лар бугунги кунда тўхтадими? Ўтган йилги шов-шувли воқеалардан бири Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманидаги Миздакхан мажмуаси таркибига кирувчи XII асрга оид ёдгорлик – Шамун Набий мақбараси бузиб ташлангани бўлди. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ушбу бетакрор ёдгорлик бузиб ташланганини расман тасдиқлади. Ўзбекистон Маданият вазирлиги мутасаддилари ва журналистлар иштирокида 2019 йил 8 январь куни бўлиб ўтган конференцияда Қорақалпоғистондаги Шамун Набий мақбараси бузиб ташлангани фактини Маданият вазири ўринбосари Камола Акилованинг тан олгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Октябрь Доспановнинг таъкидлашича, Шамун Набий ёдгорлиги бузилишига маъмурий буйруқбозлик сабаб бўлган. Чунки уни бузиб ташлашга вазирликдан буйруқ бўлган. Ҳужжатлар жойида. Сметаси ишланган ва ҳоказо.
Шамун Набий мақбарасини таъмирлашни депутатлар таклиф қилган экан 
2017 йил 19 сентябрь куни “Uz24.uz” сайтида “ЎзМТДП ташаббуси билан Хўжайлидаги Шамун Набий мақбараси қайта таъмирланмоқда” номли партия матбуот хизматининг пресс-релизига асосланган мақола эълон қилинди. Таъмир ишлари қандай кетаётгани ҳақида расмлар ҳам бор.
c94749ac-a4dd-41c3-8f18-b0086dafd275.jpg
Мақолада шундай дейилади: “Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Қорақалпоғистон Республикаси, туман ва шаҳар кенгашлари ҳамда депутатлик гуруҳи томонидан маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, туризмни ривожлантириш, бу борада фойдаланилмаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хўжайли тумани Миздахкан тарихий археологик комплексидаги Шамун Набий мақбарасининг умумий аҳволи туман кенгаши депутатлари томонидан ўрганилиб, туман кенгаши сессиясига олиб чиқилди. Чиқарилган қарор натижасига кўра, маҳаллий бюджет ҳисобидан Миздахкан тарихий археологик комплексидаги Шамун Набий мақбарасида айни пайтда реставрация ва реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда”.
Дарҳақиқат, Шамун Набий мақбараси Миздакхан мажмуаси таркибига кирувчи XIII-XIV асрлар ёдгорлиги. XVIII-XIX асрларда таъмирлаш ишлари олиб борилган.
Афсоналарга кўра, Шамун Набий сеҳргар сифатида танилган ва унга одамлар турли ёрдам сўраб мурожаат қилишган. У кўплаб кишиларга ёрдам берган. Шунинг учун ҳозиргача одамлар мақбара атрофидаги ғиштларни йиғиб, ўз истакларини билдиришади. Ёдгорлик яхшилик ва ёвузлик кураши оташпарастлик билан, “олий ҳақиқат”ни билишга даъво қилувчи сўфийлар ва келажакни «башорат қилувчи» дарвишлар билан боғлиқ. Одамлар зиёрат қилганда ана шу томонларини ҳисобга олиб келарди. Энди эса, ёдгорлик ўрнида замонавий иморат қад ростлаган. Шу билан минг йиллик эътиқод ва дастурлар ҳам йўқолиб бораверади.
«Қош қўяман, деб кўз чиқариб қўйиш» ҳолатлари фақат бу эмас. Беруний шаҳридан 27 километр шимолда жойлашган Қизилқалъа ёдгорлиги ҳам 1000 йиллик аҳамиятини йўқотиб, “қўли гул усталар” томонидан замонавий қасрга айлантирилган.
001b0a5b-d0f7-4251-873e-0b53b5b50ab6.jpg
Қизилқалъа ёдгорлиги илк бор 1938 йил Хоразм археологик ва этнографик экспедицияси томонидан очилган. Бино антик Хоразм давлати томонидан Шимоли-шарқий чегарадан ҳимоя сифатида қурилган ва эҳтимол мудофаа қалъаси вазифасини бажарувчи Хоразм истеҳкомларидан бири бўлган. Бир вақтнинг ўзида қалъа марказ ва Султонувайс тоғ тизмаларидан ўтувчи карвон йўллари туташувчи нуқта ҳам бўлган.
