Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида 10 октябрь куни Ўзбекистон – Тожикистон – Корея уч томонлама бизнес-форуми бўлиб ўтди.


Тадбирда ушбу мамлакатларнинг иқтисодиёт, инвестиция, банк-молия, савдо-саноат, туризм, логистика, энергетика, электротехника, озиқ-овқат, кимё, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, тўқимачилик каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, фирма ва компаниялари вакиллари иштирок этди.
Унда Ўзбекистон – Тожикистон – Корея давлатларининг ўзаро савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлигини янги поғонага кўтариш масалалари муҳокама қилинди. Ҳамкор мамлакатлар ҳудудида чет эл капитали иштирокидаги сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев, Тожикистон Республикаси Инвестициялар ва давлат мулкини бошқариш қўмитаси раиси Фаррух Ҳамролизода, Корея Республикасининг Тожикистондаги муваққат ишлар вакили Ли У Чон мамлакатларимиз ўртасидаги самарали шериклик ва дўстлик муносабатларининг мустаҳкамланиши ҳамкорлик алоқаларида муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Давлат раҳбарларининг олий даражадаги мулоқотларида эришилган келишувлар ўзаро савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий-техникавий соҳалардаги муносабатларни янги поғонага кўтаришда муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ташаббуси билан илк бор ўтказилаётган уч томонлама форум Ўзбекистон – Жанубий Корея капитали ва ишбилармонлари иштирокидаги қўшма корхоналар ва бизнес лойиҳаларни учинчи мамлакат ҳудудида амалга ошириш, Тожикистон билан кооперация соҳасидаги шерикликни ривожлантириш масалалари муҳокамасига бағишлангани билан алоҳида аҳамиятга эга.
Бугунги кунда ишонч руҳидаги дўстлик, тенг шериклик муносабатлари Ўзбекистон ташқи иқтисодий фаолиятининг устувор йўналиши сифатида қайд этилади. Мамлакатимизнинг Тожикистон билан алоқалари мисолида оладиган бўлсак, савдо-иқтисодий ҳамкорлик янги суръатларда ривожланмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 35 фоиз ўсди. Ўзбекистондан Тожикистонга енгил автомобиллар, юк машиналари, қишлоқ хўжалиги техникалари, металлургия, электротехника, қурилиш моллари, озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати маҳсулотлари экспорт қилинаётган бўлса, Тожикистон мамлакатимизга қурилиш материаллари, цемент, алюмин каби маҳсулотларни етказиб бермоқда.
Ўз навбатида, Ўзбекистон билан Корея ўртасидаги стратегик шериклик изчил ривожланиб, кўп қиррали ҳамкорлик кенгайиб бормоқда. Мамлакатимизда Жанубий Корея сармояси иштирокида тузилган 460 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Кореянинг 75 компанияси ўз ваколатхонасига эга. Ушбу мамлакатнинг Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этган инвестициялари ҳажми 7 миллиард АҚШ долларидан ошади.
Форумда мамлакатимизда инвесторлар учун яратилаётган шароит, хусусан, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналаридаги имкониятлар, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳақида маълумот берилди. Ўзаро ҳамкорликда энергетика, қишлоқ хўжалиги, туризм, коммуникация, молиявий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги қўшма дастурларни ишлаб чиқиш имкониятлари хусусида сўз юритилди.
Куннинг иккинчи ярмида тадбир иштирокчилари Тожикистоннинг бир қатор саноат корхоналари ва деҳқон хўжалигида бўлиб, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш жараёни билан яқиндан танишди.
Мамлакатимиз ишбилармон доиралари вакиллари тожикистонлик ва кореялик тадбиркорлар иштирокида ташкил қилинган B2B, G2B форматидаги музокараларда қатнашди.
Анжуманда инвестициявий ҳамкорликка оид қатор келишув ва шартномалар имзоланди.

 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА