
Тошкентда Ҳиндистон Республикаси мустақиллигининг 76 йиллиги муносабати билан тантанали байрам уюштирилди.
Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган дипломатик корпус вакиллари, элчилар, ишбилармон доира вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Ушбу давлат Фавқулодда ва мухтор элчиси Смита Пант таъкидлаганидек, бу йил Ҳиндистон мустақил ва демократик республикага айланганига 76 йил тўлди. 1950 йил 26 январда кучга кирган Конституция инклюзив ва демократик мамлакат пойдеворини қўйиб, ўсиш, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт учун мустаҳкам асос бўлди.

Элчи Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги илдизи чуқур, тарихий цивилизация муносабатлари мамлакатларимиз ва халқларимиз дўстлиги учун мустаҳкам замин яратаётгани, кўп қиррали алоқалар жадал ривожланаётганига урғу берди.
– Ўзбекистонда 7 ойдан буён фаолият олиб боряпман, – дейди Смита Пант хоним. – Айтишим жоиз, бу ютрга мослашиш ўзбек халқининг меҳмондўстлиги, самимийлиги ва меҳрибонлиги туфайли осон кечди.
Энг муҳими, ўзаро ҳамкорлигимиз турли йўналишларда изчил ривожланяпти. Савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, мудофаа ва туризм йўналишларини қамраб олган стратегик шериклик икки давлат, икки халқ ўртасидаги қадимий алоқаларни янада мустаҳкамламоқда. 2024 йил давомида ўзаро савдо ҳажми ошиб, қўшма ташаббуслар кўпайиши, маданий ҳамкорлик янги босқичга чиққани ҳамжиҳатликнинг юқори даражасидан далолат.

Қайд этилганидек, элчихона бизнес делегациялар алмашинувини фаол қўллаб-қувватламоқда. Хусусан, ўтган йил республикамиз вакиллари Ҳинд диёрида тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, пўлат, электроника, ҳунармандлик каби турли соҳалар бўйича ўтказилган кўргазмаларда иштирок этди. Ҳиндистонликлар ҳам Тошкентда туризм, нефть ва газ, энергетика, тўқимачилик, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, тиббий асбоб-ускуна, оммавий ахборот воситалари ҳамда кончилик йўналишларидаги кўплаб анжуманларда қатнашди. Бундай саъй-ҳаракатлар томонлар барча ишларни якдилликда ташкил қилаётгани натижасидир.
– Ҳиндистонда 10 йил яшаганман, – дейди Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессори Нажмиддин Низомиддинов. – Таржимонлик билан боғлиқ асосий фаолиятимдан ташқари илм билан ҳам шуғулланиб, ўзбек ва ҳинд эллари тарихига дахлдор қимматли манбалар ҳам йиғдим. Ўша маълумотлар асосида филология ва диншунослик тарихи фанлари бўйича иккита алоҳида докторлик ишини ёқладим. Таниқли ҳинд актёри Раж Капур ва унинг сулоласи вакилларига таржимонлик қилганим ҳам ҳаётимдаги энг унутилмас дамлар сифатида ёдимда қолган. Умуман, бу икки халқнинг муштарак жиҳатлари бисёр. Айни фазилатлар дунёқараш, урф-одат, муомала маданияти, гўзалликка интилиш сингари энг муҳим инсоний хислатларда ёрқин намоён бўлади.
Байрам дастуридан ўрин олган ўзбек ва ҳинд тилларидаги куй-қўшиқлар, одатдагидек, иштирокчиларга янада кўтаринки кайфият бағишлади.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА