Қорақалпоқ тилининг изоҳли луғати тайёрланади

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Республика терминология маркази томонидан “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” асосида “Қорақалпоқ тилининг изоҳли луғати“ тайёрланади.
Бу ишга қорақалпоқ тилшунослиги бўйича олимлар жалб этилган.
– 4 жилдлик “Қорақалпоқ тилининг изоҳли луғати“ дастлаб 1992 йилда нашр қилинган, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси терминология маркази раҳбари, профессор Ш.Абдиназимов. – Тараққиёт билан бирга, тилимизга янги сўзлар кириб келяпти, айримлари истеъмолдан чиқиб қолмоқда. Табиийки, бу изоҳли луғатни қайта тайёрлашга катта эҳтиёж туғдиради. Масалан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Орол фожиаси оқибатини юмшатиш юзасидан кенг кўламли ишлар бошлаб юборилди. Шунинг билан лексикамизга “яшил қоплама” деган янги термин ҳам кириб келди. Демак, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳам тилни бойитади.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти директори, филология фанлари номзоди А.Алниязовнинг таъкидлашича, изоҳли луғатнинг тўлдирилган ҳолатда нашр қилиниши қорақалпоқ адабий тилининг бойишига, ёзилажак асарлар янада пишиқ бўлишига хизмат қилади.
Йиғилишда қорақалпоқ алифбосини замонавий технологиялар дастурларига киритиш, қорақалпоқ тилини “Google таржимон“ иловасига қўшиш ҳамда луғатларнинг электрон вариантини яратиш каби масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

 

Есимхон Қаноатов, ЎзА