Музейда “интерфаол стенд“ қурилмаси ўрнатилди

Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейида ишга туширилган “Интерфаол стенд“ сенсорли қурилмаси жаҳон тажрибасида ҳали қўлланилмаган эди.
Ушбу қурилма, айниқса, хорижлик сайёҳлар учун қулайлик туғдиради. Ойнаванд ускуна ичидаги намойишга қўйилган буюмлар ҳақида эндиликда гидларсиз ҳам маълумот олиш имконияти бор. Қурилма хотирасига кўргазмадаги буюм ёки санъат асари ҳақидаги барча маълумотлар: қайси асрга оидлиги, муаллифи, қандай материалдан тайёрланганлиги сингари ахборотлар ўзбек, рус, инглиз тилларида жойлаштирилган. Ушбу ускунанинг яна бир қулайлиги ҳар бир буюмнинг тайёрланиш жараёни акс этган видеотасвирлар ўрнатилганидадир.
– Тажриба тариқасидаги мазкур сенсорли қурилма хотирасига ҳозирча 15 экспонат – заргарлик буюмлари жойлаштирилган, – дейди музей бўлим мудири Салима Зоҳидова. – Россиянинг “Media content“ компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилган ушбу лойиҳани келгусида янада такомиллаштириш ҳамда сенсорлаштирилган экспонатлар сонини кенгайтиришни режалаштирганмиз.

 

Моҳигул Қосимова, ЎзА