Ходимлари Тошкентда доимий прописка олиши мумкин бўлган ташкилотлар сони яна биттага кўпайиши мумкин
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Раҳбарлари ходимларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин бўлган давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари рўйхатига қўшимча киритиш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 7 октябрдаги 336-сон қарори билан тасдиқланган Раҳбарлари ходимларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин бўлган давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари рўйхати қуйидаги мазмундаги банд билан тўлдирилади:
“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази”.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирадилар.
Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р.Бобожонов ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директори М.М.Каримов зиммасига юклатилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Ҳукуматнинг 2018 йил 1 ноябрдаги қарори билан Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Раҳбарлари ходимларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин бўлган давлат органлари ва бошқа давлат ташкилотлари рўйхатига киритилган.
Рўйхатда шу пайтгача 72 та ташкилот мавжуд эди.
ЎзА