Жанубий Корея билан спорт соҳасида ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 13 февраль куни олимпия ва паралимпия ҳаракатини ривожлантириш, оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида буюк мақсадларга ҳар жиҳатдан соғлом ва бақувват бўлган халқ эриша олиши, бунда жисмоний тарбия ва спортнинг аҳамияти беқиёслиги таъкидланган эди.
Дарҳақиқат, дунёга юзланаётган Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини оширишда спортнинг ўрни беқиёс.

Белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлашда ички имкониятлардан кенг фойдаланиш билан бирга, хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш, пировардида мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт инфратузилмасини яхшилаш муҳим омил саналади.
Айни кунларда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг бир гуруҳ олимлари, мураббийлари ва профессорларидан иборат делегация Жанубий Кореяда хизмат сафарида бўлиб турибди.

Ташриф доирасидаги учрашувларда Кореянинг нуфузли спорт ташкилотлари ва спорт таълими муассасалари билан талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, қўшма дастурларни йўлга қўйиш, миллий терма жамоаларнинг халқаро ўқув-машғулотларини ташкил этиш, тадқиқот ва инновациялар соҳасида ҳамкорлик қилиш, инвестициялар ва грантларни Ўзбекистонга жалб этиш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.


–Жанубий Кореянинг бир қатор университетлари ректорлари, спорт уюшмаси раҳбарияти ва кўплаб ишбилармонлар билан мулоқотлар чоғида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Дўстона ўтган учрашувларда Жанубий Кореяда турли спорт жиҳозларини ишлаб чиқараётган завод ва фабрикалар билан амалий ҳамкорлик масалалари таҳлил этилиб, келишувларга эришилди, – дейди Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори Рашид Маткаримов.
Т.Рўзиев,
ЎзА