“Кazak tourism” миллий компанияси раиси ўринбосари Тимур Дуисенгалиев Қозоғистон Республикасининг Чимкент шаҳрида ўтказилаётган Қозоғистон – Ўзбекистон I минтақалараро ҳамкорлик форумига ўз муносабатини билдирди.
— Бугунги туризм иқтисодиётнинг янги, ўзига хос бўғини саналади. Туризм ҳар бир мамлакатнинг келажагини белгилаб беради. Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида туризм йўналишида 9 дан ортиқ ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Чегаравий масалаларда ҳам ижобий келишувга эришилди. Халқаро тажрибага кўра, туризм иш ўрни яратилишида ҳам янги истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда асосий роль ўйнайди. Охирги йилларда Ўзбекистонда туризмни кенг кўламда ривожлантириш учун давлат томонидан бир қатор жиддий ишларга қўл урилмоқда. Туризм соҳасида фаолият юритаётганим учун бу жараённи доимий кузатиб бораман. Ушбу форумни ўтказишдан кўзланган мақсад ҳамкорликда лойиҳаларни қайта кўриб чиқиб, тўсиқларсиз туризмни йўлга қўйишдир. Бундай ижобий ҳамкорлик иқтисодиётимиздаги ўсиш суратини ошишини таъминлайди. Ишсизликнининг кескин камайишига олиб келади. Биз, туризм соҳасининг вакиллари халқларимиз хоҳишидан келиб чиқиб иш юритсак, азалий қадриятларга эга Қозоғистон ва Ўзбекистон томони халқаро тажрибалар асосида туризмни ривожлантиришга бел боғласа, яқин келажакда иқтисодиётнинг яна бир таянчи пайдо бўлади, албатта.
Ғайрат Ширинов, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
Қозоғистон, Чимкент