2018 йилнинг июль-сентябрь ойларида аҳоли томонидан сезилган қисқа муддатли инфляция индексида кўтарилиш кузатилди.
Марказий банк “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва корхоналарининг инфляцион кутилмалари” номли ҳисоботни эълон қилди.
Унга кўра, жорий йил III чорагида иқтисодиётдаги инфляцион кутилмалар бўйича ўтказилган сўровлар натижаларига кўра инфляциянинг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан сезилган ва кутилаётган даражаларида сезиларли ўзгаришлар кузатилди.
Жумладан, йилнинг биринчи ярмидаги пасайишдан сўнг мазкур кўрсаткичлар июль ойидан бошлаб ошиб борди.
2018 йил июль-сентябрь ойларида аҳоли томонидан сезилган қисқа муддатли инфляция индексида кўтарилиш кузатилди.
“Жорий сезилган инфляция индекси йил бошидаги кўрсаткичларга нисбатан паст даражада бўлса ҳам унинг ўсиш динамикаси давом этмоқда, бу ўз навбатида, келгусидаги инфляцион кутилмаларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин”, дейилган ҳисоботда.
Ҳисоботда айтилишича, сентябрь ойида сўровда иштирок этган жисмоний шахслар “Қайси асосий товар ва хизматларнинг нархи юқори даражада ошди?” саволига асосан помидор, мол гўшти, гуруч ва қўй гўштини белгилаганлар.
Шунингдек, ушбу ойда аввалги ойлардан фарқли равишда картошка, буғдой уни, нон, товуқ гўшти, сабзи нархлари ошганини кўрсатган респондентлар улуши сезиларли даражада ортган.
Охирги ойларда гўшт ва гуручнинг нархларида сезиларли ўзгариш қайд этилмаган бўлса-да, июль- сентябрь мобайнида аҳоли томонидан айнан ушбу маҳсулотлар нархларининг юқори даражада ошганлиги қайд этилган.
Бу ҳолат аҳолининг баъзи истеъмол товарлари нархларининг ошишига бўлган таъсирчанлик даражаси юқорилигини ва бу таъсир нархлар сезиларли даражада ўзгармаса ҳам маълум бир муддат сақланиб қолинишини кўрсатмоқда.
ЎзА