Яхши биласиз, севимли шоиримиз Рауф Парфи бирор киши билан кўришиб қолса, “Дунёқарашингиз яхшими?”, деб сўрашар эди. Ҳозир газета ва журналларда ишлайдиган журналистлар бир-бири билан “Обунангиз яхшими?” деб омонлашадиган бўлган.
Мен ҳам яқинда устоз Фармон Тошевга ёзган мактубимни “Ассалому алайкум, обунангиз яхшими, устоз?”, дея бошладим.
Биламан, мактуб ёзиш аллақачон урфдан қолган. Самарқанд билан Тошкент орасини ҳуштак тезлигида босиб ўтиш мумкин бўлган, телефон орқали нафақат гаплашиш, балки кўзни кўзга қадаб кўришиш имкони мавжуд бир замонда ва, айниқса, “Фейсбук” дегич ижтимоий тармоқда анчайин фаол сиздек инсон билан суҳбатлашиш усуллари бисёр пайтда мактуб битишим кимларгадир эриш туюлиши тайин. Аммо бу борада ҳам ўзингиз устозсиз. Қолаверса, адашмасам Ғафур Ғулом айтган бўлса керак, “Бир-бирларингга хат ёзинглар йўқса, сайланмаларингнинг охирги томи бўлмайди”, қабилидаги ҳазиломуз насиҳатга амал қиляпман.
Яхши биласиз, севимли шоиримиз Рауф Парфи бирор киши билан кўришиб қолса, “Дунёқарашингиз яхшими?”, деб сўрашар эди. Ҳозир газета ва журналларда ишлайдиган журналистлар бир-бири билан “Обунангиз яхшими?” деб омонлашадиган бўлган.
Обунангиз яхшими, устоз!?
Эсингизда бўлса, 80-йиллар охирида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида Шукур Холмирзаев катта бир баҳсни бошлаб берган эди. “Адабиёт ўладими?” деган савол кўплаб мунозараларга сабаб бўлганди. Очиғи, у пайтлари ўспирин бола эдим, билдирилган фикр-мулоҳазалар, хулосалар моҳиятини яхши тушунмаганим тайин. Бироқ биз “Адабиёт яшаса – миллат яшайди”, дея ҳайқирган Чўлпон сингари маърифатпарварлар ижоди билан танишишни бошлаган эдик. “Қайта қуриш ва ошкоралик” аталмиш эпкинлар тафаккуримизни шамоллатаётган пайтлар эди. “Адабиёт ўладими?” деган савол ўта мантиқсиздек туюлган ўшанда менга: ахир бола эдим.
Шу йилнинг 9 ноябрь куни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг uza.uz сайтида яна бир шогирдингиз (у ҳам бош муҳаррир ва обунаси яхши эмас) Исомиддин Пўлатовнинг “Мажбурий обуна қилдиришса, менга айт. Ўзим таъзирини бераман, қаҳрамон бўламан…” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Унинг кесатиқли изтиробларини тушуниш мумкин.
“Хулоса қилганлар ҳам бор: газета-динозавр, – бу қандайдир номаълум тур. Қачон пайдо бўлганиям номаълум ва у албатта, йўқолиши керак! У соғиб бўлинган сигир. Икки аср сут берди ахир, қариди-да! Ахборотни энди ТВ, радио, интернет ҳам бера олади”, деб ёзибди Исомиддин. Албатта, бу зарда бежизга эмас. Сўнгги пайтда интернет нашрларда, ижтимоий тармоқларда “Газетанинг ўлими” (журналлар ўлмас экан, устоз) хусусидаги башоратлар урчий бошлади. Жамиятда муайян фикрни шакллантиришда интернет нашрлар ва ижтимоий тармоқларнинг ўрни қай даражада эканини “Араб баҳори” орқали яхши биламиз. Тан олиш керак, омма орасида, Исомиддин Пўлатов айтганидек, “Газетафобия” шаклланиб улгурди. Тез орада “обуна” сўзини ишлатган одам жазоланса, ҳайрон ҳам қолмасам керак.
Шундай хасталик борки, унга чалинган инсон ҳаёти муқаррар ўлим билан тугайди. Хасталикнинг номиданоқ ўлим иси келади. Уни ижтимоий касаллик дейишади. Жамиятдаги тубанлик, ахлоқсизлик, калтабинлик, маънавий қашшоқлик, эътиқодсизлик туфайли пайдо бўлади бу касаллик. Газетанинг муқаррар ўлимини башорат қилаётганлар эҳтимол уни ҳам ана шундай бедаво дардга чалинган деб ўйлар (Чунки бошқа хасталикларни даволаса бўлади-да). Агар улар башорат қилаётгандек “газета ўлса”, демак уни хароб қилган касалликнинг номи – ижтимоий дард. Ўлмаса, башоратчилар оддий лўттибозлардир.
