Юртимиз заминидан етишиб чиққан, илк Ўрта асрлардан бошлаб диний ва дунёвий фанларда оламшумул кашфиётлар қилган алломаларимизнинг ҳаёт йўли ва фаолияти Европа жамиятларида катта қизиқиш уйғотган.
Европа черков инквизицияси ва салб юришларининг оғир оқибатлари туфайли илм-фан тараққиётида орқада қолган бир пайтда мусулмон олами мутафаккирлари инсоният тараққиётига бебаҳо ҳисса бўлган асарлар яратганлар.
Шарқ, жумладан, қадимги Мовароуннаҳрдаги тараққиёт Франциянинг ўша пайтдаги ҳукмдорлари ва тафаккур олами вакилларида катта қизиқиш уйғотган. Милодий XIII асрда қирол Луи IX франциялик руҳоний Гийом де Рубрукни Осиёга жўнатади. Руҳонийнинг лотин тилида битилган йўл хотиралари францияликлар ва европаликларнинг Марказий Осиё тўғрисидаги тасаввурларини сезиларли даражада бойитган.
Яна бир руҳоний Иоанн соҳибқирон Амир Темур ва қирол Шарл VI ўртасидаги мулоқотда воситачилик қилган. Францияда сақланаётган Амир Темурнинг форсийда битилган мактубида ҳар иккала мамлакат ўртасида савдо-сотиқ муносабатларини ўрнатиш таклиф қилинган эди.
Париж Миллий кутубхонасида Шарл VI нинг Амир Темурга 1403 йилда йўллаган жавоб мактубининг лотин тилидаги нусхаси сақланади. Мактубдан маълум бўладики, Франция фуқаролари Темур давлати сарҳадларида эркин ҳаракатланиш ҳуқуқига эга бўлган. Икки ҳукмдор ўртасидаги ёзишмалар тарихи биринчи марта XIX аср бошида машҳур француз шарқшуноси Сильвестр де Саси томонидан ўрганилган.
Европа шарқшунослик мактабига XVI асрда айнан Францияда асос солинган. Франциялик олимлар Фарғоний, Бухорий, Ибн Сино, Хоразмий, Беруний, Улуғбек ва Навоийнинг асарларини лотин ва француз тилига таржима қилган. Миллатимиз фахри, буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг турли даврларда кўчирилган ва таржима қилинган 92 асари ҳозир Франция Миллий кутубхонасида сақланмоқда. Париж кутубхоналарида бошқа алломаларимизнинг ҳам араб, форс, лотин ва француз тилларидаги асарлари асраб-авайлаб келинмоқда ва ўрганилмоқда.
XVIII асрдан бошлаб юртимизнинг турли шаҳарларида француз саёҳатчилари, тадқиқотчилар, зиёлилар ва санъат вакиллари яшаб келганлар. Келиб чиқиши француз бўлган ака-ука Алексис Бенуа (меъмор) ва Альбер Бенуа (рассом) яратган бинолар ва асарлар Тошкентда ҳозиргача сақланиб турибди. Шунингдек, машҳур шарқшунос ва таржимон Мишел Салье ва мусиқашунос Станислав Совари Тошкентда яшаб ижод қилган.
XIX аср охири ва ХХ аср бошида Тошкентда яна бир машҳур француз Жозеф-Антуан Кастанье яшаган. Кастанье француз тилидан дарс берган ҳамда Ўрта Осиё археологик харитасини тузишда иштирок этган.
Ўзбекистон тарихи, маданияти ва маърифатига қизиқиш, уни тадқиқ қилиш шўролар даври ва мустақиллик йилларида ҳам давом этган. Турли даврларда фаолият юритган француз олимлари, шарқшунослари, тадқиқотчилари ва журналистларидан Андре дю Рье, Пьер Ватье, Антуан Галлан, Бартолеме д’Эрбело, Клод-Этьен Совари, Антуан Сильвестр де Саси, Франсуа Шармуа, Шарл Шефер, Пьер Обри, Мишель Вальзан, Жан-Поль Ру, Баке Граммон, Люсьен Керен, Катрин Пужол ва бошқалар юртимиз тарихи, маданияти, мусиқаси тўғрисида ажойиб асарлар ёзган.