Қизилқалъа милодий I-IV асрларда қурилган, кейин маълум вақт харобага айланиб, XII-XIII асрларда қайта тикланади.
Афсонага кўра, Қизилқалъа тагида ерости хоналари мавжуд бўлиб, у ерда олтин бор ва уни катта илонлар қўриқлайди. Шунинг учун у бойликларни олишга ҳеч ким журъат қила олмайди. Маълумки, “Қизил” сўзи туркий тилларда олтин маъносини ҳам англатади. Қорақалпоғистондаги тарихий ёдгорликларда илонлар кўп учраши эса оддий ҳақиқат.
Мана шундай бой тарихга эга, афсоналарга қоришиб кетган яна бир ёдгорлик – Тупроққалъа ҳам баъзи сабабларга кўра барбод бўлиши мумкин эди…
2000 йиллик тарихга эга Тупроққалъадан айрилишимиз мумкин эди…
–Маданий меросни сақлаб қолиш дунёвий муаммо саналади, – дейди Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти директори ўринбосари Мақсет Қарлибаев. – Қорақалпоғистонда шундай ёдгорликлар йўқ бўлиб кетаётганига биринчи сабаб айрим мутасаддиларнинг соҳани яхши тушунмаслигидир. Агар вазирлик мутасаддиси XII асрга оид маданий мерос йўқ бўлиб кетиши хавфи юзага келишини тушунганида, унинг олдини олиш мумкин эди. Биздаги ёдгорликларни консервация усули билан сақлаб қолиш лозим. Лекин айрим мутасаддилар реставрация нима, консервация нима, реконструкция-чи, буларнинг фарқига бормайди. Шунинг оқибатида 1000 йиллик меросларимиздан айрилмоқдамиз.
-Шундай афсусланарли воқеалардан яна бири 2012 йилда Элликқалъа туманидаги Тупроққалъа ёдгорлигида ўтказилган “Асрлар садоси” фестивали пайтида юз бериши мумкин эди, деб эслайди Мақсет Қарлибаев. – Хуллас, “Асрлар садоси”га тайёргарлик қизғин кетмоқда эди. Шу йили март ойида институтимиз олимлари томонидан Тупроққалъанинг муҳофаза қилинадиган ҳудудлари белгилаб берилди. Апрель ойида Тошкентдан келган фотографлар билан Тупроққалъадаги археологик ёдгорликларнинг 3D суратини тасвирга олиб юргандик. Бир пайт қошимизга бир гуруҳ одамлар келиб, нималарнидир маслаҳатлашиб кетди. Барчаси фестивални ўтказишга мутасадди раҳбарлар. Қўлларида қандайдир плакат бор. Нимани муҳокама қилаётгани билан қизиқиб ёнларига борсам, фестивални Тупроққалъанинг ичида ўтказмоқчи экан. Ўзимни тутиб тура олмадим. “Бу режангиз мутлақо нотўғри”, деб уларнинг муҳокамасини буздим. Ҳаммаси мен томон ўгирилди. “Бу муҳофаза қилинадиган ёдгорлик. Қазиш ишлари ҳали давом эттирилиши мумкин. Буни неча минг одам оёғи билан топтаб ташласа, ёдгорлик чилпарчин бўлади-ку!? Нима учун биз белгилаб берган ҳужжат бўйича иш олиб бормайсиз?”, дедим. Маълум бўлишича, бизнинг ҳужжатимиз тегишли жойларга етиб бормасдан Қорақалпоғистон Маданият вазирлигида қолиб кетган экан. Қизишиб кетганимдан бу ёдгорлик ЮНЕСКО рўйхатига кирган (кирган-кирмаганини ўзим ҳам билмайман аслида), ҳозир тўхтатмасангиз, эртага бирорта чет эллик журналист тадбир 1000 йиллик ёдгорликни нобуд қилди, деб хабар тарқатиб юборса, бутун дунёга шарманда бўлмаймизми, дегандим, ҳамма жим қотиб қолди.
