“Талабалар шукронаси...”

Тошкент шаҳар Ёшлар марказида 1-босқич талабаларини “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси ҳаёти билан яқиндан таништириш мақсадида “Талабалар шукронаси” номли байрам тадбири ташкил этилди.

Унда “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси ҳокими Қаҳрамон Шоназаров, Тошкент шаҳар 1-сонли ИИБ бўлими бошлиғи Шавкат Мирзажонов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи шаҳарча кенгаши раиси Ўткир Маҳкамовлар иштирок этиб, юртимизда баркамол авлодни вояга етказиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида самарали ишлар қилинаётганини алоҳида таъкидлашди.

IMG_1449.JPG

Давлат раҳбарининг 2017 йил 6 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони мазкур ишлар ривожида дастуриламал бўлмоқда.

Айтиш жоизки, “Ёшлик” талабалар шаҳарчасида мамлакатимиздаги энг йирик олийгоҳлар, жумладан, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Тошкент тиббиёт академияси ҳамда Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетлари жойлашган. Мазкур олий ўқув юртларида жами 22 минг 8 юз 26 нафар талаба таҳсил олади.

Шунингдек, мазкур муассасаларга ва яна шаҳарча ҳудудидан ташқарида жойлашган Тошкент давлат юридик университети, Тошкент молия университети ҳамда Ўзбекистон давлат консерваториясига қарашли жами 29 талабалар турар-жойлари мавжуд.

Тадбирда йил давомида талабалар шаҳарчасида амалга оширилган лойиҳалар, жамоатчилик хавфсизлиги, жиноятчиликни олдини олиш бўйича қилиниши керак бўлган ишлар ва бу борада талабаларнинг вазифаси қандай бўлиши хусусида маълумотлар берилди.

Мазкур талабалар шаҳарчаси ҳузуридаги тўловларсиз амалга ошириладиган тўгараклар ва шу каби мавзуларда тақдимотлар ўтказилди.

Тадбир сўнгида санъаткорлар ижросида янграган куй-қўшиқлар байрамга янада завқ бағишлади.

 

Гулноза Бобоева, ЎзА