Ўзбек-француз адабий алоқалари ҳам кўп йиллик тарихга эга. 1932 йилдаёқ ёзувчи Франсуа Дюшеннинг “Қамар” романи ўзбек тилига таржима қилинганди. ХХ аср биринчи ярмида ўзбек китобхонлари Мопассан, Золя, Мольер каби Франция мумтоз адабиёти вакиллари ижоди билан таниш бўлган. Кейинчалик А.Дюма, Вольтер, Гюго, Барбюс, Бальзак асарлари ўзбек тилида китобхонлар қўлига етиб борди.
Ушбу жараён мустақиллик йилларида янгича суръатда ривожланмоқда. Ҳозиргача рус тили орқали амалга ошириб келинган бадиий таржима энди бевосита француз тилидан амалга оширилмоқда. Жумладан, сўнгги икки йилда Шарль Перро эртаклари, адабиёт соҳасида Нобель мукофоти совриндорлари Ф.Мориак (“Илонлар комида”), Ле Клезио (“Мондо”), Модиано (“Тўй саёҳати”), А.Моруа (ҳикоялар) асарлари ўзбек тилига таржима қилиниб, китобхонларга ҳавола этилди.
Ўз навбатида, Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз”, Ғафур Ғуломнинг “Шум бола”, Эркин Аъзамнинг “Шовқин” асарлари француз тилига ўгирилди ва фарангий забон ўқувчиларга тақдим қилинди.
Бошқа хорижий тиллар қатори француз тили ҳам аҳоли, айниқса, ёшлар томонидан қизиқиш билан ўрганилаётир. Ҳозирги кунда мамлакатимиздаги ўрта, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларида 200 дан ортиқ педагог француз тилидан дарс бермоқда.
2016 йилдан Тошкентда ноҳукумат таълим муассасаси – “Тошкент Француз Альянси” фаолият юрита бошлади. Ўтган қисқа вақт мобайнида ушбу муассаса қошидаги курсларни 2 мингдан ортиқ юртдошимиз тамомлади ва халқаро дипломга эга бўлди. Мамлакатда туризм истиқболлари кенгайиши билан “Тошкент Француз Альянси” фаолияти ҳам кенгая бошлади. Альянс таржимон-гидлар малакасини ошириш йўналишида ҳам фаолият олиб бормоқда.
Маданий-маърифий ҳамкорлик ҳақида гапирар эканмиз, театр, кино, илмий соҳаларга ҳам тўхталмай илож йўқ. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилаётган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ислом цивилизацияси маркази Франциядаги Шарқ мамлакатлари адабиёти ва тиллари миллий мактаби, Миллий кутубхона, Лувр, Илмий тадқиқотлар миллий маркази каби обрўли муассасалар билан эришилган келишувларга мувофиқ улар билан ҳамкорлик қилмоқда. Айни пайтда Франциядаги ушбу муассасаларга амалиётчи ва тадқиқотларни юборишга тайёргарлик кўрилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси ва жаҳон тамаддуни ривожида тутган ўрни нечоғли юксак бўлса, Франциянинг ҳам Европа ва дунё маданияти равнақидаги аҳамияти шунчалар беқиёс. Буюк аждодларимиз яратган илмий асарлар Ўрта асрлардан бошлаб франциялик олимлар томонидан ўрганила бошланган. Фарғоний, Бухорий, Ибн Сино ва Беруний яратган асарлар айнан француз таржимонлари томонидан лотин тилига таржима қилингани уларнинг катта қисмини йўқ бўлиб кетишининг олдини олган. Ушбу маърифат ва илм жавоҳирлари бугунги кунда ҳам дунё кутубхоналарида сақланиб келмоқда.
Ҳар икки мамлакат раҳбарларининг сиёсий иродаси билан ўзбек ва француз халқлари орасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари йўналишида янги уфқлар очилиши, маданият ва маърифат соҳасидаги ҳамкорлик ушбу жараёнда муҳим ўрин тутиши шубҳасиз.
Шоазим Миноваров,
Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси
маркази директори
ЎзА