Тошкент-Сиэтл биродарлик алоқалари янги босқичга чиқмоқда

Тошкент шаҳар ҳокимиятида Америка Қўшма Штатларининг Сиэтл шаҳридан келган делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди. Меҳмонларни Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Ортиқхўжаев қабул қилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ташрифдан кўзланган асосий мақсад – Тошкент-Сиэтл биродарлик уюшмасининг 45 йиллигини нишонлаш ҳамда Ўзбекистон-АҚШ ўзаро дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашдан иборатдир. “Тошкент-Сиэтл” йўналишида йўлга қўйилган ҳамкорликни юқори баҳолар экан, Ж.Ортиқхўжаев америкалик шериклар билан мулоқотни мустаҳкамлаб бориш, шунингдек, конструктив руҳдаги ҳамкорликни давом эттириш ниятини изҳор этди.

Учрашув давомида меҳмонларга Тошкентдаги Сиэтл боғи тез орада тўлиқ реконструкция қилиниши ҳамда пойтахтда “Tashkent City”, “Olmazor Business City” каби замонавий ишбилармонлик марказлари янада кўпайтирилиши ҳақида ҳам маълумот берилди.

Ўз навбатида америкалик делегация вакиллари Ўзбекистонда, хусусан, Тошкент шаҳрида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари, турли соҳалардаги ислоҳотларни юқори баҳоладилар.

Делегация вакиллари учрашувдан сўнг Бобур боғи ҳудудида жойлашган “Сиэтл тинчлик боғи”да ҳам бўлди.

Маълумот ўрнида, Тошкент ва Сиэтл шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқалари 1973 йилда ўрнатилган. Унинг доирасида икки шаҳар ўртасида фан ва маданият, таълим ва спорт, шаҳар хўжалигини бошқариш, туризмни ривожлантириш каби соҳаларда алоқалар йўлга қўйилган. Тошкентдаги “Сиэтл Тинчлик боғи” 1988 йилда барпо этилган. Сиэтл шаҳрида ҳам “Тошкент боғи” мавжуд.

 

Умида Қурбонова, ЎзА