оҳид Луқмоннинг ва Исомиддин Пўлатовнинг Uza.uzда эълон қилинган обунага оид мулоҳазаларини ўқиб, бу фикрларни матбуотда сўзда эмас, амалда ўзгариш қилишга интилаётган, шу жараён “қозонида қайнаётган” шогирдларимнинг дарди деб қабул қилдим.
Билдираётган муносабатларимда бу икки муаллиф ва бошқа ҳамкасбларим айтган ҳолатларни такрорламоқчи эмасман.
Жамиятдан норизо бўлишга ҳаққимиз йўқ, чунки у бизга фикримизни эркин билдириш, жамоатчилик муносабатини шакллантириш имкониятини берди. Бир жиҳатни унутмайлик, оркестрни дирижёр бошқаради, ансамблни – доирачи. Жамиятни эса белгиланган тартиб-қоидалар, қолаверса, халқнинг менталитети бошқаради. Тартиб-интизомнинг биринчи талаби ҳар бир ишни унинг оқибатини ўйлаб, босқичма-босқич амалга ошириш.
Мисол учун, давлат раҳбарининг тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги сиёсатидан ўрнак олайлик. Уч йилдан бери деярли ҳар ойда айнан шу соҳада янги ҳужжат қабул қилинади. Нега? Ислоҳотлар жараёнида унга тўсиқ бўлаётган ҳолат, хориж тажрибаси ўрганилиб, кейин хулосага келинмоқда. Ҳар қандай янгилик соҳага пайдар пай киритилмаяпти, ижрочилар учун унинг моҳиятини тушунишга муҳлат бериляпти. Ҳар қандай янги қонун ёки меъёрий ҳужжат ҳам нуқтаи назаримизни бирдан ўзгартира олмайди.
Эътибор берганмисиз, фоторадар кўпайиб, жарима миқдори ошгандан кейин ҳам йўл ҳаракати қоидасини бузиш ҳолати учраяпти. Чунки кўпчилик бунақа тартибга ўрганмаган. Мисол учун, Самарқанддаги йирик чорраҳаларда бошқа ҳаракат иштирокчиларига халақит бермасдан ўнг томонга бурилишига рухсат берилган белги ўрнатилган. Ўнта ҳайдовчининг бештаси ҳалигача буни тушунмайди, ҳатто ўқиб кўрмайди, чунки бунга ўрганмаган.
Энди матбуотдаги “кўникма”ларга келсак, у бор гап. Йиллар давомида республика, вилоят ва туман (шаҳар), тармоқ ва хусусий газеталар тизимига горизонтал ёндашдик. ОАВ рейтинги белгиланмади, мониторинги номигагина қилинди. Натижада расмий ҳужжатларни барча нашрлар бир хил тарзда беришга ўтди. Ваҳоланки, улар буни турлича услубда ёритиши мумкин эди. Айрим муҳаррирлар дунё тажрибаси – газета сотиш услубини унутди.
Мажбурий обуна ҳам, обуна атрофидаги коррупцион ҳолат ҳам бор гап. Бир неча йил аввал бу ҳақда бонг ургандик, лекин ўшанда ҳамкасбларим қўллаб-қувватлашмади.
Давлат ва унинг раҳбари бу ҳолатга қараб турган эмас. “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун асосида кўплаб давлат идораларида матбуот котиби штати жорий этилди, очиқликнинг бошқа чоралари кўрилди. Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, халқаро пресс-клуб, интернет нашрлар, ижтимоий тармоқлар айрим ҳамкасбларимизни уйғонишга мажбур қилди. Бу – бор гап.
Тўғри, бу ҳолат ҳам бизни қониқтирмайди, чунки муштарий биздан бунданда катта жасорат кутмоқда. Бундай жасоратга барча ҳамкасбларим тайёр эмас. Аммо “мажбурий обунага” барҳам бериш баҳонасида матбуотни йўққа чиқариш бу соҳадан алами бўлса-да, зиёлининг иши эмас. Матбуот таъсирчанлигини оширишни босқичма-босқич амалга ошириш зарур. Токи одамлар газета ўқиш завқидан бебаҳра қолмасин, шунинг баробарида уларда танлов кўникмаси шакллансин.
Майли, газеталаримиз сифати, мазмуни ҳақида баҳслашайлик, бу ҳолатни баҳолаш мезонини ишлаб чиқайлик, бир-биримизга баҳо берайлик. Ахир матбуотнинг янги авлоди ўз-ўзидан, газеталар йўқ жойдан пайдо бўлмайдику! Қолаверса, айрим газеталар жамиятдаги муаммоларни кўтаришда, халқ фикрини беришдан ярқ этиб кўзга ташланиб қолдику. Демак, давр руҳи ва масъулиятини чуқур ҳис қиладиган журналист йўқ эмас. Демак, бошқаларни ҳам шундай ишлашга ўргатиш лозим.
Хонадонларга вақтли матбуот нашрлари бормаслиги маънавиятимизга катта зарар етказади. Чунки мутолаа – фикрлашнинг асоси. Ундан кўра, биз кимгадир аччиқ қилиб, почта тизимини нега барбод қилганимизни ўйлайлик, уни замонавий тарзда қайта ташкил этиш устида бош қотирайлик. Бизда газеталар нафақат ахборот берувчи, балки тарбия воситаси ҳам эканлигини унутмайлик.
Тарихдан маълумки, менталитетимизнинг замири маърифатга, илмга интилиш, устозга эргашиш, яхшилик қилиш билан боғланган. Минг афсуски, кексалар ўз авлодлари ҳаракатидан ҳайрон. Ота-ўғил, ака-ука мол-дунё учун бир-бирини судга бераяпти, эр хотинини хорижга мардикорликка жўнатаяпти, эрнинг хориждан юборган пулини хотин улфатчилик ва зебу зийнатга сарфламоқда. Эҳтимол, иқтисодий бўҳронлар бизни шу кўйга солаётгандир. Аммо бир ўйлаб кўринг, ана шу ҳолатда одамларга маърифат беришни тўхтатиб қўйиш инсофданми?
Интернетдаги ижтимоий тармоқда ўзим иштирок этаман. Ҳали унда ҳам рақобат биз кутгандек эмас, кўпчилик сайтлар, блогерлар битта ахборотни қайтариш билан овора, лекин уларда фикрлар қарама-қаршилиги, эркинлиги мавжуд. Сизу бизнинг вазифамиз, матбуотни тугатиш эмас, балки унга ана шу руҳиятни олиб киришдир. Бу ишни бизга биров келиб қилиб бермайди. Эсдан чиқармайлик, минтақа нашрларининг ўқишли, жонли бўлиши мамлакатда матбуот оммавийлигини таъминлашнинг асоси ҳисобланади.
Азиз ҳамкасблар, келинглар шиддатли жараёнда жамиятдаги мавқеимизни мустаҳкамлашга биргаликда ҳаракат қилайлик.
Матбуот шунақа соҳаки, унда мутлақ фикрли бўлиш мумкин эмас. Матбуотнинг обрўси уни ўқиган, унга муносабат билдирганлар сафи билан ўлчанади. Ўзаро рақобатни ана шу йўналишга қаратайлик.
Фармон Тошев,
“Зарафшон” газетаси бош муҳаррири
ЎзА