​Халқаро ёш математиклар танлови давом этмоқда

Хоразм вилояти Урганч шаҳрида олий таълим муассасалари талабалари ўртасида математика бўйича Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги халқаро олимпиада бошланди.
Олимпиаданинг очилиш маросимида буюк аждодимиз, алгебра фани асосчиси ал-Хоразмийнинг жаҳон илм-фани тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссаси, ҳаёти, фаолияти, қолдирган илмий-ижодий кашфиётлари бугунги кунда ҳам дунё аҳлини ҳайратга солиб келаётгани таъкидланди.
Урганч шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида ўтказилаётган олимпиада синовларида дунёнинг 20 мамлакатидан 234 талаба иштирок этмоқда. Шунингдек, юртимизнинг барча вилоятларидаги олий таълим муассасаларидан талаб-ёшлар баҳсларда ўз билимини синовдан ўтказмоқда.
Синовларни математика бўйича жаҳонда таниқли халқаро экспертлар, юртимиз ва бир қатор хорижий олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларидан иборат ҳакамлар хайъати кузатиб бормоқда.
Баҳс шартларига кўра, иштирокчилар 5 та математик масалани белгиланган 5 соат давомида ишлаши лозим. Саволлар алгебра, математик таҳлил, геометрия, комбинаторика йўналишларига оид. Ҳар бир масала енгил, ўрта, оғир даража асосида бал билан баҳоланади.
Ушбу халқаро олимпиадада ғолибликни қўлга киритган ўзбекистонлик талабаларга математика, физика, ахборот технологиялари йўналишлари бўйича магистратурага квотадан ташқари давлат гранти асосида кириш ҳуқуқи берилади.
Урганч шаҳрида халқаро олимпиада доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.
5.jpg
6.jpg
9.jpg
10.jpg

 

Аҳмаджон Шокиров, Шоназар Қориев (сурат), ЎзА​