​Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият

Инсоният бошига мисли кўрилмаган азоб-уқубатлар, ваҳшийликлар келтирган Иккинчи жаҳон уруши нацистлар, фашистларнинг инсониятга нисбатан амалга оширган шафқатсиз жиноятлари, инсон ҳуқуқларининг топталиши, хўрланишининг олдини олувчи халқаро ташкилот тузишни тақозо қилди.
Шу мақсадда 1945 йил Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил этилди ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари учун умумий кураш бошланди. Дунё халқлари, давлатлари бу йўлда бирлашишга даъват қилиниб, 1948 йил 10 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси инсон ҳуқуқлари бўйича 30 моддадан иборат Декларацияни қабул қилди. Бу ҳар бир инсоннинг табиий ва туганмас ҳуқуқ ва эркинликлари эълон қилинган асосий халқаро ҳужжат бўлиб, унга БМТга аъзо давлатларнинг аксарияти қўшилди. Декларацияда инсониятнинг барча вакилларига хос қадр-қиммат, уларнинг тенг ва ажралмас ҳуқуқларини тан олиш – эркинлик, адолат ва ялпи тинчлик масалалари белгиланди. Инсонларнинг шахсий, сиёсий ҳамда ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари кафолатланди.
Ўзбекистон ҳам давлат мустақиллигини қўлга киритгач, инсонпарвар демократик давлат, адолатли фуқаролик жамияти қуриш мақсадини кўзлаб, 1991 йил 30 сентябрда ушбу ҳужжатга қўшилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” деб номланган 2-бўлими мазкур Декларация талабларига тўла мос келади. Унда Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиши, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги таъкидланди. Шу пайтгача республикамизда инсон ҳуқуқларига доир юздан ортиқ қонун қабул қилинди ва улар халқаро меъёр ва андозаларга мувофиқлаштирилмоқда.
Мамлакатимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бир қатор ташкилотлар фаолият кўрсатмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 70 та асосий ҳужжатга қўшилган, БМТ томонидан қабул қилинган 10 та халқаро шартноманинг бевосита иштирокчисидир. Миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига халқаро стандартларни тизимли ва босқичма-босқич имплементация қилишнинг ўз модели, инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши мониторинги миллий тизими шакллантирилди.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида мамлакатимиз халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти сифатида ўрни ва ролини янада оширди. Хавфсизлик, барқарорлик ва яқин қўшничилик муҳити изчил ривожлантирилди.
Юртимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, адолатни қарор топтириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар бугун БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилиб, қўллаб-қувватланмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги маърузасини тинглаган давлатлар раҳбарлари, дунё жамоатчилиги Ўзбекистондаги демократик ўзгаришларга ўз баҳосини берди. Бу эса мамлакатда давлат, жамият ва фуқароларнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг тамойиллари ва қадриятларига эътиборини кучайтириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган самарали тадбирлар амалга оширилаётганидан далолатдир.
Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасида тузилма раҳбарлари билан учрашувлари чоғида 2018 йилда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги муносабати билан Самарқанд шаҳрида инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумини ўтказиш ташаббусини билдирган эди.
Айни пайтда Самарқандда 22-23 ноябрь кунлари ўтказиладиган мазкур форумга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Унда БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари, Осиё қитъасида инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи институтлар раҳбарлари, ҳуқуқшунос олимлар ва халқаро экспертлар иштирок этиши кутилмоқда.
Маълумотларга кўра, форумда декларация нормалари ижроси, иқтисодий, ижтимоий, маданий, фуқаролик ҳуқуқларининг универсаллиги, уларнинг ўзаро алоқаси, эришилган ютуқлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича мажбуриятларни бажаришдаги муаммолар кўриб чиқилади. Эътиборли томони шундаки, форум якунлари бўйича инсон ҳуқуқлари ҳимояси юзасидан Самарқанд декларациясини қабул қилиш режалаштирилган.
Инсон шаъни, қадр-қиммати улуғланган, барча ислоҳотлар халқ манфаатларига қаратилган мамлакатимизда бундай йирик халқаро форумнинг ўтказилиши, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги кенг нишонланиши юртимизда мазкур масалага устувор йўналиш сифатида эътибор қаратилаётганидан далолат беради.
Содиқ Назаров,
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти
академик лицейи директори ўринбосари.

 

ЎзА