Ўзбекистонлик курсантлар халқаро олимпиадада муносиб иштирок этди

Арманистон пойтахти Ереванда МДҲга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари кенгаши ҳузуридаги Ҳарбий таълим масалалари бўйича мувофиқлаштириш қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, йиғилиш давомида МДҲга аъзо мамлакатлар олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари ўртасида ўтказилган IV халқаро олимпиадада эришилган натижалар, юқори ўринларни банд этган жамоалар тажрибалари ва келгусидаги вазифалар муҳокама қилинган.
Эслатиб ўтамиз, ҳарбий таълим соҳасидаги халқаро ҳарбий ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари 2018 йилда илк бор курсантлар ўртасидаги халқаро олимпиаданинг 5 та фан йўналиши бўйича финал босқичида иштирок этиб, учта учинчи ва битта иккинчи ўринларни қўлга киритди.
20b82929-e9ac-46b7-8a55-28ded2b73db3.jpg
Курсантлар ўртасида халқаро олимпиадани ўтказишдан мақсад – МДҲ давлатларининг армиялари ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларини янада мустаҳкамлашдан иборат.
– Ўзбекистон вакиллари мазкур халқаро олимпиадада биринчи бор иштирок этган бўлишига қарамай, юқори ўринларни қўлга киритди. Биз бундан мамнунмиз. Бу мамлакатингизда таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар самарасидир, – деди Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги кадрлар бош бошқармаси бошлиғи, генерал-полковник Виктор Горемикин.
Ереванда ўтказилган ушбу йиғилишда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги номидан ҳарбий кадрларни тайёрлаш бошқармаси бошлиғи, полковник Шермуҳаммад Саидаҳмадов иштирок этди. У Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти (ҳозирда Қуролли Кучлар академияси)нинг 100 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали тадбир ҳақида йиғилганларга ҳисобот материалини ўқиб эшиттирди. Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртининг юбилей санасига бағишлаб яратилган видеоролик йиғилиш иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди.
Қўмита ишида кейинги йилда МДҲга аъзо мамлакатларнинг курсантлари ўртасидаги навбатдаги олимпиадалар режаси имзоланди.
Ўзбекистон курсантлари 2019 йилги олимпиадада чет тили, математика, информатика ва ҳарбий-профессионал тайёргарлик бўйича иштирок этиши режалаштирилмоқда. Ушбу нуфузли танловларга тайёргарлик бошланган.
Олий ўқув юртлари курсантлари ўртасидаги халқаро олимпиада МДҲга аъзо мамлакатларнинг Мудофаа вазирлари кенгашининг 2016 йил 30 ноябрьдаги низомига мувофиқ ўтказиб келинади.

 

З.Жонибеков, ЎзА