Маълумки, шу кунгача юртимизда неврологик касалликларни эрта аниқлаш, уларни даволаш ва профилактика тадбирларини ташкиллаштириш, бу йўналишда илмий-амалий тадқиқотлар ўтказиш мумкин бўлган ягона марказлашган тизим мавжуд эмас эди. Бу эса неврологик касалликлар кўрсаткичи тобора ўсиб боришига ҳам сабаб бўлаётганди.
Шу боис аҳолига неврологик ёрдам кўрсатиш хизматларини такомиллаштириш ҳамда ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатиш турларини кенгайтириш мақсадида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 30 август куни “Аҳолига неврологик ёрдам кўрсатиш хизматларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқ, Республика ихтисослаштирилган неврология ва инсульт илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил қилинди. Эндиликда марказ неврологик касалликлар профилактикаси, диагностикаси ва даволашнинг ягона вертикал тизимини яратиш, давлат тиббиёт ташкилотларининг неврология бўлимларини ташкилий-услубий бошқариш, экспериментал ва клиник неврология соҳасида замонавий технологиялар ёрдамида комплекс илмий-амалий тадқиқотларни ва неврологик касалликларни ўз вақтида аниқлашга доир изланишлар билан шуғулланади. Шунингдек, ҳужайра ва ген терапиясига доир инновацион ёндашувларни ишлаб чиқиш, скрининг тадқиқотларини татбиқ қилиш ҳамда инсульт, эпилепсия ва бошқа кенг тарқалган неврологик касалликлар қайд этилган беморларни рўйхатга олиш, неврология ва нейрореабилитология соҳасида ишловчи кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, соҳа мутахассислари учун семинар-тренинглар, маҳорат дарсларини ўтказиш ва бунда хорижий мутахассислар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган ҳолда фаолият юритади.
Куни кеча янги ташкил этилган мазкур тиббиёт марказига Абдуфаррух Каримов директор этиб тайинланди. Таъкидлаш жоизки, 42 ёшли тиббиёт фанлари номзоди А.Каримов узоқ йиллар давомида Россия ва Америка Қўшма Штатларининг қатор нуфузли даволаш муассасалари ва клиникаларида нейрохирург сифатида фаолият кўрсатиш билан бирга, малака ошириб, илмий изланишлар олиб борган. Рус ва инглиз тилларини мукаммал ўзлаштирган.
Маълумот учун А.Каримов бунга қадар Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг нейрохирургия бўлими бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган эди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ахборот хизмати
ЎзА