Мухбирларимизнинг сафар таассуротлари билан таништиришда давом этамиз. Шу рукндаги иккинчи мақоламиз Хайнань оролидаги «Atlantis» меҳмонхонаси ҳақида.
Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) журналистлари Хитойда ўтган ОАВнинг халқаро Форумида иштирок этиб қайтишди. Мухбирларимизнинг сафар таассуротлари билан таништиришда давом этамиз. Жорий йилнинг 21 декабрь куни “Анъанавий Хитой медицинаси” сарлавҳали мақола билан танишган эдингиз. Шу рукндаги иккинчи мақоламиз Хайнань оролидаги «Atlantis» меҳмонхонаси ҳақида.
Ўн бир ой, қарийб бир йил денг, тинимсиз меҳнат қилиб, жисмонан чарчаб, маънан толиқиб, хотира ҳам бироз хиралашиб, асаблар таранглашган, хаёлларингиз эса паришон бўла бошлаган пайтларда, қани энди, бир маза қилиб дам оладиган жой бўлса-ю, шу ерда роҳат қилиб ҳордиқ чиқариб, иложи бўлса, даволаниб ҳам, пойгада чопишга шай турган тулпордек яна ишимга, уйимга қайтсам, деган орзу кечади.
Биласизми, менда бу хаёллар, биз бир гуруҳ журналистларни Хитойнинг Хайнань оролида ўтган Оммавий ахборот воситалари вакилларининг халқаро Форуми қатнашчиларини денгиз қирғоғида қад кўтарган «Atlantis Sanya» санаторий-курорт мажмуасини томоша қилгани олиб боришганида пайдо бўлган эди.
Етти юлдузли «Atlantis» курорт мажмуасида дам олувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишган, бу ердаги кўплаб ва турли-туман дам олиш ва замонавий ҳордиқ чиқариш учун махсус барпо этилган, алоҳида жиҳозланган жойларни, дастурларни бир марта бўлса ҳам ўз кўзи билан кўрган одам бундай жаннатмонанд оромгоҳининг ишқибози бўлмай қолмайди.
“Atlantis” курорт мажмуаси, «меҳмонхона», «ётоқхона» деб ҳам юритилади, шундай деб ёзаяпману, шу заҳоти ўзимни ўзим инкор эта бошлайман. Ахир бу меҳмонхона эмас, бу Жанубий Хитой денгизи соҳилида кўкка қараб бўй чўзган 55 қаватли ички ва хорижий туристлару сайёҳлар, меҳнат таътилига чиқиб дам олишга келган ишчи-меҳнатчилар учун қурилган, хаёлий жаннатнинг ердаги акси, меъморчилиги бўйича ҳам тенги йўқ қаср эди, деса бўлади.
Меҳмонхона унинг майдони 540 минг квадрат метр бўлиб, денгиз бўйидаги унга тегишли боғлар, ариқлардаги сувлар, сунъий тўлқинли бассейнлар, ажойиб ғаройиб аттракционлари, уларда дам олиб ҳордиқ чиқараётган сайёҳлар чоғроқ бир шаҳарча майдонини эгаллаган. Шундан ярмидан сал кичикроқ жойида, 200 минг квадрат метрлик майдонда дельфинарий ишлаб турибди.
Айтгандек, дунёнинг денгиз, океан бўйида қурилган қайси бир санаторий- курортига борманг деразалари денгиз томонга қараган томонининг нарҳи ҳам қимматроқ, харидори ҳам кўпроқ бўлади ва одатда бундай хоналар кўп холларда етишмайди. Бундан ташқари, одатда биноларнинг бир томони қуёш чиқар томонга қараган бўлса, иккинчи томонидаги балкон, айвон, деразалари қуёш ботадиган томонда бўлади. «Atlantis» меҳмонхонаси бунинг бутунлай тескариси. Бинонинг лойиҳачи меъмор, қурувчи, архитекторлари муаммонинг шундай ечимини топган-ки, денгизда сузиб кетаётган елканли кема шаклида қад кўтарган 64 қаватли бу меҳмонхона биносининг барча 1 минг 314 хоналари деразалари денгизга қаратиб жойлаштирилган. Улардан 154 та хонаси энг нуфузли, бой-бадавлат меҳмонлар учун юксак дид билан қимматбаҳо рангли тош ва мармарлар билан жиҳозланган. Ҳавас билан, кечирасизу, ҳатто ҳасадга яқин бир ҳиссиёт, беҳад синчковлик билан қарайман. «Ялқовлар шаҳри» дейман ичимда ва йўқ-йўқ, ахир бир йил тер тўкиб 10-15 кунга дам олишга келган ишчи-меҳнаткашларнинг бундай дейиш нотўғри, бу ҳалол ишчи-хизматчиларнинг иззат-нафсига тегиб кетади, ноҳақман дейман ўзимга ўзим. Бу ерда ҳамма нарса муҳайё, ҳеч нарса қилишингиз керак эмас. Сизга яратиладиган барча қулайликлар тўлалигича меҳмонхона мулозимлари томонидан бажарилади. Эрталаб туриб нонуштага чиқиб келганингизга қадар хоналарингиз чиннидек тоза. Биллур вазада хитойнинг анбар ҳид таратувчи чиройли гуллари ярқираб очилиб турибди. Тозалаб қўйилган кокос меваси… Унинг танга роҳат бағишловчи табиий шарбатини маза қилиб ичасиз. Столда вазада тоза қилиб ювиб қўйилган субтропик ҳўл мева.
