Йил бошидан республика бўйича улгуржи савдо товар айланмаси 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 5,7 фоизга ўсди.
Ўзбeкистон Рeспубликаси Давлат статистика қўмитасининг Ташқи иқтисодий фаолият ва савдо статистикаси бошқармаси маълум қилишича, йил бошидан республика бўйича улгуржи савдо товар айланмаси 43 761,0 млрд. сўмни ташкил қилди ва 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 5,7 фоизга ўсди.
Улгуржи савдо товар айланмасида энг юқори ҳажм кичик тадбиркорлик субъектларига тўғри келмоқда. Мазкур ҳажм 2018 йил январь-октябрь ойлари якунларига кўра, 28 754,7 млрд. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,5 фоизга ўсди. Ушбу секторнинг умумий улгуржи савдо айланмасидаги улуши эса 65,7 фоизни ташкил қилмоқда. Бу кўрсаткич бошқа вилоятлар билан таққослаганда, Тошкент шаҳрида (79,7 фоиз), Фарғона (71,6 фоиз) ва Самарқанд (70,2 фоиз) вилоятларида юқори бўлган.
Улгуржи савдо айланмасининг таркибида йирик корхоналар айланмасининг улуши 34,3 фоизни ташкил этди. Йирик корхоналарнинг аксарияти Навоий (68,6 фоиз), Тошкент (63,3 фоиз) ва Жиззах (54,3 фоиз) вилоятларида кузатилди.
Улгуржи товар айланмаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан Қашқадарё вилоятида ўсиш суръатида камайиши кузатилди – 96,9 фоиз.
ЎзА