Ўзбекистон халқ артисти Маҳмуд Намозов теримчилар ҳузурида

Сурхондарё вилоятида ташкил этилган тарғибот гуруҳи аъзолари ҳамда Ўзбекистон халқ артисти Маҳмуд Намозов Музработ туманида пахтакорлар билан учрашди.
 
2.jpg
Тадбирда вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими томонидан илғор теримчиларга бадиий китоблар туҳфа қилинди.
3.jpg
– Таниқли санъаткорлар, шоир-ёзувчилар пахта даласига келиб, теримчиларга маънавий далда бўлаётгани иш унумдорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда, – дейди “Эшназар-Агро-Класс” фермер хўжалиги раҳбари Ш.Эшназаров. – Бу йил 10 гектар майдонда ғўза парваришлаб, салмоқли ҳосил тўпладик. Хўжалигимиз далаларида 12 теримчи меҳнат қилмоқда, ҳашарчилар ҳам яқиндан ёрдам бераётир. Таниқли ижодкорлар билан учрашув теримчи ва ҳашарчиларни янада руҳлантириб юборди.
Жорий йилда Р.Бўриев номидаги сув истеъмолчилари уюшмаси таркибидаги 54 фермер хўжалиги 697 гектар майдонда пахта парваришлади. Айни кунларда йиғим-терим ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. 300 дан зиёд теримчи ва ҳашарчи меҳнат қилаётган далаларда ҳали ҳосил кўп.
Учрашувда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Исроил Шомиров янги шеърларидан намуналар ўқиди. Айниқса, Маҳмуд Намозов ижросидаги халқона куй-қўшиқлар даврага янада кўтаринки кайфият бағишлади.
– Бугун қарийб 100 кило пахта териб, бироз толиққан эдим, – дейди теримчи Ш.Мўминова. – Маҳмуд Намозов ва бир гуруҳ ижодкорлар билан юзма-юз учрашиб, мириқиб шеър тингладик, ажойиб қўшиқларга дугоналаримиз билан рақс тушдик. Маза қилиб, ҳордиқ чиқардик.
Тадбирда вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси, Республика Маънавият ва тарғибот маркази вилоят бўлими томонидан илғор теримчиларга бадиий китоблар туҳфа қилинди.
– Бойсун тумани ободонлаштириш бўлимида ишлайман, – дейди Қ.Мўминов. – Туманимиздан кўнгиллилар пахта теримига боришаётганини эшитиб, мен ҳам ўз ихтиёрим билан улар сафига қўшилдим. Далада ҳосил кўп. Ким ўзарга пахта теряпмиз. Терим пули кунлик ҳисоб-китоб қилинаётгани ҳам бизни кўпроқ теришга ундамоқда. Илғор теримчилар қаторида бугун машҳур хонанда қўлидан бадиий китоб олганим бир умр ёдимдан чиқмайди.

 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА