Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида бюджетга қўшимча даромад тушириш манбаларини аниқлаш ва уларни ундириш масалаларига бағишланган мажлисда бу алоҳида таъкидланди.
Ҳозирда бюджетга қўшимча даромад тушириш манбаларини аниқлаш ва уни ундириш бўйича штаб фаолият олиб бормоқда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Бош прокуратура, Молия вазирлиги ва солиқ қўмиталарининг ҳамкорликдаги қўшма қарорлари асосида 4 та йўналиш бўйича шаҳар ва туман ишчи гуруҳлари ташкил қилиниб, уларга аниқ вазифалар белгилаб берилган.
Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида бюджетга жами 1 триллион 709 миллиард сўм тушган бўлса, шу давр ичида қарор асосида белгиланган бюджет прогнозига қўшимча 656 миллиард сўмлик тушум амалга оширилди. Ушбу қўшимча даромадлардан бугунги кунга қадар 401 миллиард сўмлик маблағ аҳоли фаровонлиги йўлида сарфланган. Жумладан, 225 миллиард сўм ижтимоий объектларни реконструкция қилиш ва уларни инвентарлар билан таъминлашга, шундан, 9 миллиард сўм тиббий асбоб-ускуналарга, 44,5 миллиард сўм “Обод қишлоқ“ ва “Обод маҳалла“ дастурларида белгиланган тадбирларни амалга оширишга, 20,5 миллиард сўм Нукус ҳарбий горнизонидаги объектларнинг реконструкцияси учун, 12,2 миллиард сўми Қўнғирот туманидаги “Қорақалпоғистон“ посёлка фуқаролар йиғини ҳудудидаги ижтимоий объектларни реконструкция қилиш ва уларни инвентарлар билан таъминлашга, 48,8 миллиард сўм аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ҳамда янги иш ўринларини яратишга оид муаммоларни ечишга, 10,4 миллиард сўм аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламини турар жойлар билан таъминлашга ишлатилган.
Йиғилишда шунингдек, айрим камчиликларга тўхтаб ўтилди, хусусан, Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл, Беруний, Хўжайли, Чимбой туманларида, Нукус шаҳрида қатор субъектларнинг рўйхатдан ўтмасдан фаолият олиб бораётганлиги, баъзи объектларнинг касса аппаратлари билан таъминланмаганлиги, Қўнғирот, Тўрткўл, Элликқалъа, Беруний, Тахиатош ва Қораўзак туманларида бюджет олдидаги солиқ қарздорлиги йил бошига нисбатан ўсиб кетганлиги танқид қилинди.
Мажлисга Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари О.Рустамов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари А.Мавлановлар иштирок этди.
Есимхон Қаноатов, ЎзА