Устоз, ота-онам ўқитувчи бўлгани боис, почтачи уйимизга маҳаллий ва республика нашрларидан ташқари, “Крестянка”, “Биология в школе”, “Химия в школе”, “Человек и природа”, “Огонёк” сингари журналларни ҳам олиб келар эди. Ўзгача бир ҳавас билан қараб турган тенгдошларимнинг кўз ўнгида бир даста газета ва журналларни қучоқлаб уйга кириб кетардим. Кимнинг уйига нечта газета-журнал келишини санаб чуғурлашардик. Бола тасаввуримизда хонадонларга кираётган газета ва журналлар ўша оиланинг нуфузини, обрўйини белгилаб берадиган мезон эди. Ота-онамни кимдир обуна бўлишга мажбур қилганми, йўқми билмайман аммо бир гал “Нега қўшнимиз “Муштум” олади-ю, биз олмаймиз”, деб жанжал қилганим, уларни “Муштум” журналига обуна бўлишга мажбур қилганим эсимда.
Беш олти нафар ўқитувчи, икки-уч нафар врач демаса, қишлоқдошларимнинг кўпчилиги колхозчи эди. Умри далада ўтарди. Бироқ 70 сўм маош оладиган Сайфулла бобонинг ўғли – тенгқурим Юнус ҳам ҳар гал тўрт-бешта газета оларди. Синдор бобо оддий сувчи бўлса ҳам доим этигига газета қистириб юрарди. Қувур қилиб ўралган газета кўтарган, майда қадамлаб шитоб билан кетаётган одамни орқасидан кўрганлар ҳам дарров танирди – Ирис ака.
2017 йил бошидан буён хонадонлардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳи таркибида Косонсой, Учқўрғон, Норин, Хўжаобод, Булоқбоши, Олтинкўл, Жалақудуқ, Боёвут туманларида бўлдим. Уйма-уй, хонадонма-хонадон юриб одамлар билан суҳбатлашдик. Минглаб муаммолар жойида ҳал этилди. Бироқ қайси туманга бормай, мени бир савол ўйлантираверди: нега одамлар бу қадар ўзгариб кетди?!
Нега бир қориндан талашиб тушган ака-ука мерос талашиб қирпичоқ? Нега бир девор қўшнилар бир-бирининг устидан ёзиб, турли идоралар эшигида сарсон? Нега ахлоқсизлик урчиб боряпти? Нега оилалар пароканда, болалар тирик етим? Нега айрим эркаклар бунчалик субутсиз? Нега баъзи аёллар бу қадар юзсиз? Нега?
Ишчи гуруҳ фаолияти давомида айрим маҳаллаларда кутубхоналар ташкил этилди. Тошкентдан келганлар талабини қондириш учун, хўжакўрсинга тахлаб қўйилган беш-ўнта китоб билан сизловиқдек маддалаб бораётган бу иллатларга қарши курашиб бўлармикан!?
Юришларимиз чоғида фалон газетага обуна бўлганман, хонадонимга фалон журнал келади, деган бирорта одамни учратмадим. Биз – ишчи гуруҳ аъзолари ҳам бирор бир кишидан нега газета-журнал ўқимайсиз, деб сўрамадик. Ваҳоланки, вазифамиз фақат кўчага шағал ётқизиш, симёғоч ўрнатиш, сув қувурлари тортиш, кредит ундириш каби муаммоларни ҳал қилиш эмас, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳам эди. Маънавий муҳит қандайлигини эса кўриб турибмиз: кундан-кунга кўпаяётган оилавий ажрашишлар, ўз фарзандининг қотилига айланаётган оналар, номусини арзон гаровга пуллаётган қизлар, бир-бирини пичоқлаётган ёшлар…
“Фейсбук” ижтимоий тармоғида Навоий вилоятидаги нуфузли бир касб-ҳунар коллежида ишлайдиган ўқитувчи билан дўстлашдик. Шеъриятга қизиқар экан. “Оила ва жамият”да ишлашимни билиб, газета ўқимаслигидан хижолат бўлди. Эртасига “Газетангиз менга жуда ёқди. Жиддий муаммоларни кўтарар экансизлар. Ёшлар тарбияси борасида менинг ҳам ўз фикр-мулоҳазаларим бор, сизларга ёзиб турсам бўладими?” – деди. Коллеж газетага обуна бўлган, кутубхонада тахлами ҳам бор экан.
Устоз, мен “Газета ўладими, қоладими…” деган баҳсга қўшилмайман. Бу эсли-ҳушли одамнинг гапи, деб ҳам билмайман. Ўша, ўсмирликдаги хулосам – хулоса: “Оиланинг маънавияти унга кириб бораётган газета ва журналлар, бу хонадонда ўқилаётган китоблар билан ўлчанади. Маънавий таназзулдан қутилишнинг йўли – ўқиш. Матбуотнинг вазифаси эса жамиятдаги талотўплар, урҳо-ур, сола-соллардан хабардор қилиш эмас, иллатнинг илдизини аниқлаш, унга қарши курашиш, миллатнинг маънавиятини юксалтириш, миллий қадриятларни соф ҳолда асраб қолишдан иборат. Бу менинг гапим эмас. Буни сизлар – устозлар ўргатгансиз бизга.
Воҳид Луқмонов,
Журналист
ЎзА