“Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК “Сargolux Airlines International S.A.” компанияси билан музокаралар ўтказди

“Марказий Осиё халқаро транспорт йўлаклари тизимида: стратегик истиқболлар ва фойдаланилмаган имкониятлар” мавзуcидаги халқаро конференция арафасида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК дирекциясида миллий авиакомпания бош директори Бахтиёр Ҳакимов “Сargolux Airlines International S.A.” авиакомпаниясининг Грузия ва МДҲ давлатлари бўйича минтақавий директори Вугар Насибов ҳамда Люксембург фуқаро авиацияси директорати бошқармаси бўлим бошлиғи Чарлз Клеин билан музокаралар ўтказди.
Учрашувда томонлар авиа юк ташувлари соҳасида ҳамкорлик қилиш ва “Навоий” халқаро интермодал логистика маркази орқали тижорий қатновларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилди.
– Бизнинг авиакомпания бутун дунё бўйлаб юк ташувларини бажаради ва бу борада Марказий Осиё минтақаси бизни ўзига жалб этади, – деди “Сargolux Airlines International S.A.” авиакомпаниясининг Грузия ва МДҲ давлатлари бўйича минтақавий директори Вугар Насибов. – Биз Ўзбекистон бозорида ўз имкониятларимизни кенгайтириш, шунингдек, “Навоий” халқаро аэропорти негизида ташкил этилган халқаро интермодал логистика маркази орқали юк ташувларини амалга оширишдан манфаатдормиз, боиси мазкур марказ Европа ва Осиё ўртасидаги юк ташувларини бажариш учун жуда қулай ҳудудда жойлашган.
Йиғилиш давомида хизматлар тарификацияси, чегирмалар бериш ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.
Эслатиб ўтамиз, “Сargolux Airlines International S.A.” Люксембургда жойлашган юк ташувчи авиакомпания бўлиб, у Европанинг дунё бўйлаб мунтазам юк ташувларини амалга оширадиган энг йирик транспорт авиакомпанияларидан биридир.

 

ЎзА