Кластер усулида пахта етиштириш ва уни тайёр маҳсулот сифатида қайта ишлашдек илғор, замонавий иқтисодий механизм аслида қандай ишлайди? Унинг афзаллиги нимада?
Бу саволга жавобни Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги “Textile Finans Namangan” корхонаси фаолияти мисолида излаб кўрамиз.
Кластерни амалиётга татбиқ этиш борасида олиб борилаётган ишлар, бу усулнинг афзалликлари ҳақида корхона раҳбари А.Кенжаев ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:
– Бугунги кунда жаҳонда хомашё эмас, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган иқтисодиёт етакчилик қилмоқдаки, бу йўналишда ташаббус кўрсатмаган, ички бозорда тайёр маҳсулот импортини камайтириш билан бирга экспорт салоҳиятини ошириш бўйича изланмаган давлат рақобатда ютқазиб қўйиши ҳеч гап эмаслигини ҳаётнинг ўзи такрор-такрор кўрсатмоқда. Шу нуқтаи назардан, Президентимиз ташаббуси билан амалиётга жорий қилинган кластер усули пахтачилик билан бир қаторда тўқимачилик саноати ривожида ҳам муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаш жоиз.
Ерни чигит экишга тайёрлашдан тортиб, етиштирилган пахта хомашёсидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган барча босқични қамраб олган кластер усулини амалга ошириш бўйича тумандаги 404 та фермер хўжалиги билан шартнома тузилган. Инновацион лойиҳага асосан мазкур хўжаликлар тасарруфидаги майдонлардан 9 минг 836 гектарда етиштириш режалаштирилган 32,5 минг тонна пахта ҳосилини сотиб олиш ва қайта ишлаб, тайёр маҳсулот кўринишида бозорга чиқариш кўзда тутилган. Бироқ, нафақат хомашёни сотиб олиш, балки юқорида айтилганидек, уни парваришлаш ва кўзланган ҳосилдорликка эришиш масъулиятининг корхона зиммасида бўлиши кластер усулининг моҳиятидир. Яъни, бизга сифатли пахта хомашёси керакми, демак уни етиштириш ўзимизга боғлиқ.
Шундан келиб чиқиб, аввало, ер унумдорлигини ошириш, ғўза парваришида агротехник, биокимёвий ишловларга илмий-амалий ёндашув тадбирларига алоҳида эътибор қаратилди. Ерни минерал ва маҳаллий ўғитлар билан тўйинтириш мақсадида ҳар гектар экин майдонига ернинг балл бонитети талаб қилган миқдорда аммофос, калий, азот ва бошқа минерал ўғитлар берилди. «Наманган-77», «С-6425», «Порлоқ» каби иқлим синовидан ўтган чигит уруғи экилди.
Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, юқори сифат ва ҳосилдорликка эришишда замонавий техника воситаларининг ўрни беқиёс. Шуни ҳисобга олган ҳолда, биринчи навбатда, Франциядан 5 та чигит экиш агрегати келтирилди. Уялаб экиш технологиясига асосланган мазкур агрегатлар экиш жараёнида ҳар гектардан 30 килограмм уруғлик чигит тежаш имконини беради. Ҳозирда пахтачиликда фойдаланилаётган экиш агрегатларида гектарига 40-60 килограмм уруғлик сарф қилинаётган бўлса, биз келтирилган замонавий экиш мосламасида бу кўрсаткични 22-26 килограммгача камайтиришга эришдик. Демак, жорий йил экиш мавсумида туман миқёсида тахминан 290 минг тонна атрофида уруғлик чигит кам сарфланди. Бу фермер хўжаликларига қанча маблағ тежаб қолиш имконини берганини оддий арифметик ҳисоб-китоб ёрдамида билиб олиш қийин эмас.
Бундан ташқари, Беларусдан 30 та МТЗ-80Х, МТЗ-100Х трактори, 20 та культиватор агрегати келтирилиб, ғўза парваришида самарали фойдаланилди. Американинг 2 та пахта териш комбайни далага чиқишга шай турибди.
Учқўрғон вилоятнинг шимолий туманларидан бўлгани боис, пахта бошқа ҳудудларга нисбатан бир мунча кеч очилади. Айни пайтда 1 минг гектар ердаги ҳосилни ана шу комбайн ёрдамида териш режалаштирилган, дефолиациядан кейин ғўза баргларининг тўлиқ тўкилиб бўлиши ва пахтанинг қийғос очилиши билан комбайн ишга туширилади. У бир иш кунида 40 гектар майдондаги ҳосилни йиғиштириб олиш қувватига эга. Комбайн бункеридаги 2300-2400 килограмм пахтани целлофанга қадоқлаб, катта тойпахта кўринишида ағдариб кетаверади. Компьютерлаштирилган тизим “тойпахта” қайси фермерга тегишли экани, вазни ва терилган санаси ҳақида тамға босиб қўяди. Албатта, бундай катта қадоқланган юкни транспортга ортиш учун мўлжалланган юклагич техникалар ҳам келтирилган.
Фермерларга пахта етиштириш учун зарур бўлган маблағнинг 60 фоизи бўнак тариқасида олдиндан тўлаб берилган. Айни кунларда 180 та фермер хўжалиги ёппасига теримга тушган ва пахтанинг очилишига қараб бошқа хўжаликларда ҳам йиғим-теримга киришилмоқда. Ҳозиргача териб олинган пахта 5000 тоннадан ошди.
Акромжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА