Саодат ва ифтихор рамзи

Ҳеч бир нарса мамлакат довруғини дунёга спортчалик тез танита олмайди. Юртимизда ёшлар учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Бугунги кунда бу имкониятдан унумли фойдаланаётган ёшлар чин маънода юрт ифтихорига айланишмоқда.
1998 йил 28 августда таъсис этилган “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони ана шундай спортчи юртдошларимиз самарали меҳнатининг амалдаги эътирофига айланмоқда.
“Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони қитъа ва жаҳон чемпионатлари, Олимпия ўйинлари ҳамда бошқа нуфузли спорт анжуманларида зафар қозонган, ўз ютуқлари билан Ватанимиз шону шуҳратини янада юксалтиришга муносиб ҳисса қўшганларга берилади.
Кўкрак нишони 1 микрон қалинликда тилла қопланган 925 пробали кумушдан тайёрланиб, диаметри 36 миллиметрли доира шаклида бўлади. Нишоннинг ҳошияланган текис юз томонида кумушранг югуриш йўлкалари билан ўралган стадион тасвирига туташ Олимпия ўйинлари рамзи – беш ҳалқа, шунингдек, давлатимиз гербини тутиб турган икки қўл ифодаланган.
Мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузини оширишга қўшган салмоқли ҳиссаси, профессионал маҳорати ва ёрқин истеъдоди билан спорт соҳасида юқори натижаларга эришган бир қанча спортчиларимиз “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони билан тақдирланган.
– “Ўзбекистон ифтихори” кўкрак нишонига муносиб кўришганида, очиғини айтсам, жудаям қувонганман. Бундай эътирофдан кучимга-куч қўшилган, – дейди “Ўзбекистон ифтихори” кўкрак нишони соҳиби, маҳоратли боксчи, XXXI ёзги Олимпия ўйинларининг олтин медали соҳиби Шаҳобиддин Зоиров. – Келгусида ҳам бундай юксак ишончни оқлашга ҳаракат қиламан, албатта.
Она Ватанга муносиб фарзанд бўлиб, мамлакат ифтихорига айланиш ҳар бир инсон, айниқса, спортчи учун бемисл шараф, олий саодатдир.

 

И.Аҳатова, ЎзА