Оролда бирон жойга бориб келаман, десангиз пастда машиналар (1 минг 200 машинага мўлжалланган гараж), денгизга чиқаман десангиз, катта сайр кемаси, моторли қайиқлар, истасангиз, яхта ҳам сизнинг ихтиёрингизга ҳозиру нозир. Wi-Fi бор. Қўлингиздаги телефон орқали дунёнинг истаган жойи билан, айниқса Тошкентдаги уйингиз билан шу заҳоти уланишингиз мумкин. Айтгандек, бу энди янгилик бўлмай қолди.
Бу ерда сизнинг ҳатто денгизга чиқишингиз ҳам шарт эмас. Баданни яйратадиган денгизнинг шифобахш тузли суви билан тўлдирилган бассейнлар. Бассейнлар атрофидаги оппоқ майин қумлар узра соябонлар қуёш нурларидан асрайди. Денгизу уммонларнинг барча жониворлари: қўрқинчли йиртқич акулаларидан, сувда сузар баҳайбат тошбақаларидан тортиб, денгиз дунёсининг ажойиб-ғаройиб балиқларнинг қизил, сариқ, зангори, қарийб барча рангдагиси ва турлари меҳмонлар шаҳарчасининг учинчи қаватига қадар кўтарилган улкан аквариумда сузиб юрибди. Сувнинг ичида балиқлар орасида ғаввослар кийимида одам ҳам сузиб, бир метрдан қалинроқ келадиган аквариум шиша деворларини тозалаб артаяпти. Қиладиган ишингиз фақат ўтириб томоша қилиш. Мазали таомлар истеъмол қилиб, дам олиш, ҳордиқ чиқариш. Бундай мўъжизани яратган унга етарли маблағ ажратиб, қурдирган ташаббускор эгасига, лойиҳаларини чизган олиму мутахассисларга, режани амалга оширган ишчи-меҳнатчиларга таҳсинлар айтмай иложимиз йўқ. Меҳмонхона ўтган 2017 йили ишга туширилди.
Хайнань Хитойда янги намунали тропик курорт зонаси бўлганлиги сабабли бу ерга дунёнинг ўнлаб мамлакатларидан келаётган меҳмонларнинг кети узилмайди. Кимдир кун кўрмаган оппоқ юзу, билаклари билан энди кириб келаётган бўлса, кимдир жануб қуёшида тобланиб, денгиз сувида маза қилиб чўмилиб бардам-бақувват бўлиб уйига жўнаб кетмоқда. Ҳозир Хитойнинг Ханань оролидаги «Sheraton», «Hilton», «Holiday Inn», «The Ritz-Carlton», «Kempinski» ва бошқа нисбатан арзонроқ бўлган меҳмонхоналар ҳам бу ерга дам олиш ва даволаниш учун келган минг-минглаб сайёҳларга хизмат кўрсатмоқда. Биз томоша қилган етти юлдузли «Атлантик» меҳмонхонаси, айтишлари бўйича ҳозир жаҳонда иккита бўлган шундай меҳмонхонанинг биттаси экан. Бири Дубайда Бирлашган Араб Амирликларида бўлса иккинчиси тропик табиатли ва биз ҳикоя қилаётган Хайнань оролида. Дунёнинг энг гўзал манзарали жой деб ҳисобланадиган Гавайи оролидаги учинчиси у ердаги вулқон ҳаракатлари безовта қилаётганлиги сабабли ҳозир ишламас экан.
Елкан шаклида, 170 метр осмонга қараб бўй чўзган баҳайбат меҳмонхонанинг бош биноси ғалати геометрик кўринишга эга. Дам олаётганларга бу ерда ер юзидаги барча хизмат турлари кўрсатилади. Меҳмонхона ичидаги бир денгиз суви сиғадиган катта аквариумда Жанубий Хитой денгизида бор бўлган мавжудотларнинг барчасидан намуналар: акула, тошбақа, илон балиқ, қўйингки, қуруқликда туғилиб, асосий умрини қуруқликда ўтказадиган инсон билмайдиган денгиз ва уммон ҳайвонлари-ю мавжудотлари сузиб юрибди.
Хоналарнинг нафақат денгизга чиқадиган ойналари, балки меҳмонхона ичида ҳам аквариумга қарайдиган балкони мавжуд бўлиб, дераза пардасини очишингиз билан ўзингизни гўё аквариум ичидаги денгиз мавжудотлари билан бирга сузиб юргандек ҳис қиласиз. Оиласи билан дам олишга келганлар учун икки-учта хонали, болаларга ҳам алоҳида ётоқхонаси бўлган номерлари бор.
Иш билан, дўстона ташриф билан келган юқори лавозимдаги меҳмонлар учун алоҳида шоҳона апартаментлар, махсус қабул хоналари, тор доирада музокаралар ўтказадиган заллари ҳам мавжуд.
Меҳмонхонадаги СПА-центр марказида ҳордиқ чиқариш, дардингизни олиш, соғломлаштириш, ҳатто ёшартириш бўйича ҳам ҳеч қаерда бўлмаган махсус дастурлар асосида муолажалар кўрсатилади. Мўъжизавий натижалар бераётган анъанавий ва замонавий хитой медицинаси тажрибаси қонун-қоидалари бўйича даволашади.
Кейинги мақоламиз «Туризм. Ўзбекистон-Хитой» номида эълон қилинади. Сайтимизни кузатишда давом этинг!
И.Абдухолиқов, ЎзА