ГУРУНГ
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги «Гурунг» суҳбатлар туркумини бошлади. Илк суҳбатдошимиз ёзувчи Мамадали Маҳмудов.
– Ассалому алайкум, Мамадали ака. Хуш келибсиз.
– Ассалому алайкум.
– Сизни Ўзбекистонда Мамадали Маҳмудов, хорижда эса Эврил Турон сифатида яхши билишади. Сизни адабиётдан, ижоддан айро тасаввур этиб бўлмайди. Суҳбатимизни шу мавзудан бошласак.
– Адабиёт умримнинг мазмуни. Мен онамнинг қўлида тарбия топганман. Отам урушда вафот этган. Бобом Аҳмад оқсоқол Боғдон қишлоғи (Жиззах вилоятида) оқсоқоли бўлган. Отам тоғбегиси эди. Ишдан қочиб қояларда, дарахтлар устида китоб ўқирдим. Шу даражада китобга берилиб кетгандим. Келажакда ўз миллатим ҳаёти, тақдири, тарихи ҳақида китоб ёзаман, деб ўйлардим.
– Асарларингизни китобхон севиб ўқийди…
– Асарларимнинг ҳаммасини миллатим, ватаним учун ёзаман. Ҳамма асарларимни. Энг митти ҳикояларимдан тортиб, қисса, романларимгача. Бусиз мен адабиётни тасаввур қила олмайман.
– Бугунги кун зиёлилари нима ўқияпти?
– Бугунги кунда ўзбек адабиёти ҳақида бир нарса дейишим қийин, лекин бизнинг адабиётимизда Байрон, Гёте, Шекспирдан қолишмайдиган ижодкорларимиз бор. Масалан, Чўлпон, Шекспир кўп тарғиб этилаверганидан, дунё тилларига таржима қилинаверганидан, назаримизда илоҳийлашиб кетган. Чўлпон, Абдулла Орипов, Фитрат, Одил Ёқубовнинг асарларини таржима қилиш керак. Ҳозирги баъзи ёзувчиларимиз, буюк ёзувчиларимиз туриб, ўз асарларини тиқиштириб таржима қилдиради. Чет элдагилар ўзбек адабиёти шундай эканда, деб ўйлайди, тасаввур қилади. Аслида энг яхши ёзувчи ва шоирларнинг асарларини таржима қилиш керак. Менинг «Ўлмас қоялар» романим 1981 йилда Германия Федератив Республикасида чиққан, сўнг Туркияда чоп этилган. 2008 йилда француз тилида Парижда, 2013 йилда Лондонда чоп этилди Яна бир қанча асарларим ўзимга етиб келгани йўқ. Эврил Турон сифатида китобларим, эсселарим бутун дунёда чоп этилаяпти. Америка, Англия, Канада, Норвегия, хуллас бутун дунёда.
– Ижодкорга йўллар очилди. Эркинликлар берилди.
– Мен ҳам, дўстларим ҳам кўп таклиф қилганмиз, лекин ҳамма эшиклар берк эди. Мана орадан 27 йил ўтиб, битта хабарим Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида чиқди. Шу муддат ичида иккинчи марта мени таклиф қилаяпсизлар. Ҳамма китобларим Ватан, миллат учун ёзилган. Бошқа нарса мени қизиқтирмайди. Шунга қарамай мен 17 йил “ўтириб” чиқдим. Тўғри ҳақиқатнинг тикланиши жуда қийин кечар экан. Ҳаёт ўзи шундай қурилганки, ёлғон билан чин орасида доим кураш кетади. Мана 27 йил кечроқ, Тангрини, яна айрим дўстларимизнинг қўллови билан сизларга интервью бераяпман.
– Сиз туғилиб ўсган маскан – Фориш ҳақида гапириб берсангиз.
– Форишнинг Боғдон қишлоғида туғилганман. Сойлар тўлиб оқарди, булоқлар кўп эди. Ҳозир у сувлар камайиб кетган. Ўсмирлик давримда «Уч қулоч» олтин конида асосан хорижликлар ишларди. Давлатга жуда катта фойда келтирарди. Шу ўринда битта гапни айтаман. Ўзбекистоннинг ер ости бойлиги, захираси миллион йилларга етади. Масалан, мармар кони – Лангарни айтсак. Бу кон Навоий вилоятидаги Хатирчи туманига қарашли. Форишда сув кам. Шунинг учун ҳозир Чордарадан сув олиб келинаяпти. Этагимизда Айдаркўл. 400 километрларга чўзилиб кетган. Унинг сувини чучуклаштириш мумкин. Президентимизнинг ташаббуси билан 20 минг гектарни ўзлаштирмоқчи. Кейин ҳозир «Базальт» кони ва заводи очилган. Жуда ноёб кон. Мармар кони, цемент, оҳак заводи очилган. Фориш чўллари муваффақиятли ўзлаштирилса миллион одамни иш билан таъминлаш мумкин. Кичик бир давлатга тенг ҳудуд ястаниб ётибди. Хонбанди деган шаҳарча бор. Ҳозир уни намунали шаҳарчага айлантиришмоқчи. Бу ерда тўққиз қаватли бинолар бор. Авваллари лифтлари ишламаган. Ташландиқ, сув ҳам йўқ эди. Ҳозир ҳамма шароитлар яратилаётган экан. Шаҳарчада жуда кўп одам иш билан таъминланаётган экан. Авваллари бу ерда минглаб одамлар ишларди. Шахталар, бурғулар кўп эди. Умуман юртимизда кўп олтин конлари бор. Одамлар ноқонуний ҳолда конларни ковлаб олади. Шу конлар очилса Ўзбекистон бойиб кетади жуда. Конларни қайта очиш керак.
– Бугунги ўзгаришлар ҳақида нима дея оласиз?
– Шахсан мен Президентимиз Шавкат Миромоновични жуда ҳурмат қиламан. Муваққат раҳбар бўлган пайтда кўзларимга ёш келган. Бу одам Ўзбекистонни ўзгартирадиган одам, деганман. Йигирма соатлаб ишлайди.
– Синов иродани тоблайди…
– Тақдир экан, 17 йил “ўтирдим”. Бу бир томондан менга синов бўлди. Иродамни синаб кўрдим. Ўша жойда ҳам 3 та роман ёздим. Ишқилиб иложини қилдим. «Бўз бўри» деган роман ёздим. Араблар босқини ҳақида. «Ойгул», «Ой нури» деган романлар ёздим. Бу ҳаммаси янгича талқинда эди. Бутун мустақиллик ҳақида ёзаяпман. Шунинг учун агар йўллар очилса, босмадан чиқса кўпчилик ўқийди. Чунки ҳозир чет элларда нашр этилганини ўқишаяпти, хатлар ёзишади, қўнғироқлар бўлади. Уларга асарларимни электрон почтада юбораман.
– 2017 йил 3 августда Президентимиз зиёлилар билан учрашганди. Бу ўша пайтда ижодкорлар қалбидаги учқунни оловлантиришга ҳам сабаб бўлган. Сизга қандай таъсир этган.
– Ҳозирги сиёсатни юз фоиз қўллаб-қувватлайман. Бу менинг юрак сўзим. Ўзбекистонда мислсиз ўзгариш бўлаяпти. Ёзувчиларга катта эътибор берилаяпти. Урилган, сурилган дейди. Аслида улар ватанпарвар одамлар. Бошини кундага қўйса ҳам ўзбек учун ўладиган одамлар, Ватан учун ўладиган одамлар. Шуларни олиб чиқиш керак ёруғликка. Ёзувчилар уюшмасига алоҳида бино қуриб берилди. Тарихда қоладиган иш бу. Боғ қуриб берилди. Ўзим бориб кўрганим йўқ. Уйлар қуриб берилаяпти. Ўша уйлардан арзийдиган ёзувчиларга бериш керак. Уларни ўша ерда ишлайдиган одамлар олиб қўймоқда. Шахсан менинг уйим йўқ. Англияда яшовчи бир дўстимнинг Чирчиқдаги уйида яшаб турибман. Ҳаётим шундай. Икир-чикиригача айтмайман. Ижарага пул тўламайман. Лекин тўловларига ҳам анча пул кетиб қолади. Шу нуқтаи назардан, Президентимиз тарихда бўлмаган эзгу иш қилди. Менинг назаримда чин мустақилликка икки йил бўлди эришилганига. Шавкат Миромонович мислсиз ўзгаришлар қилаяпти. Қуйидаги раҳбарлар тўла қўллаш керак. Матбуот, радио, телевидение, Ёзувчилар уюшмасини ислоҳ қилиш керак, деб ўйлайман. Деворий газетага айланиб қолган газеталарни ҳеч ким ўқимайди. Тиражлари ҳам камайиб кетган. Одил Ёқубов давридаги миллион нусхадаги газеталар ҳозир ўқилмайдиган даражага тушиб қолган. Муҳаррирлар савиясини ўйлаб кўриш керак. Шу икки йилликни китоб қилса бўлади. Икки йилда Ўзбекистонда қандай ўзгаришлар бўлди? Масалан, Америка ҳеч қачон бошқа Президентларни ўзи чақирмаган. Президентимизни ўзи чақирди. Бундай кутиб олиш бўлмаган. Кутиб олишни мен бошдан-оёқ, такрор-такрор кўрдим. Ҳали Ўзбекистонда одамлар юз фоиз иш билан таъминланади. Бунинг учун Шавкат Мирзиёевга ёрдам бериш керак. Мен ҳам қариб қолган бўлсам ҳам ёрдам бераман. Қуйи раҳбарлар ҳам шу одамнинг фикрини қўллаб, ёрдам бериши керак. Адабиёт бўладими, қишлоқ хўжалиги бўладими, саноат бўладими ҳамма-ҳамма соҳада ёрдам бериш керак. Миллатга, ватанга жон куйдирадиган одамларни ишга олиш керак. Қуруқ миллатимиз, ватанимиз дейиш, бу ҳиссиз гаплар. Менинг эса асарларимда Ватан улуғланади.
