Адлия вазирлиги ижтимоий видео ва аудиороликларни ишлаб чиқиш бўйича танлов эълон қилади

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги “Advice.uz” Ягона ахборот портали” лойиҳаси доирасида ижтимоий видео ва аудиороликларнинг ижодий концепциясини ишлаб чиқиш, суратга олиш/ёзиб олиш ва уни оммавий ахборот воситаларида жойлаштириш бўйича танлов эълон қилади. Лойиҳа Буюк Британия Бирлашган Қироллиги ва Шимолий Ирландия ҳукумати номидан Буюк Британия Бирлашган Қироллиги ва Шимолий Ирландиянинг Ўзбекистон Республикасидаги Ваколатхонаси томонидан молиялаштирилмоқда.

Танловга коммуникация ва видео ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар ва ташкилотлар таклиф этилади.

Асосий мақсад: Ўзбекистоннинг “Advice.uz” ягона ахборот порталини ишга тушириш тўғрисида қисқа аудио ва видеороликларни яратиш ва ундан фойдаланишга раҳбарлик қилишдир.

Бажарилиш муддати: 2018 йил 10 ноябрь – 2019 йил 30 январь.

Иштирокчиларга қўйиладиган талаблар:

1. Иштирокчи ишланган ижтимоий роликлар тўғрисида портфолио тақдим этиши ва ижтимоий роликларни суратга олиш ишлари бўйича иш тажрибасига эга бўлиши лозим.

2. Суратга олиш ва ёзиб бориш учун ўзининг техник базаси (камера, ёритиш мосламалари ва бошқа)га эга бўлиши керак.

3. Суратга олиш ишлари учун доимий ходимлар штати (режиссёр, муҳаррир, оператор, монтажчи, техник ходим)га эга бўлиши керак.

3. Ролик HD сифатда бўлиши керак.

4.Ролик яратиш учун сценарий тақдим этиши лозим.

5.Ушбу ижтимоий роликларни республикамиздаги давлат ва тижорат телеканалларида жойлаштириш имконига эга бўлиши лозим.

Ўзбекистоннинг “Advice.uz” Ягона ахборот портали ҳақида қисқача маълумот:

Advice.uz” Ягона ахборот портали аҳолини муайян вазиятларда уларнинг ҳуқуқ ва бурчларига доир хабардорлигини оширувчи янги механизм ҳисобланади.

Мазкур портал барча муҳим маълумотларни ягона манбага бирлаштиради. Маълумотнома шаклидаги ушбу манба аҳоли томонидан турли соҳалар бўйича тез-тез бериладиган саволларга бўлган жавобларни ўз ичига олади.

Манбанинг бошқа порталлардан фарқли жиҳати шундаки, ундаги маълумотлар қулай бўлиб, содда тилда ҳамда амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва фойдали манбалар келтирилган ҳолда бериб борилади.

Бундан ташқари, мазкур портал Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрган хорижий фуқаролар учун маълум ечим ёки маълумот олиш билан боғлиқ муайян ҳолатларда “харита” бўлиб хизмат қилади.

 

ЎзА