Қардошлар қалбини сифатли маҳсулотлар билан забт этамиз!

Қозоғистон Республикасининг Чимкент шаҳрида Қозоғистон-Ўзбекистон I минтақалараро ҳамкорлик форуми бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбири мазкур тадбир иштирокчиларининг айримлари билан суҳбатлашди. 
 
photo5436256504912128751.jpg
– Форумдаги иштирокимиздан кўзланган эзгу мақсад битта: у ҳам бўлса, сифатли маҳсулотларимизни тақдим қилиб, дўстона ҳамкорликни йўлга қўйиш, Қозоғистонга ҳам арзон, ҳам сифатли маҳсулот етказиб бериб, экспорт ҳажмини ошириш, – дейди Р.Содиқов. – Келгусида харидорлар сафини кенгайтириш учун қўшни давлатларда савдо уйлари фаолиятини йўлга қўйиш масаласи чуқур ўрганилмоқда. Айтиш жоизки, ҳар қандай истиқболли лойиҳа ҳам заҳматли меҳнатни талаб этади. Юртимизда ҳам пахта хомашёсидан тайёрланган маҳсулотларга эҳтиёж юқори. Шуларни инобатга олиб, пахтани фақат тола ҳолида эмас, балки тўлиқ қайта ишлашни йўлга қўйганмиз. Турли ёшдагилар учун тайёр кийим маҳсулотларини ишлаб чиқариб, жаҳоннинг 70 дан ортиқ мамлакатларига экспорт қилаяпмиз.
Ушбу форумда хорижий давлатларга йўналтирилган тайёр маҳсулотларимиздан намуналар билан қатнашмоқдамиз. Ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги жиддий келишувлардан бирига эришамиз, албатта. Бугунги кунга қадар, Қозоғистонда бизнинг 20 га яқин корхонамиз ўз савдо уйига эга. Ишлаб чиқариш ривожи йўлида амалга оширилаётган ҳар қандай ташаббусни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.

 

Ғ.Ширинов, ЎзА махсус мухбири, Қозоғистон, Чимкент​​