3ffcaa17-ef93-49d0-94f9-b5c09fe2b49f.jpg
Уларнинг режаси бўйича қалъанинг ичига ўтовлар, мода подиумлари, концерт саҳналари қурилиши керак эди. Тасаввур қилинг-а, Тупроққалъанинг Қуйи сарой деган аҳамиятли қисмини техникалар ёрдамида текислаб юбориб, от чоптирмоқчи экан. Додлаб юборай дедим. Бир мулозим “Бу халқаро тадбир. Биз шуни қилишимиз зарур”, деди. Яна бир мулозим “Бу ёдгорлик тўла тадқиқ қилиб бўлинган. Энди бунинг бизга нима кераги бор? Суриб юбора берамиз”, деди. Яна бири “Биз шундай қилсак, дунёга таниламиз”, деса бўладими. Мен уларга “Қўлингизга курак олиб, шу ерда 1 куб тўпроқ очинг. Агар ҳеч нарса чиқмаса, хоҳлаганингизни қилинг. Сиздек инсонлар туфайли қадимий қаср устига ҳокимият биноси қурилган. 2 минг йилдан буён турган ёдгорликни 2 кунда нобуд қилмоқчимисиз? Умуман рухсат йўқ!”, дедим овозимни баландлатиб ва ўз сўзимда туриб олдим. Ёдгорликни сақлаб қолдик.
Қорақалпоғистонда маданий меросга эътибор қандай?
Бугунги кунда соҳада қилинаётган ишлар ҳақида икки оғиз. Мамлакатимизда қадимий ёдгорликларни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга асл ҳолини сақлаб қолган ҳолда етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунга мисоллар жуда кўп. Биргина Хўжайли туманидаги Миздахкан мажмуаси таркибига кирувчи Мазлумхан сулув мақбарасига 124,9 миллион сўм, Шамун Набий мақбарасига 317,4 миллион сўм, Чимбой туманидаги Ақимбет бахши мақбарасига 194 миллион сўм маблағ ажратилиб, “Эл-таъмирлаш” масъулияти чекланган жамияти томонидан қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Шунингдек, ўтган йили Бурахан ота мақбарасига 478 миллион ва Бердақ бобо мақбарасигаа 194 миллион сўм маблағ ажратилиб, “Нукус агросревис қурилиш” МЧЖ мутахассислари томонидан қайта таъмирлаш ишлари олиб борилган.
Ният яхши, давлат мўмай пул беряпти. Лекин шу маблағ оқилона ишлатиляптими?
–Маданий меросимизни сақлаб қолишга алоҳида эътибор қаратиляпти, пул бериляпти, – дейди Октябрь Доспанов. – Аммо, бу ишга жиддий ёндашиш лозим, яъни маданий мерос объектларини сақлаб қолиш масаласида мутахассислар билан маслаҳатлашиш керак. Аввало, шундай муайян объектни реставрация қилиш керакми ёки консервация? Балки қазиш ишлари олиб бориш керакдир? Мана шу масалаларда мутахассислар керак. Бунинг учун эса, нафақат ўз тарихимизни, балки жаҳон тарихини, ривожланган давлатларда бу масалага ёндашув қандай эканини яхши биладиган, хуллас, замонавий илм-фан ва ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишни пухта ўзлаштирган муносиб кадрлар керак. Асрлар давомида сақланиб келаётган бой маданий меросимиз сизу бизнинг давримизда йўқ бўлиб кетса, келгуси авлодлар буни асло кечирмайди.
93ff5bb6-fff0-4570-a054-9a898cd593e3.jpg
Маданий мерос туризмни ривожлантиришда асосий омиллардан бири ҳисобланади. Олиму мутахассислар фикридан келиб чиқиб, шуни айтиш мумкинки, юртимизда туризмни ривожлантириш борасида мана шу жиҳатларга ҳам кўпроқ эътибор берилиши мақсадга мувофиқ. Бино-иншоотлар қурилишида, албатта, археолог, тарихчи олимлар хулосаси асосида иш тутиш лозим. Зеро, заминимизнинг ҳар қаричида ўтмишнинг не-не сир-синоатлари яшириниб ётганини хорижлик олимлар ҳам кўп айтишади.
