Ички ишлар вазири: тезкор вазиятга самарали таъсир қиладиган тизим яратилди

25 октябрь – Ўзбекистон Республикаси ички ишлар идоралари ходимлари куни мамлакатимизда кенг нишонланди.
Шу муносабат билан Ички ишлар вазирлиги Маданият саройида ташкил этилган тантанали тадбирда соҳа ходимлари, фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
17-Faqat saytga.JPGЎзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов соҳа вакилларини касб байрами билан қутлар экан, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар қандай самара бераётгани хусусида тўхталди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев нафақат халқимизнинг тинч ва хотиржам ҳаёт кечириши, балки давлатдан рози бўлиб яшаши учун ҳам ички ишлар органлари нафақат замонавий, балки халқчил тизимга айланиши шартлигини вазифа қилиб қўйган.
Ушбу мақсад йўлида ички ишлар органлари барча хизматлари, жумладан, профилактика, тезкор-қидирув, тергов, йўл ҳаракати хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, қўриқлаш, патруль-пост хизматлари кейинги бир йилда тубдан такомиллаштирилди.
Тизимни нафақат жисмонан, балки маънан етук кадрлар билан тўлдиришга эътибор кучайтирилди. Ички ишлар органлари ходимларининг аҳоли ҳамда ўзини ўзи бошқариш идоралари билан ҳамкорлиги янада мустаҳкамланди.
“Хавфсиз шаҳар”, “Хавфсиз туризм” концепциялари ҳаётга татбиқ этилгани, жиноятлардан холи ҳудудларни кўпайтиришга қаратилаётган эътибор туфайли юртимизда осойишталик янада мустаҳкамланди. Жиноятчилик 36,4 фоизга камайгани, ўн мингга яқин маҳалланинг 34 фоизида умуман жиноят содир этилмагани бунинг исботидир.
Вазирнинг қайд этишича, бугунги кунда тезкор вазиятга самарали таъсир қиладиган тизим яратилди.
Бунинг моҳияти шундаки, замонавий хавф-хатар ва таҳдидларни, бажарилаётган ишлар муҳимлиги ва кўламини эътиборга олган ҳолда ички ишлар органлари барча даражадаги бўлинмаларининг вазифа ва функциялари аниқ белгиланди. Ташкилий-штат тузилмасини мақбуллаштириш, куч ва воситалардан оқилона фойдаланиш йўлга қўйилди.
Нафақат жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, балки уларнинг содир этилиш сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Ички ишлар органларининг барча бўлинмалари фаолияти янада самарали бўлиши учун замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланди.
Ички ишлар органлари ходимлари булардан унумли фойдаланиш билан бирга, зиммасига қўйилган масъулиятни англаган ҳолда фаолият юритаётир.
Эл-юртимиз осойишталигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётган соҳа ходимларининг фидокорона хизмати давлатимиз томонидан доим муносиб рағбатлантирилмоқда.
Давлатимиз раҳбари куни кеча имзолаган “Ўзбекистон Республикаси ички ишлар идоралари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ ходимларни мукофотлаш тўғрисида”ги фармон бунинг яққол тасдиғидир.
Тадбирда Ватанимизнинг юксак мукофотлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.
22.JPG
– Касб байрамимиз муносабати билан ҳамкасбларимизнинг юксак давлат мукофотлари билан тақдирлангани соҳамизга бўлган юксак эътибор ва ишонч ифодасидир, – дейди “Содиқ хизматлари учун“ медали соҳиби, Фарғона вилояти Марғилон шаҳар ички ишлар бўлими профилактика инспектори Аъзамжон Холмирзаев. – Ана шу ишончни оқлаш, халқимиз тинчлиги, мамлакатимиз осойишталиги йўлида фидойилик билан меҳнат қиламиз.
Тадбирга санъаткорларнинг концерт дастури байрамона руҳ бағишлади.

 

Н.Абдураимова, Т.Мамадаминов (сурат), ЎзА​​