Пойтахтимиздаги “Radisson Blue” меҳмонхонасида ўтказилган халқаро тадбир Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш бўйича миллий мақсадлар ва вазифаларнинг мазмун-моҳиятига бағишланди.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва БМТнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда қатор вазирлик, идоралар, фуқаролик ва халқаро молиявий институтлар, БМТ агентликлари, дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Курманов, БМТнинг мамлакатимиздаги доимий вакили Ҳелена Фрейзер, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хидеки Мори ва бошқалар Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланаётгани ва бу жараёнда уларнинг иштироки мамлакатимизнинг барча жабҳаларида замонавий ўзгаришлар ҳамда янгиликларни татбиқ этишга кенг йўл очаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 октябрдаги «2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ қабул қилинган Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсадлар, вазифалар ва уларни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тақдимотининг халқаро ҳамжамият эътиборига тақдим этилиши бунга яққол мисолдир.
Таъкидлаш керакки, Глобал мақсадлар деб аталувчи Барқарор ривожланиш соҳасидаги мақсадлар қашшоқликни тугатиш, сайёрани муҳофаза қилиш, шунингдек, барча аҳоли учун тинчлик ва фаровонликни таъминлашга қаратилган умумий дастур ҳисобланади. У ўз ичига 2030 йилгача эришилиши лозим бўлган 17 мақсад ва 169 вазифани қамраб олади. Ушбу глобал дастур 2015 йилнинг сентябрида БМТга аъзо барча давлатлар қаторида Ўзбекистон томонидан ҳам маъқулланган.
– Бугунги кунда дунёнинг 193 мамлакати ушбу Барқарор ривожланиш бўйича мақсадларни амалга оширишга ўз хоҳишини билдирган, – деди БМТнинг Тараққиёт дастури вакили Анвар Мелибоев. – Мамлакатимизда бу борада ҳам саъй-ҳаракатлар бошланган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 октябрдаги қарори асосан Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсадлар ва вазифалар ҳамда уларни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тақдимотининг ўтказилиши бу борадаги дастлабки қадамлардандир. Асосий мақсад эса халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш, таълим, соғлиқни сақлаш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, гендер тенглиги, барча хизмат турлари, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларни яхшилашга қаратилган. Давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясида қилган маърузасида Барқарор ривожланиш бўйича мақсадларнинг ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси билан чамбарчас боғлиқлигини таъкидлаб ўтгани бежиз эмас. Чунки бу ҳар иккала дастур замирида юрт тараққиёти ва халқимизнинг фаровон ҳаёти, бахту келажагини яратишдек улкан мақсадлар мужассамдир.
Қайд этиш керакки, БМТ ёрдамида амалга оширилаётган мазкур дастурда иқтисодий, ижтимоий ва экологик йўналишларда муайян мақсадлар ва вазифалар тўплами ҳам кўзда тутилган. Тадбирда 2030 йилгача бўлган даврда миллий мақсадлар ва вазифаларни амалга оширишни ташкиллаштириш бўйича «Йўл харитаси» тақдим этилди.
– Ўзбекистоннинг барча жабҳаларида ўзгаришлар кузатилмоқда, – деди БМТ Тараққиёт дастурининг Истанбул шаҳридаги ҳудудий ваколатхонаси менежери Герд Трогеманн. – Албатта, бу жараёнлар мамлакатингиз равнақида муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, бундай жадаллик Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш бўйича миллий мақсадлар ва вазифаларнинг ижросида ҳам қўл келади. Ушбу миллий мақсадлар ва вазифаларни мониторинг қилувчи ва тавсия берувчи ишчи гуруҳ юртингиздаги барча соҳаларни ўрганиб чиқди ва унинг ижросини таъминлашда зарур тавсияларини беради. Шу сабабли бугунги тадбирда Барқарор ривожланиш бўйича миллий мақсадлар ва вазифаларни жадаллаштиришда 50 та тавсия тақдим қилдик. Хусусан, ушбу тавсиялар давлат бошқаруви, ижтимоий ривожланиш, экология, ресурслардан самарали фойдаланиш соҳалари, шунингдек, гендер тенглик ва инсон ҳуқуқларига риоя қилиш масалаларига тааллуқлидир.
Якунда мавзу доирасида фикр-мулоҳазалар ва таклифлар билдирилди.