Яқинда Россиянинг Қозон шаҳрида бўлганимизда бу ерда археологик қазишма ишлари олиб бораётган қорақалпоғистонлик археолог Шамил Амировни учратиб қолдик. У шаҳарда янги қурилажак бино ўрнида қазишма ишлари олиб бораётган экан. Эътиборлиси шундаки, ер тагидан кўплаб артефактлар топилган. Археологнинг ушбу меҳнатлари учун қурилиш компаниялари унга мўмайгина пул тўлаган. Бизда ҳам қурилиш ишлари бошланмасдан аввал археологлар ва бошқа тегишли мутасаддиларнинг хулосаси олинса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Археолог олимларнинг фикрича, бугун Қорақалпоғистонда ушбу соҳага сидқидилдан қизиқадиган ёшлар сафи камайиб бормоқда. Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор, академик, Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти археология бўлими мудири Ғайратдин Хўжаниязовнинг таъкидлашича, бир пайтлари ўзи бошқараётган секторда 21 нафар ходим ишлаган, ҳозир улар сони атиги 3 та. Олий таълим муассасаларида ҳам талабалар ўртасида археологияга қизиқиш деярли йўқ.
Президентимиз таъбири билан айтганда, бу соҳага ватанпарвар ходимлар керак. Зеро, маданий мерос – маънавият гултожидир. Инсонни инсон қиладиган эса, маънавият. Иккинчи Миср деб аталган Қорақалпоғистон заминидаги ушбу маданий мерослар яна неча минг йиллар маданият ва маънавият ўчоғи бўлиб қолиши зарур.
Есимхан ҚАНОАТОВ,
ЎзА мухбири
* * *
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири ўринбосари К.Акилова имзоси билан келган жавоб хати: (таҳрирсиз берилмоқда)
Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманидаги Миздахкан комплексида жойлашган “Шамун Набий” мақбарасида 2017 йилда қайта таъмирлаш, тиклаш ишлари олиб борилди ва тугатилди.
Мақолада ёзилган: Миздахкан тарихий археологик комплексидаги Шамун Набий мақбарасининг умумий аҳволи туман кенгаши депутатлар томонидан ўрганилиб, туман кенгаши сессиясига чиқилган ва чиқарилган қарор натижасига қўра, маҳаллий бюджет ҳисобидаги археологик комплексидаги Шамун Набий мақбарасида айни пайтда реставрация ва реконструкция қилиш ишлари олиб борилаётганлиги тўғрисидаги маълумот нотўғри.
Ҳозирда Хўжайли тумани хокимлиги ёки маҳаллий бюджети томонидан ҳеч қандай маблағ ажратилмаган ва таъмирлаш тиклаш ишлари олиб борилаётгани йўқ.
2017 йил давомида Қорақалпоғистон Республикасида қайта таъмирланган, тикланган маданий мерос объектларидан бири, Шамун Набий мақбарасига ажратилган маблағ 317,4 млн. сўмни ташкил этади. Объектда “Эл-таъмирлаш” МЧЖ пудрат ташкилоти таъмирлаш тиклаш ишларини олиб борган.
2018 йил июль ойида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш ишлари ўрганиб чиқиш бўйича Нукус шаҳар прокуратураси томонидан 02.07.2018 йилдаги 15/14-18-сонли хатига биноан, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қурилиш ишлари ўрганиб чиқиш бўйича, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ етакчи мутахассиси У.Палымбетов, “ККГОРСЕЛЬПРОЕКТ” МЧЖ лойиҳалаш ташкилоти мутахассиси Р.Досназаров, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш минтақавий давлат инспекцияси бошлиғи Қ.Шарипов, “Эл-таъмирлаш” МЧЖ бошлиғи Р.Худайбергенов томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги маданий мерос объектларини мухофаза қилиш ва улардан фойдаланиш ишлари 2016-2017-2018 йил июнь ойигача таъмирлаш ишлари ўрганиб чиқилди.
Ушбу ишчи гуруҳи, пудратчи “Эл-таъмирлаш” МЧЖ томонидан олиб борилган таъмирлаш тиклаш ишларини кўриб, ўрганиб, ажратилган маблағлар тўғри ишлатилганлиги, айниқса Шамун Набий мақбарасининг таъмирлаш-тиклаш ишлари ўрганиб чиқилиб, ажратилган маблағларнинг тўғри ишлатилганлиги аниқланди ва Нукус шаҳар Прокуратурасига 2018 йил 12 июлда маълумотнома киритилган.
2018 йил 6-8 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани Миздаҳкон мажмуасидаги “Шамун Наби” мақбараси ва Беруний туманида жойлашган “Қизил қалъа” маданий мерос объектлари, махсус экспертлар комиссияси таркиби ва Бош бошқарманинг Қорқалпоғистон республикаси бўйича минтақавий давлат инспекцияси бошлиғи билан биргаликда ўрганилиб чиқилди. Хулоса илова қилинади.
