“Ўзэкспомарказ“: экспорт, янги технология ва инвестициялар учун имконият

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ“ миллий кўргазмалар мажмуасида “Пластмасса ва полимерлар саноати – Plastex Uzbekistan” ҳамда “Қадоқлаш ва босма иши – OʻZuPACK – OʻZBEKinPRINT” анъанавий халқаро кўргазмалари очилди.

“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси томонидан ташкил этилган кўргазмалардан асосий мақсад мазкур йўналишларни янги босқичга кўтариш ва тизимга энг янги технологияларни жалб қилиш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашдир.

Бу йилги кўргазмалар ўзига хос тарзда ташкил этилган бўлиб, павильонлардаги пластмасса ва полимерлар саноати ҳамда қадоқлаш ва босма иши учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, маҳсулотларнинг янги турлари намойиши кишини беэътибор қолдирмади. Шу жиҳатдан ҳам, бундай кўргазмалар майдонини ташкил этиш маҳаллий ва хорижий компаниялар фаолиятида жуда муҳимдир. Янгиликларга иштиёқи баланд компанияларнинг мазкур тадбирларда иштироки йилдан-йилга ортаётгани бунга яққол мисолдир. Масалан, ўтган галги намойишда 12 давлатдан 80 компания қатнашган бўлса, бу сафар 16 мамлакатдан 140 компания иштирок этмоқда.

51.jpg

50.jpg

– Мақсадимиз мазкур йўналишларда фаолият кўрсатаётган компанияларни, улар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар намойишини ташкил этиб, Ўзбекистон ва хорижий давлатлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашдир, – деди “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси бош директори Н.Ҳасанова. – Бу каби нуфузли тадбирларни ўтказишда бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келаётган Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги, Матбуот ва ахборот агентлиги, Савдо-саноат палатаси ва “Ўзкимёсаноат“ акциядорлик жамиятига ўз миннатдорлигимизни билдирамиз. Тўққизинчи бор ўтказилаётган пластмасса ва полимерлар саноати маҳсулотлари намойиши мамлакатимиздаги шу соҳада иш юритаётган корхоналар ривожида муҳим ўрин эгалласа, ўзининг йигирма йиллик фаолияти эга қадоқлаш ва босма иши кўргазмаси тайёр қадоқ ва қадоққа белги қўйиш бўйича маҳаллий ва хорижий қадоқлаш техникаси ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчилар мақсадини янада бирлаштирмоқда.

Таъкидлаш керакки, “Пластмасса ва полимерлар саноати – Plastex Uzbekistan” халқаро кўргазмасида доимий иштирокчилар қаторида Ўзбекистон, Германия, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Хитой каби давлатлардан янги компаниялар ҳам қўшилмоқда.

Хитойдаги “Jing Hong” пластмасса маҳсулотларига қолип ишлаб чиқарувчи корхона ҳам бу кўргазмада биринчи бор қатнашмоқда.

52.jpg

25.jpg

– Корхонамиз ўн икки йилдан буён фаолият кўрсатади, – деди ушбу корхона бош директори Лео Ванг. – Ўтган йиллар мобайнида корхонамиз маҳсулотлари Хитойда ҳам ўз ўрнини эгаллаб улгурди. Рақобат жуда кучли, лекин биз бундан қўрқмай, илдам қадам ташлайверамиз. Бугунги кунда автомобиль эҳтиёт қисмлари, турли кичик ҳажмдаги трубалар, стол-стуллар, уй-рўзғор буюмлари каби пластмасса маҳсулотларга қолиплар ишлаб чиқарамиз. Юртингизда ўтказилаётган кўргазмага илк бор қатнашяпмиз ва бу улкан самара беришига ишонамиз.

Қадоқлаш ва босма иши бўйича таклиф этилаётган маҳсулотлар ҳам томошабинлар диққатини тортмоқда. Айниқса, бу ерда қадоқ, белги ва босма иши, қоғоз кесиш машинаси, флексбосма учун автомат ускуна, инъекцияли қуйиш машинаси, китоб корпусини тайёрлаш учун автоматик машина, бабинали-кесиш машинаси каби кўплаб замонавий асбоб-ускуналар намойиши маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчиларни харидорлар билан яқин алоқалар ўрнатишга имкон яратмоқда.

– Кўргазмага иштирок этиш учун Сурхондарёдан келдик, – деди “Денов босмахона” масъулияти чекланган жамияти раҳбари М.Жўраев. – Ўтган гал Ҳиндистондаги “Rotoffset” компаниясидан рулон офсет сотиб олган эдик. Бу ерда босмахонамиз учун зарур бўлган ускуналар олиш ниятида яна шу компания вакиллари билан учрашишга ҳамда соҳадаги халқаро янгиликлар билан танишишга муваффақ бўлдик.

Кўргазмада озиқ-овқат ва ичимликлар, ноозиқ-овқат товарлари, косметика ва дори воситалари, қурилиш моллари, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари хорижий компаниялар қаторида “Polimaks”, “Uzpolitex Holding”, “Poytaxt savdo group”, “Tezkor matbaa” каби маҳаллий бозо
рнинг етакчилари фаол иштирок этмоқда.

Айтиш жоизки, мазкур кўргазмалар юртимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспортига кенг йўл очиш баробарида кимё, мева-сабзавот, фармацевтика, тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш технологиялари ва хомашёларга инвестициялар киритиш имкониятини яратади.

Кўргазмалар намойиши 5 октябрга қадар давом этади.

 

Насиба Зиёдуллаева, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА