Унда журналист касбининг машаққати, соҳа олдида турган долзарб муаммолар, касб этикаси, журналист имиджи хусусида фикр алмашилди.
Пойтахтимизда жойлашган «Book Cafe»да Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг талабалар, магистрантлар ва университет тайёрлов курси абитуриентлари учун журналистика соҳасида катта тажрибага эга телебошловчи Роксана Обидова ва моҳир стилист Бекзод Саидов иштирокида маҳорат дарси ташкил этилди.
Расмийликдан холи, самимий суҳбат кўринишида ўтган учрашувда журналист касбининг машаққати, соҳа олдида турган долзарб муаммолар, касб этикаси, журналист имиджи хусусида фикр алмашилди.
– Бу ерга журналист бўлиш истагида ўқиб-изланаётган ёшлар, талабалар жам бўлган. Уларга қарата, инсон қандай касб эгаси бўлишидан қатъи назар, аввало, юқори билимга эга бўлиши шарт. Бунинг учун эса кўплаб бадиий, илмий асарларни мутолаа қилиши лозим, – дейди телебошловчи Роксана Обидова.
Учрашувда университет ректори Ш.Қудратхўжаев ҳам иштирок этиб, журналист касбининг машаққати ва шарафли дамлари хусусида ўз фикрини билдирди.
Шунингдек, стилист Бекзод Саитов иштирокчилар учун журналист қиёфаси ҳақида маслаҳат ва тавсияларини берди.
И.Аҳатова, Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА