Ўзбекистоннинг Россия Федерацияси билан ҳарбий соҳадаги ҳамкорлиги изчил ривожланмоқда.
Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, 2000 йилдан бошлаб, Ўзбекистон билан Россия ўртасида ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик мудофаа маҳкамалари ўртасида ҳар йили имзоланадиган ҳарбий ҳамкорлик режаси асосида амалга оширилади. Ушбу режа доирасида томонлар тезкор ва жанговар тайёргарлик, ҳарбий кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, ҳаво кемалари ҳаракатини бошқариш ва парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш каби йўналишларда кўплаб тадбирларни ташкил этиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида икки мамлакат ҳудудида 300 га яқин қўшма тадбирлар ўтказилгани бунинг тасдиғидир.
Икки томонлама ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорликнинг мустаҳкам норматив-ҳуқуқий базаси яратилган.
2017 йилнинг ўзида яна иккита диққатга сазовор ҳодиса рўй берди. Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси қошида ҳарбий атташе лавозими жорий этилди. Тошкентда минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалаларига бағишланган Ўзбекистон – Россия маслаҳатлашувларининг 5-босқичи бўлиб ўтди.
Жорий йил 12 октябрь куни Ўзбекистон ва Россия мудофаа идоралари раҳбарлари яна бир бор Тошкентда учрашди. Бу сафарги музокарада Ўзбекистон ва Россия мудофаа вазирлари томонидан 2019 йилги икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик режаси қабул қилиниб, ҳарбий-ҳаво кемалари томонидан икки мамлакат ҳаво кенгликларидан фойдаланиш бўйича келишувга эришилди.