Тадбиркор бўлиш учун ишни нимадан бошлаш керак? Бу борада кимдан жўяли маслаҳат олса бўлади? Соҳада ўз омадини синаб кўрмоқчи бўлганларнинг аксарияти шундай саволларга дуч келади. Кимдир иш бошлашнинг ҳуқуқий тартибини билмаса, яна кимгадир бошланғич маблағ керак…
Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани ҳокимлиги биносида ташкил этилган тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини қабул қилиш бўйича штаб ҳудуддаги ишбилармонларнинг чинакам ҳамкорига айланмоқда.
Президентимизнинг 2018 йил 11 сентябрдаги “Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ иш бошлаган штабда фаолият олиб бораётган ишчи гуруҳлар таркибига кирган ҳокимликнинг инвестиция, иқтисодиёт бўлимлари, туман газ, сув ва электр таъминоти корхоналари, ер ва кадастр, архитектура ва қурилиш, бир қатор тижорат банклари ходимлари асосий иш жойи бўйича мажбуриятларини бажаришдан озод қилинган.
Уларнинг сўровлари, кўрсатмалари барча давлат идоралари ва ташкилотлари раҳбарлари ва мансабдор шахслари томонидан сўзсиз ижро этилиши мажбурий ҳисобланади. Ушбу штабнинг ташкил этилганига кўп бўлмаган бўлса-да, туманда гуруҳ томонидан жойларда ҳал қилинмаган муаммоли масалаларни кўриб чиқиш ҳамда тадбиркорликни ривожлантиришга, ташаббус ва лойиҳаларни амалга оширишга ғов бўлаётган бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, бу борада қабул қилинган, жумладан, манзилли топшириқлар назарда тутилган қарорлар ижроси устидан тизимли назорат амалга оширилмоқда.
– Ҳозиргача штабга тадбиркорлардан 41 мурожаат келиб тушди, – дейди туман ҳокимлиги бош мутахассиси, штаб аъзоси Улуғбек Ражабов. – Уларнинг 38 таси шу ернинг ўзида ҳал этилган бўлса, учта мурожаат вилоят штабидаги ишчи гуруҳга йўналтирилди. Мурожаатларнинг аксарияти банк, кредит, гаров таъминоти, бўш турган бинони “ноль” қийматда олиш, аукцион савдоларида иштирок этиш ва ер ажратилиши масалаларига оид.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, ҳудудий гуруҳлар бўш турган давлат мулки объектлари ва ер участкаларининг уларда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича мажбуриятларни кўрсатган ҳолда, электрон аукцион савдоларига қўйилишини таъминламоқда.