Кеча тунда футбол бўйича 2018 йилги Италия суперкубоги ғолиби аниқланди. Учрашув Саудия Арабистонида ташкил этилди. Унда мамлакат чемпиони ва кубоги соҳиби “Ювентус” клуби кубок мусобақалари финалчиси “Милан”га қарши майдонга тушди.
Жидда шаҳридаги “Қирол Абдулла Спортс Сити” стадионида ўтказилган мазкур ўйин туринликлар етакчиси Криштиано Роналду фаолиятида янги саҳифа очди. Негаки, жаҳоннинг беш карра энг яхши футболчиси Апеннин ярим оролидаги дастлабки совринини қўлга киритди.
Шу куни “Милан” ҳужумчиси Гонсало Игуаин захирада қолдирилди. У катта эҳтимол билан қишки трансфер мавсумида Италия А сериясини Англия Премьер-лигасига алмаштиради. Шу сабабли Женнаро Гаттузо мавсумнинг қолган қисмида жамоа аргентиналик футболчисиз қандай ҳаракат қилишини текшириб кўраётган бўлса ажабмас. Дарвоқе, суперкубок баҳсида бразилиялик Лукас Пакета “қизил-қоралар” сафидаги илк учрашувини ўтказди.
Ўйин кутилмаганда “Милан”нинг хавфли ҳужумлари билан бошланди. Бироқ, вазиятни тезда ўнглаган туринликлар аста-секин ташаббусни қўлларига олишди ва ўйиннинг боришини назорат қилишди. Таркибдаги бир қатор муаммолар, қолаверса маҳорат бобида ҳам рақибидан сезиларли даражада ортда қолаётган “россонерилар” бошдан баланд сакрай олишмади.
Учрашувнинг 61-дақиқасида Миралем Пьянич томонидан рақиб жарима майдони ичига ошириб берилган тўпни Роналду дарвозага жойлаб қўйди. Бу гол ўйинда ягоналигича қолди ва португалиялик Англия ва Испаниядан кейин энди Италияни ҳам забт этишга киришди.
Отабек Эшмаматов, ЎзА