Тошкент навбатдаги халқаро конференцияга тайёргарлик кўрмоқда

Тошкентда жорий йил 20-21 сентябрь кунлари «Марказий Осиё халқаро транспорт йўлаклари тизимида: амалга оширилмаган имкониятлар ва стратегик истиқболлар» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтади. Миллий матбуот марказида ташкил этилган матбуот анжуманида бу тадбирга кўрилаётган тайёргарлик ишлари ҳақида журналистларга маълумот берилди.

Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, тадбирдан кўзланган мақсад халқаро молиявий институтлар, ташкилотлар, транспорт уюшмалари, транспорт-логистика компаниялари вакиллари билан янги транспорт йўлакларини шакллантириш ва такомиллаштириш бўйича мулоқотни ҳар томонлама ривожлантиришдир.

Халқаро конференция шўъбаларга бўлинган ҳолда иш олиб боради. Уларда Марказий Осиё мамлакатлари транспорт ва транзит салоҳиятининг имкониятлари, минтақада янги йўлаклар, божхона омборлари тармоғини яратиш, соҳа мутахассисларини тайёрлаш, халқаро юк ташиш учун замонавий шарт-шароитлар ва божхона-чегара тартибларини ишлаб чиқиш, тармоққа ахборот технологиялари, маркетинг ва рақамли транспорт хизматларини жорий қилиш, темир йўл тарифларини тартибга солиш каби масалалар муҳокама қилинади.

Конференцияда яна бир муҳим масала – Ўзбекистондаги экспортчи корхоналар учун минтақа темир йўл транспорти инфратузилмасидан қулай фойдаланиш имкониятлари кўриб чиқилади.

Жаҳон ва Марказий Осиёда ҳаво транспортининг бугунги аҳволи ва истиқболи, халқаро авиаташувларни ривожлантириш, минтақамиз мамлакатларига хорижий авиакомпанияларни жалб қилиш, терминаллар ва логистика, почта жўнатмалари марказларини ташкил қилиш каби масалаларга эътибор қаратилади.

Конференция якунида меморандумлар ва бошқа ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Айни пайтда конференцияга 50 дан ортиқ мамлакатдан 340 нафар хорижий меҳмон иштирокини тасдиқлаган.

 

Даврон Суннатов, ЎзА