Тошкентда 19-21 ноябрь кунлари яна бир йирик анжуман – Туризм соҳасидаги биринчи халқаро инвестициявий форум бўлиб ўтади.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил қилинадиган форумда мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг сайёҳлик бўйича фирма ва компаниялари, меҳмонхоналар мутахассислари, дипломатик корпус, хизмат кўрсатиш соҳаси вакиллари, дунёнинг жами 30 мамлакатидан вакиллар иштирок этиши кутилмоқда.
Туризм соҳаси у билан боғлиқ барча инфратузилмани ривожлантиришга (транспорт, ижтимоий хизматлар каби) бевосита таъсир кўрсатади. Бу эса сайёҳлик тармоғини иқтисодиётнинг юқори даромадли соҳасига айлантиради.
Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ“ миллий кўргазмалар мажмуасида ташкил қилинадиган Туризм соҳасидаги биринчи халқаро инвестициявий форум мамлакатимизда туризмни ривожлантириш йўналишидаги ҳамкорликни кенгайтириш, тўғридан-тўғри хорижий капитал қўйилмасини, шунингдек, мамлакатимизнинг сайёҳлик жозибадорлигини янада ошириш каби мақсадларни рўёбга чиқаришга хизмат қилади.
Форум доирасида Европа ва Марказий Осиё давлатлари сармоядорлари, халқаро молия институтлари, туризм соҳасидаги ташкилотлар, мамлакатимиз ва чет эл компаниялари раҳбарлари томонидан 100 дан зиёд сармоявий лойиҳалар тақдимоти ўтказилади.
Халқаро анжуман дастурида Сурхондарё вилоятидаги сайёҳлик имкониятларига бағишлаб ўтказиладиган матбуот анжумани, шунингдек, мамлакатимиз ҳудудларида туризм лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларига бағишланган танишув сафарларига кенг ўрин берилган.
Форум натижалари бўйича инвесторлар ва туризм сектори вакиллари ўртасида ҳамкорликка оид қатор битим ва келишувлар имзоланиши кутилмоқда.
ЎзА