– Келгусидаги режаларингиз қандай?
– Бир гўзал роман ёзмоқчиман. Кейин ўзгаришлар ҳақида эссе ёзмоқчиман. Китоб ёзмоқчиман. Агар шундай шароит туғилса, албатта, ёзаман. Ҳозир Паркентда, Зоминда ижодкорлар боғ уйи қурилаяпти. Бу катта гап. Ўша жойларда йиллаб китоб ёзса бўлади. Чунки бемалол ёзса бўлади-да. Шароит бўлса ёзилади. Шароит бўлмаса ёзилмайди.
– Қалбингиздан қандай ҳис-туйғулар кечаяпти ҳозир?
– Эллик йиллар ичида Ўзбекистон беқиёс қудратга минади. Ўзбекистонда ҳаммамиз бир туғишган миллатмиз. Ўзбекистонда ҳозир 33 миллион, бутун дунёда 60 миллионга яқин ўзбеклар бор. Биз қудратли давлатга айланамиз. Айланишимиз керак ҳам. Шавкат Мирзиёевнинг сиёсати жуда тўғри бўлаяпти. Ҳамма билан тенг сиёсат олиб бораяпти. Чет давлатлар билан яхши сиёсат олиб бораяпти. Бунинг меваси жуда буюк бўлади. Бўлар экан-ку мана. Йўлларни очиб ташлади. Шавкат Миромонович Назарбоевни (Қозоғистон Президенти) устозим деди. Бир жойи камайиб қолгани йўқ. Ёши катта, сиёсатни пухта биладиган одам. Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон билан алоқа яхши бўлгани яхшида. Туғишганидай кутиб олишди Президентимизни. Чингиз Айтматов номига кўча қўйилибди. Кўрасиз келажакда, бу гапларим балки бу ерда нотўғридир. Аммо ҳали ҳарбий бирлик, иқтисодий бирлик, пул бирлиги бўлиши мумкин. Қўшнилар шундай қилса яхши-ку. Кадрлар масаласини ислоҳ қилиш керак. Ишлайдиганларни олиш керак. Чўнтагини ўйлайдиган эски раҳбарлар ҳамон сақланмоқда. Айтилаётган нарсаларни изчил кузатиб бораяпман. Бу нарсалар шунчаки хўжакўрсинга қилинаяпти. Ундай бўлмаслиги керак. Юракдан бажариш керак. Ўзбекистонни ўйлайдиган одамларни ишга олиш керак. Тасаввур қилинг, 17 йил ўтиргандан кейин Ўзбекистонда кутилмаганда ўзгариш бўлиб қолди. Шу ўзгариш яна ўзинг яхши билган одаминг бўлиб чиқаяпти. Шунда йиғлаб юборганман. Ўзи юрагим касал. Лекин ош қилиб, ўтириб шу одамни дуо қилганмиз, байрам бўлиб кетган. Фақат бизнинг уйда эмас, содиқ дўстларимизнинг уйида ҳам байрам бўлган. Чет элдаги ўзбекларнинг ҳаммаси жуда катта тажриба орттирган. Ҳаммаси миллатим, ватаним дейди. Ичида балки 5–6 фоизи ёмондир, лекин қолганларининг ҳаммаси бола-чақа боқишни ўйлайди, ватаним дейди. Ҳар бир ўзбек ўз Ватанини севади. Ичида шу туйғу бор. Энди ичида бита-ярим чиқиндиси бўлмаса. Уларнинг ҳаммасини юртимизга чақириш керак. Ўзбекистонни гўзал бир ўлкага айлантириш керак.
Мен истасам-истамасам, миллионлар истаса-истамаса Ўзбекистон ҳали қудратли давлатга айланади. Яна бир бор такрорлаяпман. Кўриб турибман шуни. У пайтларда мен бўлмайман, лекин сизлар албатта бўласизлар.
– Суҳбатингиз учун катта раҳмат. Биз насиб этса яна учрашамиз.
– Раҳмат. Жуда ҳам севиндим чақирганларингиз учун. Ўзбек сўзи билан айтсам, бошим осмонга етди.
«Гурунг» туркум суҳбатларимиз давом давом этади.
Суҳбатдош Барно Мелиқулова, Ёқуб Мелибоев (видео), ЎзА