Мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига хорижий давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарларидан самимий қутловлар келмоқда. Уларда давлатимиз раҳбарига муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига равнақ ва фаровонлик тилаб, эзгу истаклар изҳор этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Муҳтарам Президент жаноблари!
Хитой Халқ Республикаси ҳукумати ва халқи номидан, шахсан ўз номимдан Сизни ва дўст Ўзбекистон халқини Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан самимий табриклаш ва энг эзгу тилаклар билдиришга ижозат бергайсиз.
Сизнинг раҳбарлигингизда Ўзбекистонда барқарор сиёсий муҳит кузатилмоқда, барча йўналишларда жадал ислоҳотлар амалга оширилмоқда, иқтисодий тараққиёт суръатлари тобора ортмоқда, бунинг натижасида аҳоли фаровонлиги муттасил ошмоқда, давлат қурилиши соҳасида муваффақиятлар қўлга киритилиб, мамлакатнинг жаҳон миқёсидаги нуфузи юксалмоқда. Хитой Ўзбекистоннинг яхши қўшниси, ишончли ҳамкори ва яқин дўсти сифатида буларнинг барчасидан ғоят мамнун бўлмоқда.
Мен Хитой – Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришга катта эътибор қаратиб келмоқдаман, Сиз билан ўртамиздаги самимий ишчан муносабат ва шахсий дўстлигимизни юксак қадрлайман. Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг яқинда Циндао шаҳрида бўлиб ўтган саммити доирасида биз самарали учрашув ўтказдик, қатор муҳим келишувларга эришдик, уларнинг барчаси Хитой ва Ўзбекистон муносабатлари ривожига янги ҳаракатлантирувчи куч бағишлади. Хитой – Ўзбекистон ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини мамлакатларимиз ва халқларимиз равнақи ва фаровонлиги йўлида ривожлантиришда янги натижаларга эришиш учун саъй-ҳаракатларимизни Сиз билан биргаликда сафарбар этишга тайёрман.
Дўст Ўзбекистонга тараққиёт ва куч-қудрат, халқингизга бахт-саодат ва фаровонлик тилайман.
Ҳурмат билан,
Си ЦЗИНЬПИН,
Хитой Халқ Республикаси Раиси
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Муҳтарам Президент жаноблари!
Сизни ва Ўзбекистон халқини катта мамнуният ила Мустақиллик куни билан табриклайман. Америка Қўшма Штатлари мамлакатингиз мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигининг қатъий тарафдори бўлиб қолади ва биз Ўзбекистон мустақиллигининг 27 йиллигини эркин ва жадал ривожланаётган давлат сифатида нишонлаётганингиздан хурсандмиз.
Ўтган 27 йил мобайнида бизнинг муносабатларимиз изчил ривожланди ва шу йил май ойида Сизнинг Оқ уйга тарихий ташрифингиз унинг энг юксак босқичи бўлди. Мен Сиз билан учрашганимдан, минтақадаги умумий таҳдидларни ҳал қилиш учун стратегик шериклигимизга янги суръат бахш этиш имкониятидан мамнун бўлдим. Шунингдек, Сизни сиёсат, иқтисодиёт ва инсон ҳуқуқлари соҳаларида амалга ошираётган, Ўзбекистон халқининг равнақи ва фаровонлиги ҳамда тинч тараққиёт орқали гуллаб-яшнаши учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қиладиган кенг кўламли ислоҳотларингиз билан қутлайман.
Биз 1 сентябрь куни шерикликда ўтган йилларимизга миннатдорлик билан назар ташлаймиз ҳамда истиқболда юзага келажак янги имкониятларни орзиқиб кутамиз. Америка халқи номидан Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистоннинг барқарор тараққиёти ва демократик юксалиши йўлидаги ишларимизни биргаликда давом эттирамиз, деб самимий ишонч билдиришга ижозат бергайсиз.
Эҳтиром билан,
Дональд Ж.ТРАМП,
Америка Қўшма Штатлари Президенти
Қутловлар келиши давом этмоқда.