Европа Фольклор фестиваллари федерацияси ҳамда ЮНЕСКО томонидан халқаро фольклор фестивали ташкил этилди. Болгария Республикасида бўлиб ўтган «WORLD FOLK – 2018» фольклор бўйича жаҳон чемпионатида 72 давлатдан юзга яқин жамоа иштирок этди.
Ўзбекистоннинг «Мақом» ансамбли ранг-баранг халқ қўшиқлари билан фестиваль иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Сойибжон Ниёзов бошчилигида мазкур ансамбль таркибида бўлган чолғу усталари ва ижрочилари қўйилган шартлар бўйича юксак маҳоратларини намойиш этди. Ансамбль олтита босқич натижалари бўйича юқори натижаларни кўрсатди.
«Мақом» ансамбли фестивалнинг энг юксак – Гран-при мукофотига муносиб топилди.
Биринчи ўринни Россия Федерациясидан ташриф буюрган фольклор гуруҳи эгаллади. Иккинчи ўрин Грузия, учинчи ўрин Буюк Британия фольклор усталарига насиб этди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, мазкур фестиваль 1992 йилдан буён ўтказиб келинади. Унда Европа, Осиё, Америка ва Африка давлатлари фольклор жамоалари иштирок этади. Фестиваль дунёнинг турли маданиятлари билан ҳамоҳанг бўлиш имконини берибгина қолмай, унинг ёрдамида дунё бўйлаб виртуал саёҳатни ҳам амалга ошириш мумкин. Чунки концертлар турли миллатлар ва халқларнинг урф-одатлари ҳақидаги фильмлар билан бойитилган.
«Абадий дўст бўлиб қоламиз» шиори остида ўтказилган фестиваль ўзаро мулоқот майдони бўлиб, иштирокчилар ўзаро фикр-мулоҳаза алмашиш имконига ҳам эга бўлишди. Концерт дастурлари Варна шаҳридаги машҳур Ёзги театрда ва бошқа жойларда ўтказилди. Асосий дастурга қўшимча сифатида шаҳар кўчаларида сайллар, ҳунармандчилик ярмаркалари ташкил этилди. Иштирокчилар Варна шаҳрининг тарихий обидаларини зиёрат қилиш имконига ҳам эга бўлди.