* * *
Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлигининг 2018 йил 2 ноябрдаги №716 сонли бўйруғига асосан «Шамун Наби» мақбараси ва «Қизил қалъа» моддий маданий мерос объектлари бўйича экспертиза хулосаси
2018 йил 6-8 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани Миздахкон мажмуасидаги “Шамун Наби” мақбараси ва Беруний туманида жойлашган “Қизил қальа” маданий мерос объектлари, махсус экспертлар комиссияси таркиби ва маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш Бош бошқармасининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича минтақавий давлат инспекцияси бошлиғи Куанишбек Шариповлар билан биргаликда ўрганилиб чиқилди.
Ўрганиш натижасида “Шамун Наби” мақбара ёдгорлиги “Мерос Чашмаси” УК ташкилоти лойихаси асосида “Эл таъмирлаш” МЧЖ томонидан Маданий мерос Бош Бошқармаси билан 12.06.2017 йил №71 сонли шартномаси асосида таъмирлаш ва қайта тиклаш ишлари олиб борилган. “Шамун Наби” мақбараси дастлаб XII-XIII асрларда қурилган бўлиб, XIX асрда Оллоқулихон томонидан қайта қурилган. Бугунги кунда дастлабки ҳолатидаги хом ғиштдан барпо этилган ёдгорлик, яроқсиз ҳолатга келиб қолганлиги сабабли мақбара бузилиб, қадимги кўриниши ва ўлчамлари сақланган ҳолда, янгидан барпо этилган. Аммо, мақбарани қадимий асл ҳолатини сақлаб қолиш керак эди.
“Қизил қальа” мудофаа иншооти Беруний шаҳридан 27 км шимолда жойлашган бўлиб, I-II асрларда барпо этилган ва XII-XIII асрларда қайта таъмирланган. 1938 йилда С.П.Толстов бошчилигидаги экспедиция томонидан “Қизил қальа” ёдгорлиги ўрганилган. Бугунги кунда “Қизил қальа” ёдгорлиги “Мерос Чашмаси” УК ташкилоти лойиҳаси асосида “Эл таъмирлаш” МЧЖ томонидан Маданий мерос Бош Бошқармаси билан 12.05.2018 йил №103 сонли шартномаси асосида таъмирлаш ва тиклаш ишлари олиб борилган. “Қизил қальа” мудофаа иншоотида қисман таъмирлаш ва тиклаш ишлари олиб борилган. Қальа замин пойдевор қисми темир бетон билан мустаҳкамланган, қалъанинг олд томони 3/1 қисми тўлиқ таъмирланган, қолган томонлари 4-6-10 метр баландликда хом ғишт билан мустаҳкамланиб, сомон сувоқ билан сувалган. Қальага кириш қисмидаги пандус устки қисми, пишиқ оби ғиштдан зинали қилиб барпо этилган.
Қорақалпоғистон Республикасидаги “Шамун Наби” мақбараси ва “Қизил қальа” маданий мерос объектларидаги таъмирлаш, қайта тиклаш ва ободонлаштириш лойиҳа ишлари, мутахассислар томонидан чуқур ўрганилиб чиқилмаган. Келгусида маданий мерос ёдгорликларида таъмирлаш тиклаш лойиҳа таклиф ишлари, соҳа мутахассислари хулосаси асосида амалга оширилса мақсадга мувофиқ бўлади.
Хулоса: Юқоридаги камчиликларнинг келиб чиқишига лойиҳа ишларининг илмий ғўрлиги, экспертиза ва муҳокамадан ўтказилмаганлиги туфайли юзага келган.
Таклиф: Таъмир ишлари лойиҳаларининг илмийлигини кучайтириш, экспертиза ва муҳокамадан ўтказиш тартибини жорий қилиш керак.
Экспертлар комиссияси таркиби:
ТАҚИ проф. М.Қ.Ахмедов
ҚДУ проф. М.Ш.Кыдырниязов
Қорақалпоғистон Республикасида
хизмат кўрсатган маданият ходими М.М.Бабаназарова
ҚДУ доц. М.Турабеков
ТАҚИ “Архитектура тарихи ва назарияси”
кафедраси мудири Б.Г. Матчонов

 

ЎзА