Тарихи минг йилларга бориб тақаладиган обидаларни келажак авлодга бус-бутун етказиш, асл ҳолатини тиклаш ва бу орқали мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қашқадарё вилоятининг Қарши туманидаги Абул Муин ан-Насафий зиёратгоҳи ана шундай қадамжолардан биридир. Айни пайтда мазкур мажмуада белгиланган дастур асосида кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Қарши туманидаги Қовчин қишлоғида жойлашган Абул Муин ан-Насафий зиёратгоҳининг тарихи минг йиллар билан бўйлашади. Бу ердаги бинолардан тортиб, ўрамлари асрлардан дарак берувчи тут дарахтлари, қадим битиклар билан безатилган қабр тошлари бунга яққол мисол. Қадамжода улуғ аллома, ҳазрат Абул Муин ан-Насафийнинг мақбараси ҳамда шу ном билан аталувчи масжид сақланиб қолган.
– Муқаддас қадамжога келадиган зиёратчилар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида ушбу объектда кенг кўламли қурилиш- таъмирлаш ва реконструкция ишлари бажарилмоқда, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили Раҳматуллохон Усмонов. – Жумладан, 600 ўринга мўлжалланган катта жомеъ масжид барпо қилинмоқда. Бу масжид барча замонавий қулайликларга эга бўлиб, бу ерга келадиган ибодат қилувчи фуқароларимиз учун барча шароит яратилади. Бундан ташқари, ҳазрат Абул Муин ан-Насафий қўним топган мақбара тўлиқ реконструкция қилинаётир. Мажмуа қарийб 1,5 гектарга яқин майдонни ўз ичига олган. Қолаверса, мажмуанинг ичида катта китоб фондига эга бўлган кутубхона ҳамда муҳташам ўқув зали қурилмоқда. Бу кутубхонада кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган ўзбек ва араб тилларидаги китоблар жамланиши мўлжалланмоқда.
Абул Муин ан-Насафий зиёратгоҳини таъмирлаш жараёнида тарихий ўзликни сақлаб қолиш, шу билан бирга зиёратга келувчилар учун кенг қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Зиёратгоҳда шунчалик ўзгариш бўлиб кетдики, бир йил олдин бу ерга келган киши танимай қолади, – дейди қишлоқ фахрийси Неъмат бобо Холматов. – Шу обида сабаб бўлиб, қишлоғимиз бутун дунёга танилиб кетди. Ҳозирда бу ердан зиёратчиларнинг қадами аримайди. Ҳатто хорижий мамлакатлардан ҳам зиёратчилар ташриф буюрмоқда. Ҳудудимизда амалга оширилган бундай ободончилик ва ижобий ўзгаришлардан қишлоғимиз аҳли хурсанд.
Зиёратгоҳнинг бетакрор кўриниши учун меъморлар ва қурувчилар астойдил ҳаракат қилмоқда. Улуғ аждодларимиз ва уларнинг хизматлари учун кўрсатилаётган бу эҳтиромдан барча миннатдор.
Ў.Баротов, ЎзА